Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” дастури бугун чекка-чекка ҳудудлардаги аҳоли пунктларида барпо этилаётган янгиланган уй-жойлар, таълим муассасалари, дам олиш масканларию қатор хизмат кўрсатиш шохобчаларининг янгича қиёфасида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Дастур доирасидаги ишларни Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, ободлик энг чекка овулларгача етиб бормоқда. Энг биринчи, Жузқудуқ овули, ундан кейин Қулқудуқ, Мингбулоқ, Узунқудуқ, Йўлчилар ва Шалхар овулларида “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилди.
Жорий йилда туман марказидан 230 км олисда жойлашган Кокаяз ҳамда 140 км масофадаги Бузаубай овуллари дастурга киритилганлиги ҳақидаги хабарни мазкур овуллар аҳолиси хушнудлик билан қаршиладилар.
Туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари О.Рамазановнинг билдиришича, Бузаубай овулида дастур асосида 15-умумий ўрта таълим мактаби, мактабгача таълим ташкилоти, ҳамда 1,2 км узунликдаги ички йўлларда капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган. Қишлоқ врачлик пункти янгидан бунёд этилади.
Бугун туман ҳокими С.Хамроев, сектор раҳбарлари, 50 нафардан ортиқ корхона-ташкилот мутасаддилари ва вакилларидан иборат гуруҳ Бузаубай овулида бўлишди. Ташрифдан мақсад овул аҳолисини “Обод қишлоқ” давлат дастур доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар кўлами билан яқиндан таништириш ҳамда ободонлаштириш ишларига ҳисса қўшишдан иборат бўлди.
Икки кунга мўлжалланган ишлар яъни овул кўчалари, ижтимоий объектлар ва аҳоли хонадонларида ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, уйлар дарахтлар оқланади, краска қилинади. Кўчалар тартибга келтирилади.
Туман тиббиёт бирлашмаси врачлари томонидан овулда истиқомат қилувчи 38 та аҳолиси тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилади. Муҳтожларга дори-дармонлар берилади.
Мухтасар айтганда, “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасидаги амалий ишлар энг чекка ҳудуд Бузаубай овулида ҳам олиб борилади. Бу эса овулга кўркамлик ва ободлик, аҳоли яшаш тарзига бўлса қулайликни инъом этади.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.