14 декабрда қуёшнинг тўлиқ тутилиши юз беради. Бунда Ер, Ой ва Қуёш бир чизиққа туради ва Ой Қуёшни тўлиқ тўсиб қўяди ҳамда унинг атрофида “қуёш тожи”ни кўриш мумкин бўлади.
Ой Қуёшни Тошкент вақти билан 19:32дан бошлаб Тинч океанининг марказий қисми устида тўса бошлайди. Қуёш тутилишининг максимал фазасини соат 21:13да кузатиш мумкин бўлади ва у 2 дақиқадан кўпроқ давом этади.
Тўлиқ тутилишда оловли ҳалқани эслатувчи “қуёш тожи”ни, Қуёш яқинида жойлашган юлдузлар ва сайёраларни кўриш мумкин бўлади. Астрономларнинг маълумотларига кўра, қуёшнинг тўлиқ тутилишини Чили ва Аргентина аҳолиси яққол кузатади, Жанубий Америка, Полинезия, Антарктида ва Африкада эса унинг қисман тутилишини кўриш мумкин.
Дунёнинг қолган аҳолиси эса ушбу астрономик ҳодисани интернет орқали онлайн тарзда кузатишлари мумкин бўлади.
Кейинги қуёш тутилиши 2021 йилнинг 10 июнида юз беради ва у узуксимон кўринишда бўлади.
Ой ва қуёш тутилиши ҳар ярим йилда 2 ҳафталик фарқ билан кузатилади. Бунда Қуёш, Ой ва Ер осмонда бир чизиққа туради. Агар Қуёш ва Ер орасида Ой турса, қуёш тутилиши, Қуёш ва Ой орасида Ер турса, ой тутилиши кузатилади.