Аёлини асраган эл қудратли, онасини эъзозлаган фарзанднинг толеи баланд бўлади. Зеро, дунёдаги жамики буюк зотлар, жаҳонгиру фотихлар, оқилу донолар она бағрида ўсиб-улғайишган. Шу боис ҳам аёлни азалдан муқаддас билиб, унга ҳурмат-иззат кўрсатилган. Аёл шаънига қанчадан-қанча қасидалар, шеъру достонлар битилган.
Бугун ҳам юртимиз аёллари давлатимиз ва жамиятимизнинг ардоғида, эътиборида. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, опа-сингилларимизнинг оғирини янада енгиллаштириш, уларнинг қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, лўнда қилиб айтганда, аёллик бахтини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши фикримизнинг яққол тасдиғидир.
Унда опа-сингилларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, аёлларни иш билан таъминлаш, уларга тиббий ва психологик ёрдам қамровини кенгайтириш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Мутасаддилар олдига кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифалар қўйилди.
Жумладан, туман хотин-қизлари муаммоларини аниқлаш яшаш тарзини ўрганиш мақсадида барча хонадонларда хатлов ўтказилди. “Аёллар дафтари” шакллантирилиб, 188 нафар хотин-қизлар рўйхатга олинди. 9 та тоифага ажратилган ҳолда ишлар тизимли олиб борилиши натижасида 97 нафар аёлнинг муаммолари бартараф этилди.
Шунингдек, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мақсадида ўқув машғулотлари йўлга қўйилган бўлиб, 30 нафар жуфтлик ўқув курсини тугатди. Уларга сертификатлар берилди.
Ажрим ёқасига келиб қолган 15 та оила яраштирилиб, оилалар тикланди.
2018 йилдан буён ҳар йили 6 нафардан уй-жойга муҳтож хотин-қизларга жамғарма томонидан бошланғич нархи тўлаб берилмоқда. Жорий йилда ҳам 6 нафар аёлларимизга ушбу имконият тақдим қилинмоқда.
Аёлларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, ҳунар ва касбга йўналтириш мақсадида “Аёллар дафтари”га киритилган 16 нафар опа-сингилларимизга 499 млн. 500 минг сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Пировардида 56 нафар учқудуқлик ишсиз аёллар бандлиги таъминланди.
Биргина мисол, бугун туманнинг Қулқудуқ, Узунқудуқ овул фуқаролар йиғинида ҳамда Кокпатас маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида чевархоналар фаолияти йўлга қўйилди.
Туман ҳокимлиги ҳомийлигида ушбу янгидан фаолият бошлаётган тикувхоналарнинг ҳар бирига 3 тадан жами 9 та тикиш машинаси берилди. Яна қўшимча 12 та иш ўрни яратилди.
-Уйда тикувчилик билан шуғулланардим, бугун маҳалламиз қошида тикувхона иш бошлади. Бу ерда 3 нафар чевар опа-сингилларимиз билан буюртмаларни тез ва сифатли қилиб бажариб беришимиз мумкин. Қолаверса, байрам арафасида фойдаланишга берилган тикувхона ва тикиш машиналари бизга катта байрам совғаси бўлди, - дейди Жамила Сидиқова.
Ҳа, мамлакатимизни ривожлантиришнинг янги босқичида хотин-қизларнинг бахту иқболи очилди. Аёлларимиз чинаккамига эъзозу ҳурмат кўрди, қадр топди. Бугун тиниб-тинчимас аёлларимиз – депутат, раҳбар, тадбиркор, врач, ўқитувчи, жаҳон чемпиони, оила таянчи ва баркамол авлоднинг улуғ онасидир.
Гулбаҳор АЛЛАНОВА,
туман ҳокимининг хотин-қизлар
масалалари бўйича маслаҳатчиси.