Ривожланган давлатлар коронавирусга қарши вакцинани катта партияларда сотиб олмоқда, бунинг оқибатида ривожланаётган давлатларга вакцина етмай қолиши мумкин. Бу ҳақда Би-би-си “Инсонлар учун вакцина альяси”га таянган ҳолда хабар бермоқда.
Вакцина барчага тенг тарқатилиши ва бепул бўлиши учун кураш олиб бораётган мазкур альянсга Amnesty International, Frontline AIDS, Global Justice Now, Oxfam сингари нодавлат ташкилотлар кирган.
Таҳлиллардан маълум бўлишича, дунё аҳолисининг 14 фоизи яшайдиган ривожланган давлатлар вакцина захиранинг 53 фоизини аллақачон сотиб олган. Бунинг оқибатида 67 та давлатга вакцина етмай қолиши мумкин.
Ҳозирга келиб бой мамлакатлар Moderna вакцинасининг қарийб ҳаммасини, Pfizer/BioNTech вакцинасининг 96 фоизини сотиб олиб бўлган. Бу давлатлар – Европа Иттифоқи мамлакатлари, АҚШ, Канада, Австралия, Британия ва Япониядир. Канада ҳар бир фуқаросини беш марталаб эмлашга етадиган вакцина харид қилибди.
Украина, Покистон ва Мьянма эса вакцина тақчиллигига учраши эҳтимол бор: бу давлатларда вакцина ҳар 10 кишидан биттасига етади, холос.