Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков «Севимли ТВ» телеканалининг «Замон» кўрсатувига берган интервьюсида Ўзбекистонда аҳолини эмлаш тадбирлари 1 апрелдан бошланишини маълум қилди.
«Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан бошланади. Олиб келинган вакцина (AstraZeneca) билан айтайлик, 330 минг одамни икки марта эмлашимиз керак. Бунинг учун вакциналарни исрофгарчиликка йўл қўймайдиган, вакцинани очган пайтда тўлиқ ишлатиш имкониятлари юзага келадиган, қолаверса, яна бир бор бирламчи бўғин тизимини янги вакцина билан эмлаш ишларига тайёргарлик нуқтаи назаридан бу вақтни белгилаганмиз», — дейди Нурмат Отабеков.
Аввалроқ Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида 2,6 миллион доза AstraZeneca вакцинаси олиб келиниши, вакцинанинг дастлабки партияси 17 март куни етказиб келингани ҳақида хабар берилганди. Шундан 2021 йилнинг I чорагида 35—40 фоизи, қолган қисми II чоракдан дунё бўйлаб вакциналарни ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, босқичма-босқич етказиб берилиши маълум қилинган.
Март ойининг бошида Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси биринчи бўлиб фойдаланиш учун рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Махсус комиссия қарорига кўра, Ўзбекистонда Россиянинг Гамалея илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган «Спутник V» вакцинасини қўллашга ҳам рухсат берилган. Коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган.