Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада оналар ва болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳа билан 2020 — 2025 йилларда 15 ёшгача болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ҳамда республикада аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш учун харид қилинадиган, 15 ёшгача болалар ва ҳомиладор аёлларга поливитамин махсус комплексларини ва болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари харид қилиш, тақсимлаш ва ажратиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланади.
Шунингдек, республикада оналар ва болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш борасида қуйидаги тартиб ўрнатилади:
а) 2021 йил 1 июндан бошлаб:
6 — 23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан;
6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар «A» витамини билан;
2 — 10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланиши;
б) 2022 йил 1 июлдан бошлаб:
ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3 — 15 ёшдаги болалар йод препарати билан;
35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланиши;
в) 2021 йил 1 апрелдан бошлаб биринчи нав буғдой уни билан бир қаторда олий нав буғдой уни микронутриентлар билан бойитилган тақдирда республика ҳудудида реализация қилиш кўзда тутилган.
Лойиҳа қабул қилиниши билан 15 ёшгача болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. Бу жараён билан 2021 йилда 11 миллион нафар, 2022 йилда 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ҳамда аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилади.