Вазирлар Маҳкамасининг “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида иқтисодий механизмларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Унда қайд этилишича, ҳозирги кунда қаттиқ маиший чиқиндилар соҳасини тартибга солишда бир қатор камчилик ва муаммоли масалалар, хусусан, маиший чиқиндиларни дастлабки саралаш (алоҳида саралаб йиғиш), уларни утилизация қилиш, қайта ишлаш, зарарсизлантириш ва такрор фойдаланиш, шунингдек, мазкур тадбирларни молиялаштириш каби масалалар юзага келган.
Қарор асосида маиший чиқиндилар учун экологик йиғим ундириш амалиёти жорий этилади. Мазкур экологик тўлов айнан қайси товарлар учун амал қилади, кимлар унинг тўловчилари ҳисобланади ва қай тартибда йиғилади, ўзи бу тўлов учун зарурат борми каби саволлар бўлиши табиий. Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Анвар Жабборовни суҳбатга тортдик.
Экологик тўловни йиғиш зарурати нимада?
Анвар Жабборовнинг таъкидлашича, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича харажатлар чиқиндиларни ҳосил қилувчилар томонидан қопланишини кўзда тутувчи, тегишли ҳуқуқий ва иқтисодий асосларни яратиш заруратини белгиловчи “ифлослантирувчи тўлайди” принципини жорий этиш президент қарори билан тасдиқланган Стратегиянинг асосий принципларидан бири ҳисобланади.
“Қаттиқ маиший чиқиндиларга оид ишлар бўйича амалдаги тизимни ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги кунда ушбу соҳани тартибга солишда бир қатор камчилик ва муаммолар юзага келган. Хусусан, маиший чиқиндиларни дастлабки саралаш (алоҳида саралаб йиғиш), уларни утилизация қилиш, қайта ишлаш, зарарсизлантириш ва такрор фойдаланиш, шунингдек, уларни молиялаштириш каби масалалар.
Бугунги кунда амалдаги тарифлар фақатгина қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш учун хизматлар кўрсатишга ҳисоблаб чиқилган бўлиб, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш бўйича харажатларни қопламайди. Натижада, санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотларида маиший чиқиндиларни саралаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш соҳаларини ривожлантириш учун айланма маблағлар шаклланмай қолмоқда.
Шундан келиб чиқиб, маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини молиялаштиришни тартибга солувчи иқтисодий механизмларни такомиллаштиришга зарурат пайдо бўлмоқда”, — деди Экология қўмитаси масъули.
Экологик йиғимни кимлар тўлайди?
Бизнинг бу ҳақдаги саволимизга Анвар Жабборов Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида белгиланган товарларни импорт қилувчи ва ишлаб чиқарувчилар экологик тўловни тўловчилар бўлишини айтди.
Экологик йиғимни тўловчилар махсус белгиланган товарлар ишлаб чиқарувчилар (1-жадвал) ва упаковкада импорт қилувчилар (2-жадвал) ҳисобланади.
— Экологик тўлов қай тартибда ундирилади? Дейлик, импорт қилиб олиб келадиган тадбиркор ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи ёки харидор зиммасига тушадими?
— Экологик йиғимни тўловчилар ўзи ҳисоблаб чиқариб (реализация қилинган маҳсулот ёки фойдаланилган упаковка ҳажмидан келиб чиқиб) ҳар чоракда тўлаб боради ва ҳисобот бериб туради.
Экологик йиғимни ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчи тўлайди ва бу маҳсулот таннархига киради. Бунда ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчи ўз харажатларини оптималлаштирса, якуний истеъмолчига таъсир қилмаслиги ҳам мумкин. Белгиланаётган сумма унча катта ҳисобланмайди. Мисол учун, 1 та ичимлик сувининг пластик идиши (баклашка) учун 18 сўм.
— Ушбу қаттиқ маиший чиқиндилар нимаси билан хавфли?
— Бугунги кунда республикамизда ушбу турдаги хавфли маиший чиқиндиларни йиғиш ва махсус қайта ишлашнинг марказлашган тизими мавжуд эмас.
Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг мавжуд статистик тизими ўзига хос хавфли маиший чиқиндилар, яъни ишлатиб бўлинган мойлар, эскирган шиналар, муддатини ўтаган аккумуляторлар ва батарейкалар ҳамда симобли лампалар, шунингдек, қадоқлаш воситалари оқими бўйича маълумотларни акс эттирмайди.
Уларга нисбатан экологик йиғимнинг жорий этилиши асосан хавфли, ресурс қийматига эга экани, утилизация қилиниши лозимлиги; йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва зарарсизлантириш учун алоҳида инфратузилма талаб қилиниши, кўмиб юбориш мумкин эмаслиги каби омиллар билан изоҳланади.
У, шунингдек, ушбу туркумга кирувчи товарлар ва уларнинг зарарли таъсирлари, оқибатлари ҳақида маълумот берди.
— Масалан, ишлатиб бўлинган (муддатини ўтаган) батарейка ва аккумуляторларни олайлик.
Ишлатиб бўлинган батарейка чиқиндилари асосан қаттиқ маиший чиқиндиларнинг умумий оқимида йиғилиб, чиқинди тўплаш жойларига ёки полигонларга келиб тушмоқда.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ташлаб юборилган бир дона ўртача соат батарейкаси 20 м2 ерни оғир металлар билан ифлослантириши мумкин.
Батарейкалар таркибида кўп турдаги – симоб, никел, кадмий, қўрғошин, литий, марганец ва рух каби тирик организмлар, шу жумладан, инсон организмида тўпланиш хусусиятига эга бўлган ва жиддий зарар етказадиган металлар мавжуд.
Чиқинди қутиларига (контейнерларга) беихтиёр ташланган батарейкалар қаттиқ маиший чиқиндилар билан бирга чиқиндихона ва полигонларга олиб кетилади ва у ерда емирилиш натижасида батарейкалардан оғир металлар ажралиб чиқиб, ер ости сувларига кириб боради ёки ёниш жараёнида ҳам фаол тарзда, нафақат тутун орқали, балки ёмғир сувлари орқали ҳам инсон организмига кириб борувчи диоксинлар деб аталувчи токсик моддалар ажратиб чиқаради. Кейинчалик занжир тарзида тупроқ, сув ва ўсимликларга ўтиб боради.
Шунингдек, ишлатиб бўлинган автомобил аккумуляторларини (қўрғошинли) йиғишнинг назоратга олинмаган (тартибга солинмаган) бозори мавжуд. Бунда йиғиб олинган аккумуляторлар аксарият ҳолатларда табиатни, меҳнатни ва соғлиқни муҳофаза қилиш қоидалари талабларини бузган ҳолда, қўлбола усулларда утилизация қилинади.
Статистик маълумотларга кўра, батарейка ва уларнинг бирламчи қисмларини импорт қилиш йилига ўртача 65 млн донани (144 тн) ташкил этади. Уларнинг фойдаланиш муддати қисқалиги инобатга олинса (1 ойдан 2 йилгача), ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг прогнози йилига 70 тонна атрофида деб ҳисоблаш мумкин.
Таркибида симоб бўлган (люминесцент) лампалардан кўп миқдорда фойдаланилиши сабабли, улар инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга ўта хавфли ҳисобланади ва шу боис ишлатиб бўлинган, таркибида симоб бўлган чиқиндилар демеркуризация қилишга ихтисослашган объектларда зарарсизлантирилиши лозим.
Ҳозирги кунда республикада 2 800дан ортиқ чиқинди тўплаш шохобчалари мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти ушбу турдаги чиқиндиларни йиғиш ва вақтинчалик сақлаш учун мўлжалланган махсус контейнерлар билан жиҳозланмаган.
Аҳоли таркибида симоб бўлган чиқиндиларнинг ўз соғлиғи ва атроф-муҳитга бўлган яширин хавфи тўғрисида етарли тасаввурга эга эмас (кўпинча одамлар уларни маиший чиқинди контейнерларига ташлаб юборадилар). Шундай қилиб ушбу чиқиндилар аҳолидан қаттиқ маиший чиқиндиларнинг умумий оқимига келиб тушади.
Таркибида 80 мг металл мавжуд бўлган симобли лампа синиши оқибатида, диаметри 0,01 см бўлган 11 мингдан ортиқ, умумий юзаси 3,53 см2 бўлган симоб шарчалари ҳосил бўлади. Бундай миқдордаги симоб тўлиқ буғланганида 300 000 м3 ҳажмли бинонинг йўл қўйиладиган концентрацияси даражасига қадар ифлослантириш учун етарли ҳисобланади.
Табиийки, симобли лампалардан фойдаланиш жараёнида буғсимон симобнинг бир қисми (кўп қисми) лампанинг шишаси ва люминофорига сингиб кетади, шунга қарамасдан, унинг сезиларли қисми ҳавога тарқалади.
Комбинацияланган материалли қадоқлаш идиш (Tetra Pak) чиқиндилари
Қаттиқ маиший чиқиндилардаги Tetra Pak бу – иккиламчи хомашёнинг муаммоли тури бўлиб, қайта ишлаш соҳасидаги энг қийин ва номақбул хомашёлардан бири ҳисобланади.
Ҳисоб-китобларга кўра, комбинацияланган материалли қадоқлаш идиш (Tetra Pak) чиқиндиларининг республикада ҳосил бўлишининг йиллик миқдори тахминан 7 минг тоннани ташкил этади.
Комбинацияланган материалли қадоқлаш идишлар (Tetra Pak) бир марта фойдаланиладиган маҳсулот ҳисобланади ва бу турдаги қадоқлаш маҳсулотлари Ўзбекистонда деярли қайта ишланмайди. Бундан ташқари, унинг биологик парчаланиши 400-500 йилни ташкил этиб, ушбу турдаги макулатура хомашёсини қайта ишлаш муаммоси долзарб ҳисобланади.
Биринчи – техник сабаб. Шиша ва ПЭТФ-идишларни ювиш Tetra Pak пакетларини ювишга нисбатан анча осон. Бу эса Tetra Pak қадоқлаш идишларида турли қирра ва бурчаклар кўплиги билан изоҳланиб, ювиш жараёнини, ҳаттоки ичидаги суюқликни тўкишни ҳам қийинлаштиради. Маҳсулотнинг қадоқлаш идишидаги суюқ қолдиқлари айний (чирий) бошлайди ва ёқимсиз ҳид чиқариб, қоғоз хомашёси ва бошқаларга чиритувчи микрофлорани тарқатади.
Иккинчи – технологик сабаб. Tetra Pak – иккиламчи хомашёнинг кўп композитли тури ҳисобланиб, уни намлаш йўли билан қайта ишлаш усули учун кўп ресурс талаб этилади (электр энергияси, сув ва ҳ.к.).
Учинчи – Tetra Pak'га талаб бўлмаганлиги сабабли у ресурс қийматига эга бўлмаган бир вақтда, бундай чиқиндиларни катта ҳажмда йиғиб олиш қийин ҳисобланади.
— Бу каби масалаларда хориж тажрибаси билан танишмисиз?
— Европа Иттифоқи (ЕИ)нинг “Чиқиндилар тўғрисида” ҳамда “Қадоқлаш
ва қадоқлаш чиқиндилари тўғрисида”ги директиваларига мувофиқ ЕИда маҳсулотларни йиғиш, қайта ишлаш ва якуний утилизация қилиш мажбуриятларини мазкур маҳсулотни ишлаб чиқарувчига юкловчи ишлаб чиқарувчининг кенгайтирилган жавобгарлиги тамойили жорий этилган ва шу йўсинда ишлаб чиқарувчи атроф-муҳит учун безарар қадоқлаш турларидан фойдаланиши рағбатлантирилади.
Ушбу тизимнинг татбиқ этилиши тажрибасини Европа Иттифоқининг кўпгина мамлакатларида, шу жумладан, МДҲнинг Россия, Беларус ва Қозоғистон каби давлатлари мисолида кузатиш мумкин.
Бунда товар ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар айрим товарлар ва қадоқлаш идишлари ўз фойдаланиш хусусиятини йўқотганидан сўнг ҳосил бўладиган чиқиндиларини утилизация қилиши ва (ёки) қайта ишланишини таъминлашлари шарт.
Бунинг учун ишлаб чиқарувчилар ёки импорт қилувчилар ушбу жараёнларни ташкил этишни ўз кучлари билан амалга оширишлари ёки ушбу мажбуриятларни ихтисослаштирилган бошқа нотижорат ташкилотларга шартнома асосида (тўлов эвазига) топшириши ёки экологик йиғим тўлаш орқали амалга оширишлари лозим.
Беларус Республикасининг 2007 йил 20 июлда қабул қилинган “Чиқиндиларни бошқариш тўғрисида” 271-З-сонли Қонуни билан ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларга маҳсулотларининг истеъмол хусусиятлари йўқолганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндилари учун маъмурий, иқтисодий ва ахборот жавобгарлиги белгилаб қўйилган.
Бунда, ишлаб чиқарувчининг жавобгарлиги қайтарилган маҳсулотлар ва ишлатиб бўлинганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндиларни қабул қилиш, шунингдек, келгусида ушбу чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишни ўз ичига олади.
Деярли барча Европа мамлакатларида ишлатилган қадоқлаш маҳсулотларини йиғиш, саралаш, утилизация қилишни молиялаштириш нотижорат ташкилотлар томонидан саноат ишлаб чиқарувчилари ва қадоқлаш маҳсулотлари истеъмолчилари, маҳаллий ҳокимият ва чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилишга ихтисослашган ташкилотлар билан тегишли битим тузилган ҳолда амалга оширилади.
Германияда “Дуал тизими” деб аталувчи тизим мавжуд бўлиб, унинг моҳияти ўзининг қадоқлаш маҳсулотларини мажбурий қабул қилиш ва утилизация қилиш заруратидан халос этувчи «Der Grune Punkt» (Яшил нуқта) савдо белгисидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни тадбиркорларга сотишдан иборатдир.
Лицензияни сотиб олган ташкилотлар ўз маҳсулотларининг қадоқлаш идишларини “Яшил нуқта” махсус белгиси билан маркировка қиладилар. Бунда қадоқлаш маҳсулотида бундай белгини кўрган истеъмолчилар ушбу идиш ёки қадоқлаш маҳсулоти ишлатиб бўлинганидан сўнг, албатта, утилизация қилинишига ва бунда атроф-муҳитга етказиладиган зарар минимал даражада бўлишига ишонч ҳосил қиладилар.
Лицензиянинг нархи қадоқлаш маҳсулоти чиқиндиларининг материали, тури ва вазни ҳисобга олинган ҳолда қайта ишлаш харажатларига мос келади
ва корхоналарни қадоқлаш ва қадоқлаш маҳсулотларидан фойдаланиш ҳажмини камайтирган ҳолда утилизация қилиниши осон бўлган қадоқлаш маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ундайди.
Хулоса
Албатта, бу ишларнинг амалга ошиши, аввало, чиқиндилар ҳосил бўлиши, утилизация қилиниши, қайта ишланиши ва (ёки) кўмилишининг ҳажми бўйича аниқ маълумотларни шакллантиришга ёрдам беради.
Қолаверса, бу чиқиндихона ва полигонларга жойлаштириладиган чиқиндилар миқдорининг қисқаришига ҳамда полигонларнинг фойдаланиш муддатини узайтиришга олиб келади.
Шунингдек, республикада экологик хавфсизлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, экологик ҳолатни яхшилаш, чиқиндиларнинг инсонлар соғлигига зарарли таъсири олдини олишга ёрдам беради.