Ҳоким ёрдамчиларининг аввалги иш жойидаги маошларини сақлаб қолиш масаласи 2022 йил учун давлат бюджетида кўзда тутилган.
Сенат ялпи мажлисида Танзила Норбоева молия вазири Тимур Ишметовдан ҳоким ёрдамчиларининг аввалги юқори маошларини сақлаб қолиш масаласи ҳақида сўради.
Молия вазири бу нарса давлат бюджетида назарда тутилганини тасдиқлаб, агарда ҳоким ёрдамчиси аввал давлат бюджетидан ойлик олиб келган бўлса ва аввалги маоши янги лавозиминикидан паст бўлса, эски иш жойидаги маоши сақланиб, янгисидан маош олмаслигини билдирди.
Маълумот учун, ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори билан ҳоким ёрдамчиларининг маоши миқдори белгиланган. Унга кўра, маҳалладаги хонадонлар сонига қараб 4 млн 932 минг сўмдан 5 млн 754 минг сўмгача бўлган маошлар тўланади.
Шунингдек, қарорда ҳоким ёрдамчиларига тўланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори номзоднинг аввалги иш жойидагидан кам бўлган тақдирда етишмаган қисми Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қоплаб борилиши назарда тутилган.
Аввалроқ, Kun.uz’да ҳоким ёрдамчилари лавозимига молия-иқтисодиёт секторида иш тажрибасига эга бўлган касб эгалари мажбуран ўтказилаётгани, улар олиб келган юқори маоши камайиб кетишидан хавотирдалиги ёритилганди.
Эслатиб ўтамиз, Сенатнинг 22-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонуни маъқулланди.