LOTIN-КИРИЛЛ

Она тилим, қадринг сарбаланд бўлсин!

      Тил – миллатнинг ўтмиши, бугуни ва эртасини боғлаб турадиган мустаҳкам кўприк. Тил – маданият, маърифат, ахлоқ, тарбия ва шахс камолотининг бош мезони. Бу мезон шикастланса, миллат таназзулга, унинг гўзал ва абадий қадриятлари йўқликка юз тутмоғи муқаррардир.
       Давлат тилига эътибор она Ватанга бўлган ҳурмат намунасидир. Бугун миллат билан бирга яралиб, шонли тарихнинг барча сокин ва суронли даврларини миллат билан ҳамнафас босиб ўтиб, халқнинг халқ, давлатнинг давлат сифатидаги нуфузини белгилаб берувчи муқаддас ўзбек тилининг мақому мартабаси ҳукуматимиз томонидан қаратилаётган эътибор туфайли борган сари эъзоз топиб бормоқда. Хусусан, дунёнинг ривожланган мамлакатлари Америка Қўшма Штатлари, Германия, Буюк Британия, Франция, Россия, Япония каби 20 га яқин давлатнинг 60 дан ортиқ университети ва 100 дан зиёд мактабида буюк Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб тарғиб этган, Навоий бобомиз томонидан буюклиги исботланган - ўзбек тили ўрганилмоқда.
Тўғри, дунёда тиллар кўп, айрим манбаларда жаҳон халқлари 7000 га яқин тилда мулоқот қилишлари таъкидланади, бироқ ҳозиргача улардан 500 тасигина ўрганилган, холос, шунингдек, ҳар уч тилдан биттасининг ёзуви бўлмай, фақат оғзаки нутқ шаклига эга. Дунё тилларидан фақат 40 тасигина оғзаки ва ёзма жиҳатдан мукаммал шаклланган деб ҳисобланиб, шу 40 та тилнинг орасида ўзбек тилининг ҳам борлиги биз, ўзбек халқи учун қувонарлидир.
      Миллий маданиятимиз, маънавиятимизнинг асоси бўлган она тилимизнинг мавқеини ошириш иши ҳар биримизнинг, у раҳбар бўладими ёки ходим, қайси касб соҳиби бўлишидан қатъи назар кундалик иши ва вазифаси бўлмоғи керак. Бу инсоний бурчни ҳар биримиз ўзимиздан бошлаб, оиламиз бағрида, жамоада намуна бўлсак, шу азиз Ватанга бўлган покиза меҳримизни ифода этган бўламиз.
    Давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланди. Таълим тизимида ўзбек тилини ўқитилишининг замонавий дастурларини жорий этиш масаласи – халқимизнинг эртанги умидлари, мақсадлари билан ҳамоҳанг.
     Тил – ғурур, тил – фахр-ифтихор. Тил ва дил бирлиги инсонларни бирлаштиради, халқни халқ қиладиган ҳам шу тил аслида. Тили йўқолган миллат халқ сифатида ҳам йўқолади. Шунинг учун ҳам Абдулла Авлоний ўз вақтида бекорга “Тилнинг йўқолмоғи миллатнинг йўқолмоғидир”, дея бежиз таъкидламаган эди.

      Юртбошимиз томонидан 2019 йил 21 октябрда имзоланган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий Фармони ҳамда 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни”, деб белгиланганлиги барча юртдошларимизни қувонтириб юборди. Бу, албатта, мамлакатимизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар ва янгиланишлар, халқимиз фаровонлигини юксалтириш борасида олиб борилаётган хайрли ишларнинг давомидир.

       Бугун Ўзбекистоннинг янги тарихи яратилмоқда. Жонажон Ўзбекистонимиз миллий юксалиш сари шахдам қадамлар ташлаётганлигининг боиси унинг мустаҳкам сиёсий, иқтисодий ва маънавий пойдевори борлигидир. Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида: “Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир”, деган сўзлари ҳар биримиз учун дастуриламал бўлиши керак. Бунинг учун ҳар биримиз тилимизни асраб-авайлашимиз, унинг ривожи учун фидойи бўлишимиз керак.
Бугунги кунда она тилимиз сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланилиб, жаҳон минбарларида баралла янграмоқда. Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаши эса тилимизнинг жаҳон миқёсидаги нуфузини яна бир бор мустаҳкамлади. Дунёда 50 миллион. атрофидаги кишилар она тилимизда сўзлашаётгани қалбимизга чексиз фахру ифтихор ва ғурур бағишлайди.
    Давлат тилига эътибор она Ватанга бўлган ҳурмат намунасидир. Биз она тилимизни фақат байрамлар арафасидагина эмас, балки ҳар дақиқада улуғлашимиз, унинг софлиги, буюклиги ва барҳаётлиги ҳақида чуқур қайғуришимиз, таъбир жоиз бўлса курашишимиз лозим.
    Она тилига ҳурмат ва унинг бебаҳо сўз хазинасидан ўринли фойдаланиш, тил воситасида равшан ва таъсирчан сўзлаб ёза олиш, нутқий саводхонликка эришиш шу тил вакили бўлган ҳар бир шахснинг бурчидир.
Зеро, муҳтарам Юртбошимиз Ш. Мирзиёев таъкидлаганларидек, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.
Она тилим – жону дилимсан, фахру ифтихоримсан!

Туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар
самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги
қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш
масалалари бўйича маслаҳатчиси Сожида Исломова

O'qilgan: 602 bora O'zgartirish kiritilgan san'a 25 Oct 2021

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: