LOTIN-КИРИЛЛ

ВАТАН ҲИМОЯСИ – МУҚАДДАС БУРЧ!

   Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги

   Ассалому алайкум, ҳурматли  офицерлар, аскар ва сержантлар,  Қуролли Кучларимиз фахрийлари,  ички ишлар, давлат хавфсизлик хизмати ва фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари!

   Қадрли юртдошлар!

   Ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган сиз, азизларни, бутун туманимиз аҳлини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

   Ушбу қутлуғ айёмда мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз хавфсизлиги йўлида куч-ғайрати ва салоҳиятини, бутун умрини бағишлаган азму-шижоатли  ҳарбийларимизга чуқур  миннатдорчилигимни билдираман!

   Барчангизга яхши маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида ҳарбий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

   Куни-кеча давлатимиз раҳбари Жиззах вилоятидаги Марказий ҳарбий  округида ва  “Фориш” тоғ полигонида бўлиб, қўшинлар ихтиёридаги замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни кўздан кечирди. Ҳарбий округда хизмат қилаётган аскар ва зобитларнинг  жанговар қобилияти ва тайёргарлиги билан танишди.

   Дарҳақиқат, бугун ҳарбийларимизнинг мардона хизматлари туфайли юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо,  давлатимиз чегаралари дахлсиз, болаларимиз, мўътабар оналаримиз, кексаларимиз хотиржам умргузаронлик  қилмоқда.

   Фурсатдан фойдаланиб, ана шундай ботир ва жонкуяр фарзандларни тарбиялаб вояга етказган ҳурматли ота-оналарга, ҳарбий хизматчиларимизга ўз муқаддас бурчини адо этишда ҳамиша тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига чуқур миннатдорчилик билдираман.

    Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

   Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч, эркин ва фаровон ҳаётининг мустаҳкам кафолати бўлган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ўтган 29 йилда ғоят мураккаб ва айни пайтда шонли шаклланиш йўлини босиб ўтди.

   Айниқса, кейинги йилларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланиб бормоқда.

   Ҳозирги кунда оналар ўз фарзандларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади,  дея юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда.

   Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси бутун Ўзбекистон халқида, айниқса, ёшларимизда миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини, Ватан ҳимоячисидек шарафли касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини уйғотмоқда.

   Азиз юртдошлар!

    Ҳурматли Президентимиз 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида: “Қуролли Кучларимиз қудратини, қўшинларнинг профессионал ва жисмоний, маънавий-интуллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига алоҳида эътибор қаратамиз”, деб таъкидлаб ўтдилар. Яъни, Қуролли Кучларимизнинг турли ностандарт вазифаларга тайёр туриши, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ривожлантириш бўйича ислоҳотларни изчил давом эттириш лозимлиги билдирилган.

   Шу маънода мутафаккир шоир Алишер Навоий бобомизнинг: “...бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқадас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир”, деган ўгитлари асосида сўнгги вақтларда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ бирлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам бутунлай янги сифат босқичига кўтарилди.

   Айтиш жоизки, ҳарбийларимиз коронавирус пандемияси мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросини жиддий ташвишга солган 2020 йилнинг март ойидан бошлаб,  бу офатга қарши курашнинг олдинги сафларида бўлдилар. Ўз ҳаётини, ўз соғлигини хатарга қўйиб, хизмат постида туну-кун содиқ турдилар.

   Улар ана шундай синовли кунларда тиббиёт ходимларига энг яқин кўмакчи бўлиб, аҳоли орасида касаллик тарқалишининг олдини олишда, карантин қоидаларига риоя қилинишида фидоийлик намуналарини кўрсатдилар.

   Униб-ўсиб келаётган ёш авлод қалбида мустаҳкам ҳаётий позиция ва Ватанимиз тақдири учун юксак масъулият туйғусини шакллантириш борасида ноёб тизим яратилиб, унинг доирасига мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламлари қамраб олинди. Айни кунларда “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” шиори остида республикамиз бўйлаб ўтказилаётган ватанпарварлик ойлиги тадбирларида юртимиз аҳолиси ва ёшларимизга армиянинг ўрни ва аҳамияти яққол намоён этилмоқда.

   Ватанпарварлик ойлигига бағишланган туман ҳокимлигининг ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режаси қабул қилинди. Унга кўра, “Мен ҳам ҳарбий бўламан”, “Ҳарбий қисмда бир куним”, “Мард, жасур ва садоқатли ватанпарварликни тарбиялаш - мактабдан бошланади” мавзуларида спорт, ҳарбий ватанпарварлик  ва маънавий-маърифий тадбирлар туманнинг энг чекка овулларида ҳам  бўлиб ўтди.

   Ойлик доирасида ўтказилган тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг яратилиш ва ривожланиш тарихи билан таништириш мақсадида  қурол - аслаҳа ва ҳарбий техникалар намойиши ўтказилди. 99818-сонли ҳарбий қисмда ўқувчи ёшлар учун очиқ эшиклар куни ташкил этилиб, ўқув муассасаларида очиқ дарс соатлари бўлиб ўтди.

   Мана шу байрам кунларида барчамиз Ватан, халқ ва армия бири-бирига нақадар яқин ва муштарак эканини ҳар қачонгидан ҳам теран ҳис этмоқдамиз. Ана шундай ислоҳотлар туфайли “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради.

   Қадрли тадбир иштирокчилари!

   Қуролли Кучларни янада ривожлантириш, унинг жанговар тайёргарлиги, шайлиги ва қобилиятини ошириш, миллий армиямизни халқаро нуфузини юксалтириш масалалари давлатимизнинг доимий эътибор марказида бўлмоқда.

   Бу борада 99818-сонли ҳарбий қисмда ҳам талайгина ишлар амалга оширилмоқда. Куни-кеча бу ерда  автомобил техникаларини сақлашга мўлжалланган сарой, аскарлар ошхонаси ва ҳаммоми капитал таъмирдан чиқарилиб, янгидан жиҳозланиб, фойдаланишга берилгани фикримизнинг ёрқин далилидир. Шунингдек, Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги томонидан 99818 - ҳарбий қисмга хизматда фойдаланиш учун NEXIA-3 русумли автомашинаси берилди.

    Бир сўз билан айтганда, ҳарбий қисмда  муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган 84 нафар аскар ва зобитлар  шунингдек  ҳарбий хизматчилар учун барча шарт-шароитлар  яратилган.

   Қадрли Ватанимиз ҳимоячилари !

   Айни вақтда миллий, минтақавий ва глобал хавфсизликка қарши таҳдидлар кучайиб бораётгани, халқаро терроризм, экстремизм, наркотажовузкорлик, киберхуружлар хавфининг тобора ортиб бораётгани, дунёнинг айрим минтақаларида қуролли низолар ва зиддиятлар сони кўпайиши, таҳликали вазият сақланиб қолаётгани, албатта Марказий Осиё минтақасининг ва Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига таҳдид солмасдан қолмайди. Буларнинг барчаси жонажон Ватанимиз хавфсизлигини, эл-юртимизнинг осойишта ҳаётини таъминлаш мақсадида олдимизда пайдо бўлаётган таҳдид ва хатарларга муносиб зарба беришга доимо тайёр бўлишни талаб этади.

   Ватан ҳимоясидек муқаддас ва шарафли бурчни бажаришда мана шу қутлуғ айёмда Сизларни бугунги байрам билан чин дилдан самимий муборакбод этаман.

   Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик, хизматларингизда муваффақиятлар тилайман.

   Чегараларимиз дахлсиз, осмонимиз мусаффо бўлсин!

   Яна бир бор байрамингиз билан, азиз Ватан ҳимоячилари!

O'qilgan: 823 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: