Икки йил олдин АҚШ Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича вазият «алоҳида хавотирли» давлатлар рўйхатидан, куни кеча эса «махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан чиқарди.
Бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистон 2005 йилдан 2018 йилга қадар АҚШнинг диний эркинлик бўйича «қора рўйхати»да, 2018–2020 йилларда эса «кулранг рўйхати»да турган эди.
Умуман, Ўзбекистоннинг бу рўйхатга киритилишига нима сабаб бўлган? Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов 10 декабрдаги матбуот анжуманида ушбу саволга жавоб қайтарди.
«Ўзбекистон 2006 йилдан бошлаб бу рўйхатга киритилган. 2006 йил нега бу рўйхатга тушганимизни ҳаммамиз яхши биламиз. Бунинг сабаблари бўлган. (Қўмита вакили бу ўринда 2005 йил Андижонда содир бўлган воқеаларни назарда тутган бўлиши мумкин – таҳр).
Шу вақтдан буён Ўзбекистонга нисбатан бошқача бир тасаввурда бўлиб келинган. Ўзбекистон ўшанда ҳам масжидлар ёки бошқа диний ташкилотларни очиш ёки рўйхатга олиш борасида тақиқ қўймаган. Талабга кўра, муайян ишларни амалга оширган, фақат талаблар ва чекловлар кўпроқ бўлган бўлиши мумкин.
Лекин сўнгги 4 йил ичида бевосита рўйхатга олиш бўйича енгилликлар бўлгани ёки айрим чекловлар бутунлай олиб ташлангани халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилди», – деди Музаффар Комилов.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил апрелида, Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ Комиссияси (USCIRF) Ўзбекистон бу борада эришган натижаларни эътироф этиб, мамлакат «махсус кузатув рўйхати»дан чиқиши учун қонунчиликни халқаро талабларга мувофиқлаштириш лозимлигини билдирган эди.
«Асосий муаммо – 1998 йилда қабул қилинган қонун. У диний ташкилотларни рўйхатга олишни чеклайди ва қийинлаштиради. Комиссиямиз мана шу қонунни ўзгартириб, Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотларни жадаллаштиришга чақиради», – деганди комиссия раиси ўринбосари Надин Маенза.
Айни пайтда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритилмоқда.
Август ойида қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси эълон қилинди. Сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Қонун лойиҳасига кўра, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилади, рўйхатдан ўтказувчи органнинг диний ташкилот фаолиятини тўхтатиб қўйиш ҳуқуқи бекор қилинади. Шу билан бирга, амалдаги қонуннинг 14-моддасидаги, фуқароларнинг (диний ташкилотлар хизматчиларидан ташқари) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги банд чиқариб ташланмоқда.