Маълумки кейинги пайтда аҳоли орасида коронавирус инфекцияси билан касалланиш кўпайиб бормоқда. Ана шундай бир вазиятда Республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий этилган тартиб ва чекловларга қўшимчалар киритилди. Унга кўра, 28 июндан бошлаб республика бўйлаб кўнгилочар объектлар — ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари — кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига соат 8:00 дан 20:00 гача рухсат берилади. Бу талаб бизнинг Учқудуқ туманида ҳам амал қилиши туман махсус комиссияси томонидан тасдиқланиб, ҳар бир тадбиркор огоҳлантирилди. Бундан кўзланган асосий мақсад аҳоли орасида вируснинг кенг тарқалишини олдини олиш.
Туман ҳудудида масъул ташкилотлар ҳамкорлигидан ташкил этилган рейд давомида ана шундай тартиб –қоидаларни писанд этмаган тадбиркорлар фаолиятига дуч келинди. Рейд давомида нафақат ўзи балки бошқаларнинг ҳам соғлигини хатарга қўяётган “Аббос” кафеси тунги соат 21.00ларда ҳам хўрандалар билан гавжум эканлиги аниқланди. Тадбиркор балки фойда олиш мақсадида, карантин қоидаларини бузиб фаолият юритгандир. Аммо бу гал кафенинг очиқлиги унинг зарарига ишлади. Карантин қоидаларини бузганлиги учун кафе раҳбари маъмурий жаримага тортилди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати