Кеча, 9 декабр куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида Сўх воқеалари юзасидан 22 нафар шахсга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш давом этди. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, 23 ноябрга тайинланган суд мажлиси айрим сабабларга кўра 9 декабр кунига қолдирилган эди.
Бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида судланувчилар Давлатжон Маллаев, Фирдавс Аҳроров, Ойбек Оташев ҳамда Шохбоз Мирзожоновлар 31 май кун содир бўлган воқеа бўйича сўроқ қилинди.
Давлатжон Маллаевнинг сўзларига кўра, у Сўх-Фарғона йўналишида таксичилик қилиб келган. 31 май куни 12:30 лар чамасида кўчага чиққанида Чашмада жанжал кўтарилганини эшитган, ўша томонга одамлар кетаётганини кўрган. Шунда у ҳам ўз машинасига ўтириб Чашма булоғига борган. Тўполон кўтарилган жойга етиб борганда унинг кўзи дастлаб ҳарбийлар ва ИИБ ходимларини тушган. Қирғизлар аслида бир кун аввал бу урушга тайёргарлик кўрган. Давлатжон Маллаев Чашмага борганида қирғизлар бу пайтда аллақачон чегарани бузиб ўтиб, ов қуролидан сўхликларни отганини кўрган. Ҳамқишлоқлари қирғизлар томонидан аёвсиз тошбўрон қилинган. Давлатжон Маллаевнинг айтишича, у ҳам ўз ватанини ҳимоя қилиш учун қирғизлар томонига тошлар улоқтирган. У ёнаётган уйлардаги ўтни ўчиришга уринган. Назиржон Жўраевнинг девор устига чиқиб урушни тўхтатишга уринганини кўрган. Ёнғин хавфсизлиги бўлими машиналари ёнаётган хонадонлар томонга ўтишга уринганида қирғизлар уларнинг йўлини тўсиб ўтказмаган. Ёнаётган уйлардаги ўтни ўчириш учун қўлида белкурак ишлатгани лавҳага тушиб қолган.
Давлатжон Маллаевнинг қўшимча қилишича, у қўлга олингандан кейин терговчилар томонидан тазйиққа учраган.
Шундан сўнг судланувчи Фирдавс Аҳроров сўроқ қилинди. У бўёқчи (моляр) уста бўлиб ишлашини, жанжал бўлаётганини эшитиб Чашмага борганини, мазкур булоқдан 15 та маҳалла сув ичишини, агар сув тўхтаб қоладиган бўлса, сўхликларинг аҳволи танг бўлишини айтди. Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев келганда уни 6-7 метр узоқликдан кўрганини, собиқ вилоят ҳокимининг “ҳаммаси изига тушиб кетади” деган гапини эшитганини, бош вазир келганида эса ундан дадаси Қирғизистон фуқароси бўлганлиги боис унга Ўзбекистон фуқаролигини беришда ёрдам беришини ҳамда ўзи спорт билан мунтазам шуғулланиб келгани учун спортга имконият яратиб беришларини сўраган. Бош вазир унинг бу мурожаати бир ой ичида ҳал бўлишига ваъда берганини таъкидлади. Фирдавс Аҳроровнинг судда билдиришича, юзига ниқоб таққан шахслар “Ватан хоинисан” деб қорнига уриб, вертолётга олиб чиқишган ва у ерда ҳам уни дўппослашган. У 244-моддага тортадиган ҳеч қандай иш қилмаганини суд жараёнида алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг судланувчи Ойбек Оташев судда кўргазма берди.
Судланувчиларнинг кўрсатмалари тинглангач, адвокатлар ва прокуратура ходимлари уларга саволлар билан мурожаат қилди. Шундан сўнг суд ишида 14 декабрга қадар танаффус эълон қилинди.