Ассалому алайкум азиз ўқувчи-ёшлар!
Қадрли устозлар!
Сиз азизларни сизлар тимсолингизда бутун туманимиз таълим муассасалари ўқувчи-ёшларини ва педагог-ходимларини янги 2021-2022 ўқув йили билан самимий муборакбод этаман!.
Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги кенг нишонланишига ҳамоҳанг бошланган мазкур янги ўқув йили шуниси билан аҳамиятлики, бугунги кунда мактаб таълимини тубдан такомиллаштириш, ўқитиш сифатини буткул янгича асосда йўлга қўйиш, педагоглар меҳнатини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалаларига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг ёшларга оид сиёсатида иккита энг муҳим йўналиш бор: биринчиси – уларга замонавий билим бериш, иккинчиси – ёшлар бандлигини таъминлаш.
Кейинги йиллардаги ислоҳотлар, ташаббус ва янги тизимлар замирида ана шу мақсад мужассам.
Хусусан, ёшларнинг билим ва иқтидорини ривожлантириш мақсадида янгича шакл ва мазмундаги Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар тизими яратилди. Умуман, барча мактабларга эътибор, ўқитувчиларга рағбат ва ҳурмат ошди.
Натижада ёш авлодда билимга интилиш кучайди!.
Зеро, “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақшдир”, дея бежизга айтилмаган.
Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилда туманимиздаги ўрта таълим мактабларини 446 нафар битирувчи тамомлаган бўлса, шундан 444 нафари олий таълим муассасаларига ўқиш учун ҳужжат топширган. Абитуриентларнинг 226 нафари ёки 53 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган.
Туманимиздаги 11, 14, 8, 15, 4, 10, 20 ҳамда 5 сонли умумий ўрта таълим мактаблари энг яхши натижаларни қайд этди.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда мактаблар тизимини ривожлантириш учун давлатимиз томонидан маблағ, имконият, зарур барча саъй-ҳаракатлар сафарбар этилаётир.
“Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.
Буни биргина Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, жорий йилда ёш авлодга сифатли таълим бериш мақсадида Бузаубай ва Кокаяз овулларидаги 14,15 – сонли мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Нафақат ушбу ўқув муассасаларида балки туманимиздаги барча илм даргоҳлари жорий таъмирдан чиқарилиб, мутлақо янги қиёфа касб этди.
Бу мақсадларга жами 4 млрд.26 млн. сўм маблағ йўналтирилган бўлса, 10 – умумий ўрта таълим мактаби “Замонавий мактаб” давлат дастурига киритилган.
Бугун таълим даргоҳи янгича қиёфага келтирилиб, фасад қисмидан тортиб, ички, коммунал ва иссиқлик тизимларида батамом замонавий таъмирлаш ишлари олиб борилди ҳамда бутунлай янгича жиҳозлар билан таъминланган.
Шунингдек, 360 ўринли қўшимча бино ҳамда фаоллар зали қурилиши давом эттирилмоқда. Бу мақсадларга жами 4 млрд. 955 млн. сўм маблағ йўналтирилган.
Туманимизда сўнгги 5 йил давомида таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари учун жами 25 млрд. 521 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
Бир сўз билан айтганда, ҳудуддаги барча мактабларда ўқувчиларнинг замон талаблари асосида сифатли таълим олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
Жорий 2021-2022 ўқув йилида 916 нафар ўғил-қиз илк бор мактаб остонасига қадам қўйди. Анъанага кўра, уларга янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус совғалари – ўқув-қуроллари топширилди.
Азиз ўқувчилар!
Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!
Сизлар мустақиллик фарзандларисиз. Ота-боболарингиз кўрган тўсиқ ва қийинчиликларни кўрмай, озод Ватанда эркин нафас олиб, вояга етяпсизлар.
Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин!
Негаки, юксак мақсадларни, улкан довонларни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлида сиз – ёшлар ҳал қилувчи куч бўлишингиз керак!
Халқимизнинг ана шундай юксак ишончига доимо муносиб бўлинг!
Сизларни “Билимлар куни” билан яна бир бор самимий табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, ўқишда, шахсий ҳаётда катта ютуқ ва омадлар тилайман.
Сизларнинг ютуқ ва ғалабаларингизга ишонаман, азиз ўқувчи-ёшлар!
Эътиборингиз учун рахмат!