Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Насрулло Бобоевнинг хабар беришича, Сардоба сув омборини қайта тиклаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ёпиқ қарори қабул қилинган ва изланишлар якунлангач, тўғонни тиклаш ишларини икки босқичда амалга ошириш режалаштирилган.
Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омоборини қайта тиклаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ёпиқ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) қарори қабул қилинган. Бу ҳақда Қурилиш вазирлигининг Лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Насрулло Бобоев «Дарё»га маълум қилди.
Бобоевнинг сўзларига кўра, қарор асосида жуда катта ҳажмдаги муҳандислик-қидирув ишлари давом эттирилиб, лаборатория таҳлиллари, илмий-техник изланишлар давом этмоқда.
Сув омборини қайта қуриш бўйича лойиҳа ташкилоти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра объектда тиклаш ишлари икки босқичда амалга оширилади. Бироқ масъул қурилиш муддатларини очиқлай олмаслигини билдирган.
«Сабаби — бу ёпиқ қарор билан белгиланган. Ҳукумат томонидан график қилинган ва масъул ходимлар белгиланган. Режа бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг бириктирилган ташкилотлари ўз ишини қилмоқда», — деди Бобоев.
Хабар берилишича, изланишлар якунлангач, тўғонни тиклаш ишлари икки босқичда амалга ошириш режалаштирилган.
«Ҳолат қўшни давлатларга ҳам тааллуқли бўлгани боис илмий ўрганишларга нафақат маҳаллий мутахассислар, балки чет эл илмий-тадқиқот марказлари ҳам жалб қилинган. Бунда бир нечта мустақил экспертлар гуруҳи қилинган ишлар натижаларини таҳлил қилади ва ўз хулосаларини беради. Шундан келиб чиқиб, кейинги босқич ишлари давом эттирилади», — деди Насрулло Бобоев.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони ўпирилган эди. Тошқин Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга катта зарар етказган. Бинолар, йўллар, алоқа тармоқлари вайрон бўлган. Кейинчалик Сардоба тошқинидан жабрланган аҳоли учун қурилган уйлар қуриб топширилди. Маълумотларга кўра, қурилган уйларнинг жами нархи 855,4 млрд сўмни ташкил этган.