Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2020 йилда бюджет интизомига риоя этилиши ва бюджет маблағларнинг мақсадли фойдаланиши юзасидан 4 729та назорат тадбирларида 246 млрд сўм миқдорида бюджет интизоми бузиш, пул ва товар-моддий бойликлар камомади ва асоссиз харажатлар аниқланди.
Молия вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, вазирликлар ва идоралар бўйича қонунбузилиш ҳолатлари, бошқа хато-камчиликлар қуйидагиларни ташкил этди:
Халқ таълими вазирлиги тизимида ўтказилган 709та назорат тадбирларининг 573тасида 96,6 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилга (29,8 млрд сўм) нисбатан 3,2 мартага ошган;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ўтказилган 723та назорат тадбирларининг 523тасида 40 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилга (13,8 млрд сўм) нисбатан 2,9 мартага ошган;
Мактабгача таълим вазирлиги тизимида ўтказилган 327та назорат тадбирларининг 270тасида 16,7 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилга (8,3 млрд сўм) нисбатан 2 мартага ошган;
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ўтказилган 124та назорат тадбирларининг 106тасида 9,4 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилга (1,1 млрд сўм) нисбатан 8,5 мартага ошган.
Шунингдек, Маданият вазирлиги (6,8 млрд сўм), Сув хўжалиги вазирлиги (5,6 млрд сўм), Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги (5 млрд сўм), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (4,1 млрд сўм), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (3,1 млрд сўм) ва улар тизимидаги бюджет ташкилотларида ҳам йирик миқдорда молиявий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
“Ўзбеккино” миллий агентлигида ўтказилган назорат тадбирларида 17,9 млрд сўм миқдорида молиявий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, ҳокимликлар (3,5 млрд сўм), ҳокимликларнинг ободонлаштириш бошқармалари (7,8 млрд сўм), ҳокимликлар ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари (8,4 млрд сўм)да ўтказилган назорат тадбирларида ҳам молиявий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.
Маҳаллий бюджетлар маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида жами 175,3 млрд сўм миқдорида, жумладан Қашқадарё (26,1 млрд сўм), Андижон (19,8 млрд сўм), Сурхондарё (16,5 млрд сўм), Фарғона (14,4 млрд сўм), Тошкент (13,2 млрд сўм), Жиззах (13 млрд сўм), Самарқанд (13 млрд сўм), Сирдарё (12,9 млрд сўм), Наманган (12 млрд сўм), Хоразм (6 млрд сўм), Бухоро (3,6 млрд сўм), Навоий (2,4 млрд сўм) вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида (13,8 млрд сўм) ва Қорақалпоғистон Республикасида (8,1 млрд сўм) қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар аниқланган.
2020 йилда бюджет муассасаларида ўтказилган назорат тадбирларида 54,5 млрд сўм миқдорида нақд пул маблағларини ўзлаштириш (банкдан олинган нақд пулни ташкилот ғазнасига кирим қилинмаслиги, ишламаган шахсларга иш ҳақи ҳисобланиб, тўланиши ва бошқалар) ҳолатлари аниқланган бўлиб, ушбу қонунбузилиш ҳолатлари ўтган йил (2019 йилда 7,2 млрд сўм)га нисбатан 7,5 мартага кўпайган.
Бюджет қонунчилигини бузганлиги учун бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларнинг 48 нафар раҳбар ва бошқа мансабдор шахсларига ўрнатилган тартибда жарималар қўлланилди.
Шунингдек, 3 033та назорат тадбирларида аниқланган 239,5 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари қонуний чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.