LOTIN-КИРИЛЛ

СПОРТ – СОҒЛИК, ЭПЧИЛЛИК, БАРКАМОЛЛИК ГАРОВИ

Бугунги кунда спорт соҳасига  нафақат мамлакатни дунёга танитиш балки халқимизнинг соғлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялашнинг асосий мезони сифатида катта эътибор қаратилмоқда.

                Мақоламизда Учқудуқ туманидаги “ЛОЧИН” спорт-соғломлаштириш мажмуаси фаолияти ҳамда жисмоний тарбия инсоннинг нафақат жисмоний, балки ақлий, руҳий, аҳлоқий ва ватанпарварлик туйғаларини тарбиялашдаги ўрни хусусида сўз юритамиз. Чунки, учқудуқликлар спортни ниҳоятда қадрлашади.

                               ТАРИХГА НАЗАР

                Гандбол спорт туридан икки карра жаҳон чемпиони, 1988 йилда ўтказилган олимпиада ўйинлари иштирокчиси “Хизмат кўрсатган спорт устаси” Михаил Васильев, бадиий гимнастика спортидан 4 карра жаҳон чемпиони “Хизмат кўрсатган спорт устаси” Венера Зарипова, пауэрлифтинг спортидан жаҳон ва Осиё чемпиони “Хизмат кўрсатган спорт устаси Надежда Малюгина каби  спортчиларни нафақат Ўзбекистон балки бутун дунё танийди, десак тўғри бўлади.

                Бу каби моҳир  спортчилар республикамизнинг энг чекка ҳудуди – Учқудуқда етишиб чиққани ҳар биримизга чексиз фахр-ифтихор бағишлайди, албатта!

                               БУГУНГИ “ЛОЧИН”!

                Спорт мажмуасида яратилган шарт-шароитлар марказдаги бошқа спорт мажмуалари билан бемалол рақобатлаша олади. Шундан бўлса керак, бу ерда тарбияланаётган ёш спортчилар салмоқли ютуқларни қўлга киритишмоқда.

                Жумладан, Андрей Хлупин сузиш бўйича Европа чеипиони, Самат Медешев дзюдо спортининг А категорияси бўйича Европа чемпиони, Ҳусниддин Бўриев пауэрлифтинг бўйича жаҳон чемпионати қатнашчиси.

                Ҳозирда бу ерда олиб борилаётган 15 та спорт  секциясида мунтазам равишда 1400 нафар ишчи-ходим, шундан 940 нафари болалар ва ўсмирлар иштирок этади. Ўсмирлар жамоалари ўртасида спортнинг футбол туридан республика очиқ турнири мусобақаларида мураббий Бобомурод Қамбаров раҳбарлигидаги жамоа бир неча бор фахрли ўринларга сазовор бўлди.

                Ирина Анещенко мураббийлигида Илья Исаев, Ғалия Абубакирова, Даниил Шульц, Нигора Тошматова, Ольга Пашкова, Сергей Железняк, Олег Самойленко каби сузувчилар нуфузли мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни эгаллашган.

                Бугунги кунда “Лочин” спорт-соғломлаштириш мажмуаси раҳбари Гульнара МАСАГУТДИНОВА самарали фаолият олиб бормоқда.

               

                “Лочин” спорт-соғломлаштириш мажмуасида 2 та бассейн, дзюдо, фитнес клуб, енгил атлетика ва бадиий гимнастика заллари, волейбол, баскетбол ҳамда сунъий қопламали мини футбол майдонларида  барча шарт-шароитлар яратилган.

                Бу ердаги бирор бир спорт майдони йўқки, бўш турса. Доимо спортнинг  у ёки бу тури билан мунтазам шуғулланувчилар билан гавжум бўлади.

                Бундан ташқари, Шимолий кон бошқармаси корхона ва ташкилотлари ишчи-ходимлари ўртасида турли спорт беллашувлари ҳам тез-тез ўтказилиб турилади.

                               3 НАФАР ЗУЛФИЯЧИ ТАРБИЯЛАНГАН

                Одатда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган қизларни кўпчилик маданият, санъат, адабиёт соҳалари вакили, деб тасаввур қилади.

                Лекин бу қизлар мазкур юксак мукофотга спорт йўналишида аниқроғи дзюдо бўйича ўзларининг мафтункор чиқишлари билан юртимиз ва халқаро мусобақаларда эришган муваффақиятлари туфайли муяссар бўлган.

Уларнинг қўлга киритган ютуқлари нафақат  қизларда, балки йигитларда ҳам ҳавас, ҳам ҳайрат уйғотади.

                Улар билан танишинг:  Ирода ЖУМАНОВА,  Маҳлиё МАННОВА, Дилноза КАМОЛОВА!

                Зулфия номидаги давлат муокофотига сазовор бўлган бу қизлар ёш бўлишларига қарамай спортда анчагина ютуқларни қўлга киритишди. Уларнинг барчасини бир мураббий – дзюдо спорт секцияси раҳбари Алишер ШОДМОНОВ тарбиялаган.

                Албатта, бугун Ирода, Маҳлиё, Дилнозанинг  ўзлари ҳам мураббий! Ёшларни айниқса ёш қизларни нафосат ва чапдастликка уйғун тарбиялашаётгани таҳсинга лойиқ!

                Дарвоқе, Зулфияхоним ўзларига Ўзбекистон Қаҳрамони унвонини тантанали топширишга бағишланган маросим минбаридан туриб шундай деганлар: “Мен ўзим кўтарилган ҳар бир зинада устозлар назари барҳаётлигини ҳис этаман. Бугунги ёшларга ҳам шу туйғу ҳамроҳ бўлишини истайман!”.

                Халқ суйган шоиранинг издоши бўлишдек  бахтга муяссар бўлган Учқудуқ қизларининг совриндорлик масъулияти, “Шуҳрат” медали соҳиби,  мураббий Алишер Шодмонов ўгит ва маслаҳатлари бугун катта – катта ютуқларга, нурли манзилларга эш бўлмоқда.

                               СПОРТ УСТАСИ УНВОНИГА САЗОВОР БЎЛИШДИ

                Спортчи спорт билан шуғулланишни бошлаши биланоқ, ғалаба нашидаси ва мағлубият азобини татиб кўришни бошлайди. Спортнинг машаққатларига чидаб, кейинги босқичга қолган ёшлар маҳоратларини ошириб, янги  натижа ва ютуқларни қайд этиб боришади.

                Буни спорт мажмуасида фаолият юритаётган самбо ва дзюдо тўгарагида шуғулланаётган ёшлар мисолида айтадиган бўлсак, жорий йилнинг ўзида халқаро мусобақаларда 1 та олтин, мамлакат чемпионатида 3 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалларини қўлга киритишган.

                Эътиборлиси Моҳинур Абдурашидова, Маржона Турсунова, Сардор Тошимов, Шохназар Исомов, Гулина Облоқулова, Робия Абдуллаева сингари ёш спортчилар Ўзбекистон терма жамоаси аъзолигига қабул қилинди.

Гулина Облоқулова ва Маржона Турсуновалар эса Ўзбекистон спорт устаси унвонига сазовор бўлди.

                               3 ТА ОЛТИН МЕДАЛГА ЭГАЛИК ҚИЛИШДИ

                Куни – кеча  дзюдо спортидан 2007-2008 йилда туғилган ўғил ва қиз болалар ўртасида “Ургенч шаҳар ҳоким кубоги” бўлиб ўтди.

                Республикамизнинг барча вилоятларидан 300 нафардан  ортиқ  дзюдочилар иштирок этган мусобақаларда учқудуқлик қизлар муваффақиятли иштирок этиб қайтишди.

                Ёш спортчилар қуйидаги кўрсаткичларни қайд этишди:

30 кг вазнда Рухшона Ғайбуллаева  олтин медал, 48 кг вазнда Робия Абдуллаева кумуш медал, 52 кг вазнда Гуласал Облоқулова  олтин медал, 63 кг вазнда Асал Шавкатова  олтин медалга сазовор бўлдилар.

                               ЖАҲОН  ЧЕМПИОНАТИГА  ЙЎЛЛАНМА

 

                -Самбочиларимизни йил охирига қадар йирик мусобақалар кутиб турибди, - дейди биз билан суҳбатда  “Лочин” спорт мажмуаси мураббийи Алишер Шодмонов. – Ҳозирда  ёш спортчиларимиз  Чирчиқ шаҳрида ўқув-машғулот йиғинларини олиб боришмоқда.  Насиб этса, 15-18 октябрь кунлари Грециянинг Салоники шаҳрида ўтказиладиган жаҳон биринчилигида муносиб иштирок этамиз. Терма жамоамиз тўлиқ таркибда баҳсларда қатнашади.

                Спортчи ёшларимизга  жаҳон биринчилиги каби нуфузли мусобақаларда омадлар тилаймиз.

                               ХУЛОСА ЎРНИДА

 

                Шимолий кон бошқармаси томонидан “Лочин” спорт-соғломлаштириш мажмуасида аҳолини айниқса ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратилмоқда.

                Бу ерда ўтказилаётган турли мусобақалар орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишонини мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, шунингдек ёшлар орасида иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

                              

                Гульнара МАСАГУТДИНОВА,

                “Лочин” спорт-соғломлаштириш мажмуаси раҳбари.

        

O'qilgan: 571 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: