Зулфияхоним–вафо ва садоқат тимсоли. Ўзбек халқи буюк сиймо ижодига ҳурмат ва эҳтиром билан қарайди. Биринчи март-Зулфияхоним таваллуди қалбларга баҳорий кайфият бахш этади. Биринчи Президентимиз И.А. Каримов томонидан шоира номи билан аталувчи Давлат мукофотининг таъсис этилиши ёш истеъдодларни кашф этишда жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Анъанавий тарзда ҳар йили иқтидорли – истеъдодли, ижодкор қизларнинг бир гуруҳи Зулфияхоним руҳини шод этиб, кўксиларига фахр ва ифтихор нишонини тақиб халқимиз қаршисига чиққанида ўзбек қизи,ўзбек аёли эканлигимиздан ғурурланиб кетаман. Мана бу йил ҳам танловнинг туман ва вилоят босқичлари зўр қувонч ва ҳаяжонда ўтди. Фан, таълим,адабиёт, санъат,маданият ва спорт йўналишларида иштирок этган қизлар Учқудуқ заминининг энг чақноқ юлдузлари, республика ва халқаро танлов,турнирлар ғолибларидир.
Мактабимизда фаолият юритилаётган “Зулфияхоним издошлари” клубининг энг асосий вазифаси ҳар соҳада фидоий, иқтидорли-истеъдодли қизларимизнинг фаолиятини ёритиб бориш, уларни рағбатлантиришдан иборат. 2021йил совриндорларини саралаш учун ўтказилган танловда бизнинг 10-умумий ўрта таълим мактабимиздан 9-“Д” синф ўқувчиси Жўрабоева Дилшода Шуҳрат қизи спорт йўналиши бўйича фаол иштирок этиб, вилоят босқичида қатнашиш бахтига муяссар бўлди.
Мана уйғониш, янгиланиш фасли баҳор ҳам яқинлашиб қолди. Бутун борлиқда ажиб гўзаллик, тароват. Баҳорнинг илк куниданоқ қалблар куйга, шеърга ошно бўлди. Зулфияхоним Исроилова таваллуди кўнгилларга баҳорий ифорни бахш этади. Бизнинг мактаб жамоаси бу кунни ўзгача кайфиятда қарши оладилар.
Шоира таваллудига бағишлаб, 16феврал куни туманимизда “Зулфияхоним қизлари ” тўгараги фаолиятини ривожлантириш мақсадида тўгарак аъзолари иштирокида кўрик-танлов ташкил этилди. “Зулфияхоним қизлари-обод юрт маликалари” деб номланган ушбу тадбирда 6 нафардан иштирокчилардан ташкил топган жамоалар 3 шарт асосида беллашдилар. Тадбирда 10-мактабнинг “Бинафша” гуруҳи фаол иштирок эти , 1-ўринни қўлга киритди.
Учқудуқ туман 10-мактаб
ММИБ директор ўринбосари
Г. Тўхтаева