“Учқудуқ” маданият саройида ШКБ директори Ярқин Исматов “Раҳбар ва ёшлар” лойиҳаси доирасида ШКБда фаолият юритаётган ёшлар билан учрашди. Келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш бугун давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишидир. Аммо ёшларга қўйилаётган талаблар ҳам бисёр. Тан олиб айтиш керакки бугун НКМК ШКБда ишлаш кўпчиликнинг орзуси. Бугунги кунда уч ярим мингдан ошиқ ёшлар ШКБнинг турли бўлинмаларида ишлашмоқда.
Мазкур учрашувдан кўзланган асосий мақсад – ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун шароит ва имконият яратиш, уларни касбга йўналтириш, ташаббусларини рағбатлантириш, ёшларнинг бандлиги, уй-жой таъминоти, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, таълим олишга ва касб ўрганишга бўлган талабини доим ўрганиб, ечим топиш, ёшларимизнинг хулқ-атвори, юриш-туриши, уларнинг тарбияси билан шуғулланиш, мурожаатларини қайд этиш ва таҳлилини юритиш каби вазифаларни амалга оширишдан иборат эди.
‼️ Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, бир неча йиллардан буён ташкиллаштирилиб келинаётган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувида ШКБ директори илк марта шахсан ўзи иштирок этди ва ёшлар муаммоларини тинглади.