Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда 28 июндан жорий этилган қўшимча чеклов чоралари доирасида кафе, ресторан ва бошқа кўнгилочар муассасаларнинг иш фаолиятига ўрнатилган чекловлар 12 июлдан кейин ҳам амалда бўлишини маълум қилди.
«Республика махсус комиссияси томонидан бир қатор чекловлар билан бирга кафе, ресторан ва бошқа кўнгилочар муассасаларнинг 08:00дан 20:00гача ишлашига рухсат берилган эди.
Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги шуни маълум қиладики, ушбу тартиблар Республика махсус комиссияси томонидан маълум бир муддат учун қабул қилинган эмас, яъни эпидемиологик вазият барқарорлашганда ушбу чекловлар бекор қилинади. Аммо ҳозирда уларга ҳеч қандай ўзгариш киритилмаган.
Агар карантин қоидаларига оид бирор ўзгариш киритилса, буни Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий саҳифалари орқали эълон қилинади», дейилади ССВ хабарида.
Эслатиб ўтамиз, махсус комиссиянинг 25 июнь кунги қарорида 28 июндан 12 июлга қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилгани маълум қилинганди. Аммо амалда бу чораларга риоя этилмади - Тошкент шаҳрига кириш 28 июндан бери эркин бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, 28 июндан республика бўйлаб кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналар ишлашига соат 8:00дан 20:00гача рухсат берилиши, кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасалар умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланган, бу чекловлар қачонгача амал қилиши аниқ кўрсатилмаганди.