Бугун ҳар куни такрорлаётганимиз соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишда спортнинг айниқса, жисмоний тарбиянинг қанчалик аҳамиятга эгалигини ҳар бир инсон яхши билади. Шунинг учун қай ёшда бўлмасин спорт билан шуғулланишга одатланаётганлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.
Учқудуқдаги мавжуд спорт залларида машқ қилиш имконияти бўлсада, пандемия сабаб бир қанча чекловлар мавжуд. Соғлигини ўйлаган одам эса жисмоний чиниқишни канда қилмаслиги зарур. Бу пайтда кўчада жисмоний машқлар бажариб, ўз таналарини чиниқтириши лозим бўлади.
Президентимиз томонидан «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон қабул қилиниши бу масалага давлат даражасида эътибор қаратилаётганидан далолат.
Мазкур ҳужжатда аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда – юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, «Street Workout» (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари этиб белгиланди.
Учқудуқдаги 6 та маҳаллада ана шундай «Street Workout» спорт майдончалари ташкил этилмоқда. Уларнинг спорт анжомларини эса НКМК мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами совғаси сифатида учқудуқликларга бепул топширди.
Майдончаларни бунёд этиш ва уларни ўрнатиш ишларида эса Шимолий кон бошқармаси ёшлари кўмаклашмоқда.
Ўзбек тилида “Street workout” сўзи: street – кўча, workout – машқ қилиш маъносини билдиради. Кўриниб турибдики, бу кўчада машқ қилиш демакдир.
-Учқудуқ туманидаги “Дўстлик” МФЙ ҳудудида 91та кўп қаватли ва 112 та 1 қаватли уйлар мавжуд бўлиб, “Учқудуқ Омадли Коммуналчи” УЖИШ томонидан аҳолига коммунал хизматлар кўрсатилиб келмоқда. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида жорий йилда ушбу ҳудудга 2 та замонавий болалар майдончаси қуриб топширилди. Маҳаллада жойлашган “Нуронийлар маскани” ёнида workout майдончаси ишга туширилиши эса ёшлар ва қариялар учун муҳим майдонча бўлди дейди - ширкат раиси Гулноз Муҳаммедова. – НКМКнинг ҳомийлигида келтирилган спорт анжомлари спортсевар аҳолимизнинг кўнглидаги иш бўлди.
Ярми хиёбонга туташган бу майдончада улар машқларни хоҳлаган пайтда, хоҳлаган соатида бажариши мумкин. Турли ғайриодатий машқларни ўйлаб топиш имконияти бор. Шуниси билан кўча спорти ҳаммобоп ҳамда қизиқарли.