Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш ҳам назарда тутилмоқда.
Унга кўра, туман бюджети харажатларини шакллантиришда маҳаллий аҳоли ва жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш чоралари кўрилади ҳамда 2021 йил 1 апрелга қадар бу борада президент қарори лойиҳаси тайёрланади.
Лойиҳада 2021 йилда тажриба тариқасида ҳар бир ҳудудда биттадан шаҳар ёки туман бюджет харажатининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш бўйича янги тартиб тажрибадан ўтказилиши, 2022 йилдан эса барча туман ва шаҳарлар учун ушбу тартиб жорий этилиши назарда тутилган.
Шунингдек, давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида:
- очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш;
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари очиқлиги концепциясини ишлаб чиқиш;
- ҳар йил якунлари бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Очиқлик индексини аниқлаш;
«Очиқ ва ҳисобдор ҳукумат» ғоясини амалга оширишга қаратилган амалий чоралар кўриш назарда тутилади.