Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрининг Кимёгарлар қўрғонида жойлашган иккита объектда табиий газдан ноқонуний тарзда фойдаланиш ҳолати ҳақида хабар берилди. Мазкур хабарга вилоят прокуратураси расмий муносабат билдирди.
Таъкидланишича, Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан тегишли мутахассислар жалб қилинган ҳолда Кимёгарлар қўрғонида жойлашган 115-сонли мактабгача таълим ташкилоти ва шу ҳудудда жойлашган новвойхона ўрганилган.
Ўрганишда, табиий газ босими паст бўлганлиги сабабли босимни кўтариш ва бино хоналарини иситиш мақсадида 115-сонли МТТда ўзбошимчалик билан газ сўрғич (насос) ўрнатилиб, фойдаланилаётганлиги аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, газ сўрғич асбобининг тармоқдан узилиши таъминланган.
Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги «Шукрона» маҳалласида жойлашган О.Орзиевга тегишли новвойхона ўрганилганда табиий газ тармоғига қонуний уланганлиги ҳамда 2020 йилнинг 20 октябридан буён газ босими паст бўлганлиги сабабли фаолият кўрсатмаётгани аниқланган.