“Микрокредитбанк” АТБ Учқудуқ банк хизматлари маркази биноси реконструкциядан сўнг иш фаолиятини бошлади!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3620 сонли қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида “Микрокредитбанк” АТБ томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада банк, мижозларга кўсатилаётган хизматлар сифати ҳамда сонини, шунингдек қулайлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Хусусан, “Микрокредитбанк” акциядорлик – тижорат банки Навоий вилоят минтақавий филиалига қарашли Учқудуқ банк хизматлари маркази биноси янгидан реконструкция қилиниб, ўз фаолиятини бошлади. Таъкидлаб ўтиш жоизки, мижозларга қулай ҳамда самарали хизмат кўрсатишда реконструкция қилинган ҳамда инновация жиҳозлар билан таъминланган бинонинг аҳамияти катта. Мазкур банк хизматлар маркази биноси халқаро стандартлар асосида таъмирланиб, илғор коммуникация воситалари ҳамда замонавий мебеллар билан жиҳозланди.
Банк хизматлари маркази банк тизимида олиб борилаётган трансформация жараёнида 2019 йилда филиал негизида қайта ташкил этилган. Марказда 9 нафар малакали менежерлар ва 3 нафар агент томонидан юридик ва жисмоний шахсларга барча турдаги банк ва консалтинг хизматлари кўрсатилмоқда.
Жумладан, марказда жисмоний шахслар учун қулай шартларда микроқарз, овердрафт, истеъмол, имтиёзли ва бошқа турдаги кредитларни расмийлаштириш имконияти мавжуд. Пластик карталари қисқа муддатда расмийлаштириб берилади.
Бундан ташқари, мижозларга мутахассислар маслаҳатини олиш, ҳисоб рақам очиш ва кредитлар олиш учун ариза бериш, онлайн омонатни расмийлаштириш, барча турдаги тўловлар, валюта айирбошлаш ҳамда халқаро пул ўтказмаларини амалга ошириш имконияти мавжуд.
Хусусан марказ томонидан 1 000 дан зиёд юридик ташкилот ва якка тартибдаги тадбиркорларга хизмат кўрсатиб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида 5 800 донадан зиёд Uzcard ва Humo карталари эмиссия қилинган. Марказда замонавий банкомат ўрнатилган.
“Микрокредитбанк” АТБ Учқудуқ БХМ томонидан 2021 йил давомида барча молиялаш манбалари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига 13,5 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилиб, 380 тадан зиёд янги иш ўринлари яратилган.
“Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастури” доирасида 250 нафар фуқаро ва тадбиркорлик субъекталирга 8,4 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Шундан, ёшлар дафтарига киритилган 84 нафарга 1,9 млрд. сўм, “Аёллар дафтарига” киритилган 39 нафар ишсиз хотин-қизларга 843,0 млн. сўм, бундан ташқари “Темир дафтар” киритилган ҳамда ишсиз фуқароларни 128 нафарига 5,5 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Бунинг натижасида туманимиздаги ишсиз ёшлар ва ишсиз аёллар ажратилган кредитлар натижасида ишлаб чиқариш корхоналари, тикув цехлари ҳамда маиший хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар салмоғи ошишига эришилди.
“Микрокредитбанк” АТБ Учқудуқ БХМ биноси реконструкциядан сўнг фойдаланишга топшириш маросимида туман фаоллари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Очилиш маросимида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Бафоев иштирок этди ва сўзга чиқди.
Райҳон ҚОДИРОВА,
махсус мухбиримиз.
Суратда: “Микрокредитбанк” АТБ Учқудуқ БХМ биноси реконструкциядан сўнг.