Вазирлар Маҳкамасининг 21 октябрдаги қарори билан кам таъминланган оилаларни Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда «Normа» хабар берди.
Маълум қилинишича, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ҳамда бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ўрнига кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси жорий этилганди. Оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ҳамда уларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш, тўлаш тўғрисидаги қарорлар Ижтимоий ҳимоя ягона реестри АТда шакллантирилиши ва қабул қилиниши белгиланган.
Қайд этилишича, низом билан оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ва унга тегишли равишда болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этиладиган ҳолатлар бўйича мезонлар белгиланган. Улар жумласига қуйидагилар киритилган:
Ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад миқдори мезондан ошганда;
Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрида ариза берувчи ва унинг оила аъзолари эгалигида жами биттадан ортиқ кўчмас мулки ёки бир ва ундан ортиқ нотурар жой бинолари мавжуд бўлганда;
Ариза берувчи ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ёки бош ишончномада асосан қуйидагилар мавжуд бўлганда:
ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган енгил автотранспорт воситаси;
ишлаб чиқарилган муддати 15 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган юк ташувчи автотранспорт воситаси, автобус, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи транспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси;
жами икки ва ундан ортиқ, техник ҳолати соз бўлган енгил ва юк ташувчи автотранспорт воситалари, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи транспорт воситаларининг тиркамалари ҳамда ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси.
Таъкидланишича, туман (шаҳар)ларнинг маҳаллий бюджети, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўловларини молиялаштириш манбаси ҳисобланади.