LOTIN-КИРИЛЛ

Туман ҳокими С.Хамроевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги байрами билан туман аҳлига йўллаган табриги

Ассалому алайкум,  ҳурматли тумандошлар!

Қадрли тадбир иштирокчилари!

Шу кунларда барчамиз тинч ва фаровон ҳаётимизнинг муҳим кафолати ҳамда  жамиятимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлган Бош қомусимиз - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма саккиз йиллигини кўтаринки кайфият,  меҳнатда улкан ютуқлар билан қарши олмоқдамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни ва сизлар орқали барча туманимиз аҳлини ушбу муқаддас байрам билан чин қалбимдан самимий табриклайман!

Янги Ўзбекистонда ривожланишнинг янги босқичида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда Бош қомусимиз муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Зеро,  ҳурматли Президентимизнинг  “Конституциямизда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барча ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолатидир”, деган пурмаъно сўзлари Асосий қонунимизнинг  ҳаётимизда нақадар муҳим ўринга эга эканлигидан далолат беради.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳар бир  давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси - Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида “Халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан – бир манбаидир”, деб белгилаб қўйилган. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Бош қомуси   халқнинг хоҳиш-иродаси, ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилиниши ва ривожланишининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворидир!

Шундай экан, ҳурматли Президентимизни  “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган сўзлари бугун давлат идораларининг асосий иш принципига айланди, десам хато бўлмайди.

Азиз учқудуқликлар! 

Мамлакатимиздаги шиддаткор янгиланишлар ҳар бир юртдошимиз жумладан Учқудуқ тумани ҳаётида ҳам ёрқин бўй кўрсатиб, халқимизнинг турмуш даражасини яхшилаш, фаровонлигини ошириш билан бирга эртанги кунга ишончини тобора мустаҳкамламоқда.

Асосий қонунимизда ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги белгилаб берилган.

Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган ушбу ҳуқуқларидан  фойдаланган  кўплаб тумандошларимиз бугун мулкдорлар сафида. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан жорий йилда Инвестиция дастурига асосан 63 та янги  лойиҳаларнинг ишга туширилиши халқимиз турмуш даражасининг яхшиланишига  хизмат қилди. Жумладан,  қишлоқ хўжалигида – 33 та, саноат йўналишида  – 11 та,  хизматлар ва бошқалар соҳаларда – 19 та лойиҳалар амалга оширилди.  Натижада 39,4 млрд. сўм миқдорида  инвестиция: қишлоқ хўжалигида  17,1 млрд. сўм,  саноат  йўналишида  – 11,5 млрд. сўм, хизматлар ва бошқалар соҳаларда – 10,8 млрд.сўм маблағ ўзлаштирилди.

Жами 196 нафар  жумладан,  қишлоқ хўжалигида – 87 та, саноат йўналишида – 52  та, хизматлар ва бошқа  йўналишларда – 57 та  янги иш ўрни  яратилди. Натижада бюджетга қўшимча 103,0 млн. сўм   маблағ  туширилиши таъминланди.

Қадрли юртдошлар!

Янги Ўзбекистонимизда ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга бўлиб, умумий таълим олиш бепул, мактаб ишларини тегишли давлат органлари назорат қилади. Замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган, интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилган.

Амалга оширилаётган ишларни туманимиз миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, мавжуд 19 та мактабнинг барчасида капитал қурилиш ва  таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бугун энг олис Қулқудуқ, Мингбулоқ, Узунқудуқ сингари овуллардаги мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида ҳам шаҳардан қолишмайдиган шарт-шароитлар яратилган.

Жорий йилда тумандаги 19 та мактабни 451 нафар ўқувчи битирди, шундан 198 нафар ёки  44 фоиз битирувчи олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинди. Таълим сифати рейтингида Учқудуқ тумани вилоятда 3 – ўринни  банд этмоқда.

Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, фарзандларимизга яхши тарбия бериш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Негаки, боғчага борган боланинг соғлиғи мустаҳкам, дунёқараши кенг, ўзига ишончи юқори бўлади.

Ҳудудда 26 та давлат,  оилавий  нодавлат - нотижорат мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритади. Бу борадаги ишларни изчил давом эттириб, давлат ва хусусий боғчалар ташкил этиш орқали болалар қамровини  94 фоизга етказиш, шу билан бирга таълим-тарбия сифатини яхшилашга эътибор қаратилган.

Шунингдек, жорий йилда фаолият бошлаган Учқудуқ касб-ҳунар мактаби,  Учқудуқ саноат техникумида  630 нафар ёшлар таълим-тарбия олаётгани замонавий касб-ҳунар ўрганаётгани Юртбошимизнинг: “Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз!” деган сўзларининг  амалдаги ифодасидир.

Қадрли тумандошлар!

Сабримиз синовдан ўтаётган шу кунларда - пандемия даврида ўз аҳолисининг соғлиғини муҳофаза қилиш – ҳар қайси давлат ва жамият учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга масала саналади. Мамлакатимиз раҳбарияти  ўз фуқаролари соғлиғини муҳофаза қилишда, беморларни даволашда неки зарур бўлса барча чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бугунги кунда асосий масала  касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш ҳар бир инсон учун ҳам,  ҳар бир тиббиёт ходими учун ҳам, давлат учун ҳам самарали ва фойдали эканлиги яққол намоён бўлмоқда. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, профилактик тадбирларни кенг йўлга қўйиш мақсадида “Йўлчилар” овулида тиббиёт муассасаси янгидан қурилиб фойдаланишга топширилмоқда.

Бир вақтнинг ўзида 150 қатновга мўлжалланган қишлоқ оилавий поликлиника  8 млрд. сўм  маблағ эвазига бунёд этилган. Туман тиббиёт бирлашмасига бюджет маблағларининг орттириб  бажарилган қисми ҳисобидан 546 млн. сўмга  ПЦР  лабораторияси харид қилинди.

Куни-кеча туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли поликлиникасига олиб борувчи ички йўл фойдаланишга топширилди. 340 метрлик мазкур йўлга 837 млн сўм маблағ сарфланиб, тўлиқ асфальтлаштирилди. 

Бундан ташқари, “Чўл гули”, “Халқлар дўстлиги”, “Наврўз”, “Имом Бухорий” сингари  7 та хўжалик йўлларида жами 5,3 км узунликда асфальт-бетон қопламаси ётқизилди. 71 метр масофада пиёдалар йўлаги қурилиб, бу мақсадларга қарийб, 3 млрд. сўм маблағ сарфланган.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

 

Юқорида таъкидланган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан белгилаб қўйилган мулкдор бўлиш, меҳнат қилиш, билим олиш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш каби фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлат томонидан кафолатланиши қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган.

2

Азиз  тумандошлар!

Туманда пандемия шароитида кам таъминланган тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ишлар олиб борилди.

Туман ҳокимлиги, секторлар, корхона-ташкилотлар, Навоий КМК ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармаси қолаверса, тумандаги саховатпеша тадиркорлар томонидан апрель-август ойларида “Темир датар”га киритилган 1199 нафар оилага 2375 маротаба 1,7 млрд.  сўм миқдоридаги маблағ эвазига турли кўмаклар кўрсатилди.

1147 нафар фуқаро бандлиги таъминланиб, 1039 нафар оила Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг қарорига асосан “Темир дафтар” дан чиқарилди.

Бундан ташқари,   “Темир дафтар”га тушган 239  нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди, 908 нафар фуқаро жамоатчилик асосида мавсумий ишга жалб қилинди. 103 нафар фуқаро имтиёзли кредит асосида ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Уларнинг 31 нафари  паррандачилик, 72 нафари тикувчилик, 51 нафари турли йўналишларда ўз ишини бошлаган. Ҳунармандчилик фаолиятига 31 нафар, ўзини-ўзи банд қилиш орқали 403 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Ҳозирда, Учқудуқ туманида “Темир дафтар”га киритилган оилалар 60 тани ташкил этмоқда. Бу каби  эзгу  ишлар  туб замирида  бахтимиз қомуси – Конституция берган ҳуқуқ ва кафолатлар  мужассам!.

Ҳа,  Конституциямиз ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой эгаллаган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланди.

Азиз учқудуқликлар!

Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида қанчалик оғир ва мураккаб бўлмасин, бугунги кунда зарур куч - имконият ва маблағ сафарбар қилиниб катта-катта дастурлар, лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Доно халқимизда: “Қарс икки қўлдан чиқади” деган нақл бор. Бу Конституциямиз нормаларига ҳам тўла - тўкис мос келади. Яъни Асосий қонунимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари билан бирга, уларнинг бурч ва мажбуриятлари ҳам аниқ белгилаб қўйилган.

Қадрли нуронийларимиз, фаол тумандошларимиз, азиз опа-сингилларимиз, зиёлилар,  тадбиркорлар, ёшлар умуман бутун Учқудуқ халқини бугунги олиб борилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларда фидойилик билан иштирок этаётганликлари учун миннатдорчилик билдираман.

Ишонаманки, учқудуқликлар бундан кейин ҳам  юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни қадрига етиб, ўзаро аҳилликда юрт маъмурчилигига халқ фаровонлигига муносиб улуш қўшаверадилар.

Ҳурматли юртдошлар!

Сизларни, қутлуғ айём - Конституция куни билан яна бир бор чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака тилайман.

Осмонимиз мусаффо, тинчлигимиз бардавом бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат.

 

 

 

 

 

O'qilgan: 1050 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: