Учқудуқ тумани Йўлчилар овулида янги қишлоқ оилавий поликлиникаси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
“Йўлчилар“ овул фуқаролар йиғинида бунёд этилган мазкур тиббиёт муассасасининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокимлиги, туман соғлиқни сақлаш бўлими масъуллари, шифокорлар, овул оқсоқоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, жумладан, малакали врачлар тайёрлашни йўлга қўйиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, айниқса касалликнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва бартараф этишда муҳим бўғин бўлган қишлоқ врачлик ва оилавий поликлиникалар фаолиятини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур янги оилавий поликлиникада аҳоли учун барча зарур тиббий шароит яратилган бўлиб, ҳудуддаги 5 минг нафардан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Оила шифокори ҳамда педиатр, хирург, акушер-гинеколог, стоматолог, УТТ врачи каби тор соҳа шифокорлари томонидан малакали тиббий хизмат кўрсатилиши билан бир қаторда 8 ўринли кундузги стационар, ижтимоий дорихона, фитобар ва фуқаролар электрон тиббий карта базаси ҳамда электрон навбат тизими йўлга қўйилмоқда. Бундан ташқари, замонавий стомотологик кресло, биохимик анализатор билан жиҳозланган.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур шифо маскани ҳурматли Президентимизнинг 2019 йилнинг 2-3 март кунлари Навоий вилоятига ташрифи давомида олис овуллар аҳолиси саломатлигини янада яхшилаш мақсадида берган топшириқларига биноан бунёд этилди.
Бир вақтнинг ўзида 125 ташрифга мўлжалланган қишлоқ оилавий поликлиника биноси 2,5 млрд. сўм маблағ эвазига Инвестиция дастури доирасида қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Поликлиниканинг очилиш маросимида туман ҳокими Соли Хамроев сўзга чиқиб, бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан тиббиёт соҳасига берилаётган эътибор, тармоқдаги ислоҳотлар ва янги оилавий поликлиникалар ташкил қилиш ва унга тор соҳа мутахассислари таркибини мувофиқлаштириш хусусида гапириб ўтди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.