Бугун Шимолий кон бошқармасида меҳнат қилаётган ҳар бир касб эгасига ички меҳнат тартиб-қоидалари талаби бўйича бир қатор шароитлар, имтиёзлар яратиб берилган.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Шимолий кон бошқармсаи ишчи - ходимларига қулай шарт–шароит яратиш мақсадида ишчилар учун хизмат кўрсатадиган маиший бино тўлиқ таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Корхона тасарруфида бўлган “Шарқий” кони, Автомобиль транспорт бошқармаси, Темир йўл цехида хизмат қилаётган бир ярим мингдан зиёд ишчи - ходимларга хизмат кўрсатадиган бу бино қарийб 4 млрд сўмлик маблағ эвазига қайтадан чирой очди.
Алоҳида санузелари барпо этилган ювиниш хоналари, шахсий ва бошқа кийимларни сақлаш учун қулфланадиган шкафлар, самарали иш кунидан сўнг душ қабул қилиш учун душхоналар ташкил этилди. Барчаси санитар-гигиеник воситалар билан таъминланган.
Ободонлаштириш ҳудуди ва автомобиллар қатнов йўлига 3800 м2 асфальт ётқизиш ишлари амалга оширилди.
Мазкур бинони фойдаланишга топшириш маросимида НКМК бош директори Қ. Санақулов, туман сектор раҳбарлари ҳамда ишчи–ходимлар, меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Иштирокчилар бутунлай қайта янгиланган бинода яратилган шароитлар билан танишди.
Мустақилликнинг 30 йиллик тантанаси муносабати билан ана шу ерда хизмат қилувчи касбий маҳорати юксак, узоқ йиллардан буён намунали хизмат кўрсатиб, ҳамкасб жамоадошларига чинаккам ўрнак бўлаётган бир гуруҳ фидойи ишчи-хизматчиларга қимматбаҳо совғалар берилди.