«Ёшлар 1+1» дастури асосида 6 кунлик махсус курсларни тугатган ишсиз ёшларга 33 миллион сўмгача бўлган имтиёзли ва гаровсиз кредит олиш имконияти яратилади.
Ёшларни тадбиркорликка йўналтириш ва уларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Савдо-саноат палатаси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ёшларга тадбиркорлик ҳақида назарий билимлар берилиши маълум қилинди. «Ёшлар 1+1» дастури асосида 6 кун, яъни 48 соат давомида махсус курслар ташкил этилиб, курс тингловчиларига махсус сертификатлар берилиши режалаштирилмоқда. Курсларни тугатган ишсиз ёшлар 3 йил муддатга 33 миллион сўмгача бўлган 6 ойлик имтиёзли даври ва гаровсиз кредит олиш имкониятига эга бўлади.
Таъкидланишича, ҳудудларда «Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор» тамойили асосида ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида намунавий ўқишлар ташкил этилмоқда.
Маълум қилинишича, Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган дастурлар ва белгиланган талаблар асосида ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим муассасаларига сарфланган харажатнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори давлат томонидан компенсация қилинади.
Ушбу курсларни муваффақиятли тамомлаб, сертификат олган битирувчиларга ўз бизнесини ташкил этиш учун микрокредит ажратилади.
Микрофирма ва кичик корхона ташкил этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги ва суғурта полисларисиз 225 миллион сўмгача кредит Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг кафиллиги асосида берилади.
Аввалроқ, ёшлар тадбиркорлиги ва бандлигини таъминлаш учун 100 миллион доллар, шунингдек, ёшларнинг бизнес лойиҳаларини кредитлаш ҳамда уларни касб-ҳунарга ўқитиш учун 1 триллион сўм ва 50 миллион доллар ажратилиши маълум қилинганди.