LOTIN-КИРИЛЛ

Америкадан кейинги дунё: у қандай бўлади?

«Америка орзуси» пайдо бўлгунча дунёда «британча турмуш тарзи» трендда эди. Чой ичиш, жамоавий спорт турлари, мулоқот этикаси, кийиниш услуби – булар Британиянинг дунёга қилган муваффақиятли экспортларидир. Кейин эса ҳаммаси ўзгарди. Макдональдс, рок-н-ролл ва жинси пайдо бўлди. Энди дунё чой эмас, кока-кола ича бошлади...»

1776 йилдан бери дунё қанча урушларни кўрди, янги империялар қад кўтарди ва қулади, давлатлар юксалди, инқирозга учради, яна ҳаммасини қайта бошлашига тўғри келди. Аммо шунча вақтдан бери бир нарса ўзгармайди: АҚШ. У уруш-у инқирозлардан кейин ҳам қудратли ва мафтункор.

Аммо бу ўзгармаслик қонунияти қачонгача амал қилади? АҚШ нима учун ҳар томонлама супердержавага айланган? «Америка орзуси» нега бунчалик оммалашиб кетди? Халқаро муносабатлар бўйича эксперт, сиёсий таҳлилчи Фарид Рафиқ Закария ўзининг «Постамерика дунёси» (The PostAmerican World) китобида АҚШнинг бугуни ва эртаси билан боғлиқ бир қатор саволларга жавоб излайди.

АҚШ қандай қилиб халқаро сиёсат майдонида регуляторга айланиб қолди ва бундан кейин ҳам ҳозирги мақомини сақлаб қоладими, бошқа давлатлар қандай қилиб АҚШдан ўзиб кетмоқда – муаллифнинг бу бўйича таҳлил ва прогнозлари ҳам китобда баён этилган.

Шарқ нега Ғарбдан ортда қолди?

Закария дунё саҳнасида АҚШ каби қудратли давлатнинг пайдо бўлишини бошқа мамлакатларнинг ривожланиш йўлидаги хатоликлар ва улардан чиқарилган хулосалар билан боғлайди. Ахир 16-асрларга қадар цивилизациянинг барча йўналишларида Шарқ пешқадам эди. Кейинчалик Ғарбий Европа Ренессанс ва Реформацияга юз тутди ва ривожланишда ўзиб кетди. 18-асрга келиб эса Атлантиканинг нариги соҳилида Шарқ ва Ғарбнинг шу нуқтага қадар қилган хатоликлардан чиқарилган тўғри хулосалар асосида Америка бунёд бўлди.

Хитой, Ҳиндистон, Яқин Шарқ давлатлари ғарб тамаддунидан анча аввалроқ гуллаб-яшнашни бошлаган. Гап шундаки, аксарият Шарқ давлатларида давлат бошқаруви тирания, марказлашув, халқни солиқлар билан қийнашга асосланган эди. Ҳукмдорлар ўзларига ҳашаматли саройлар қуриб олиш билан банд бўлишган, инфратузилмани яхшилаш, савдо ва фанни ривожлантириш ҳақида бош қотиришмаган. Одамлар шахсий бойишдан манфаатдор эмасди, чунки давлат барибир унинг пулини тортиб оларди.

Шарқ мамлакатларида фуқаролик жамияти суст ривожланган, кўп жиҳатдан давлатга боғлиқ бўлиб қолган. Мисол учун, Ҳиндистонда савдогарлар каста иерархиясининг қуйи бўғинига мансуб бўлган, саройнинг инжиқликлари билан ҳисоблашиб иш кўришга мажбур бўлган. Хитойда эса савдогарлар император саройига манзур келиш учунгина исталган дақиқада савдони йиғиштириб қўйиб, конфуцийликни ўрганишга берилиб кетиши мумкин эди. (АҚШ эса тадбиркорлар ривожланишнинг асосий ричаги эканлигини анча эрта тушуниб етди).

Европада эса қирол ҳокимияти бу даражада марказлашган ва қудратли эмасди. Биринчидан, қироллар ҳар доим черковлар билан рақобатлашишга мажбур бўлган. Иккинчидан, ерга эгалик шакли аниқ белгилаб қўйилган ва бу қиролнинг ҳокимиятини чеклаб қўяр эди. 1215 йилдаёқ қабул қилинган Эркинликлар хартияси ғарб дунёсининг ҳуқуқ ҳақидаги энг биринчи ҳужжати бўлди.

Бундан ташқари, Европа минтақасидаги тоғлар ва водийлар давлат ва шаҳарлар ўртасида табиий чегараларни ҳосил қилган эди. 16-асрда Европада 500та давлат, мустақил шаҳар ва графлик бўлган. Ҳар бир ҳудудда ўзига хос бўлган сиёсий шакллар орасидаги ранг-баранглик сиёсатчилар ва сиёсий таълимотлар ўртасида соғлом рақобатни пайдо қилди. Натижада бир давлатда ўз йўлини топа олмаган одам бошқа давлатга бемалол ўтиб, фаровон ҳаёт қуриши мумкин эди. Шундай рақобат муҳитида Европа бойлик, уруш санъати, фан тараққиёти масалаларида илгарилаб кетди.

Айни шу даврда эса Россия ва Хитойда улкан марказлашган империялар, 100 йиллар давомида ўрнини бошқаларга бўшатмаган сулолалар ҳукмронлик қиларди.

Иқтисодий ва ҳарбий соҳадаги тараққиёт европаликларни мустамлака ҳаракатларини олиб боришга илҳомлантирди. Улар Осиё, Африка ва Америка қитъаларига қараб йўл олишди. 20-аср аввалида европаликлар ер юзининг 85 фоизига эгалик қилишарди.

Мустамлакага айланган давлат раҳбарлари, табиийки, ғарбнинг сиёсий ва иқтисодий назоратидан чиқиб кетишга ҳаракат қилган. Пётр Биринчидан бошлаб Камол Отатурккача, Жавоҳарлал Нерудан тортиб Камол Абул Носиргача барчаси бир нарсани яхши тушунган – иқтисодий қолоқликдан ғарб ҳокимият институтлари, иш юритиш усуллари, ҳарбий тузилмаларидан намуна олиш орқалигина чиқиб кетиш мумкин. Ва чиқиб кетишди ҳам.

Америкасиз дунё. У қандай эди?

Америка қитъаси кашф қилиниб, мустамлакага айлантирилгунига қадар, бу ҳудудларда Қўшма Штатлар пайдо бўлгунгача дунё қиёфаси қандай эди?

Инсоният тарихида маданий қадриятларни экспорт қилиш бўйича энг зўр рекордчи сифатида Буюк Британияни кўрсатиш мумкин. Британ империяси бутун дунёга инглиз тилини ёйди, банк тизими, инсон ҳуқуқлари, жамоавий спорт турлари, бошқарув шакли, парламент тизими, шахс эркинлиги тушунчасини оммалаштирди.

Дунёда «америка орзуси» феномени пайдо бўлишидан аввал ҳаммани илҳомлантирадиган ва нусха оладиган «британча ҳаёт тарзи» мавжуд эди. Кейинчалик эса... Макдональдс, рок-н-ролл, жинси пайдо бўлди. Булар Американинг бутун дунёга қилган муваффақиятли экспортлари. Чунки АҚШ Европадан фарқли равишда консерватив қарашларнинг этагини тутиб олмади, у барча янгиликларга, экспериментларга очиқ эди. Ва бу эскпериментларнинг аксари ижобий самара берди.

Америка иқтисодиётининг кучли томонлари

АҚШ жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши юқорилиги кўрсаткичини 20-аср бошидан бери стабил ҳолатда сақлаб келмоқда. АҚШ иқтисодиёти мудофаа масалаларига харажатларни кўтара оляпти. Мамлакат ҳарбий соҳадаги тадқиқотлар учун бошқа барча мамлакатлар сарфлайдиган харажатларни қўшиб ҳисоблаганда ҳам кўпроқ маблағ ажратади.

АҚШда йирик корпорациялар ва университетлар ўртасида алоқа жуда яхши йўлга қўйилгани сабабли мамлакат нанотехнология, биотехнология ва бошқа инновациялар борасида етакчиликни сақлаб қолмоқда. Илмий тадқиқотлар ва ишланмаларнинг амалиётга жорий қилиниши бўйича ҳам АҚШга ҳеч ким бас кела олмади. Америка олий таълим муассасалари сифат кўрсаткичида пешқадам, улар халқаро талабаларнинг 30 фоизини ўзига жалб қилади. Хитой ва Ҳиндистонда ҳам ОТМлар кўплаб очилаётган бўлса-да, улар сифат бўйича қуйи ўринларда қолмоқда.

АҚШ иқтисодиётининг яна бир ютуғи – иммигрантларнинг тўхтовсиз оқимидир. Пул топиш илинжида ҳар қандай меҳнатни қилишга тайёр иммигрантлар иқтисодиётни тўхтовсиз айлантириб туради. Мисол учун, Кремний водийсида очиладиган фирмаларнинг нақ ярми иммигрантлар ҳисобига тўғри келади.

Қўшма Штатлар иқтисодиётидаги заифликлар

Аммо мамлакат иқтисодиётининг заиф томонлари ҳам бор. Жамғармалар ҳажми қисқармоқда, хорижий ўзлаштирмалар миқдори ошган, аҳоли қатламлари орасидаги мулкий тенгсизлик кучаймоқда. Америкаликларнинг 63 фоизи мамлакатдан ўрта қатлам тобора йўқолиб бормоқда, деб ҳисоблайди.

Собиқ учинчи дунё давлатлари иқтисодий жиҳатдан шиддат билан ўсаётган бир вақтда бундай муаммолар АҚШга оғирлик қилади. Мисол учун, Нью-Йорк фонд биржаси акцияларнинг энг йирик айланмаси кечадиган майдон бўлмай қолган. Бу масалада Европа фонд биржалари АҚШни ортда қолдирмоқда.

Саноат мамлакатлари орасида АҚШ даромад солиғининг энг паст кўрсаткичига эга бўлган, аммо ҳозир у даромад кўрсаткичи юқорилиги бўйича дунёда иккинчи ўринда. Муаммо шундаки, АҚШ солиқни кўтармади, балки бошқа давлатлар солиқни туширди. 30 йил аввал АҚШнинг бозорни назорат қилиш инструментлари жуда эгилувчан ҳисобланган бўлса, ҳозир Шарқий Европа бу борада ўзиб кетяпти.

Кўп қутбли дунё

Аввалги учинчи дунё давлатлари инсон ҳуқуқларини таъминлашга эришиш, гендер тенгликни ўрнатиш ҳаракати билан социал трансформацияни бошдан ўтказмоқда. Уларда ҳам жамиятнинг қиёфаси тобора Европага ва Шимолий Америкага ўхшаб бормоқда.

Закария дунёда постамерика даврининг бошланишини айнан шу билан боғлайди: ўтган асрнинг 90-йилларигача қадар дунё икки қутбга ажралган эди – АҚШ етакчилигидаги капиталистик дунё ва СССР раҳнамолигидаги коммунистик дунё. Ва бу икки қутб ўртасида аёвсиз рақобат бор эди. 90-йилларда коммунизм ғояси ўзини оқламай, совет империяси қулагач, АҚШ сиёсий аренада ўзини яккаҳокимдек тута бошлади. Муносиб рақобатчининг йўқлиги Вашингтоннинг ўзига ўзи маҳлиё бўлиб юришига олиб келди. Бу орада эса бошқа мамлакатлар тараққиёт борасида анча-мунча нарсага эришиб қўйди. Энди дунё бир қутбли эмас, балки кўп қутбли. Унда АҚШ, Европа билан бир қаторда Хитой, Япония, Ҳиндистон ва бошқалар ҳам бор.

Постамерика даври АҚШнинг ривожланиш чизиғидан пастга тушиши эмас, балки чизиқдан юқорига кўтариладиганларнинг сон жиҳатидан ортишига ва бу кўпчилик орасида АҚШнинг овози илгаригидек баланд эшитилмай қолиши билан изоҳланади.

Ривожланиш тангасининг иккинчи томони

Закария АҚШ ва Европа давлатларидан бошқа мамлакатларнинг жадал ўсиш суръатларига ижобий қарар экан, глобал тараққиётнинг бошқа томонига ҳам эътибор қаратади.

Шиддатли иқтисодий ўсишнинг салбий оқибатларидан бири – табиий ресурслардан нооқилона фойдаланиш, атроф-муҳитга зарар етказишдир. Ичимлик суви, тоза ҳаво, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – буларнинг захираси тугаб бориши мумкин. 20-асрда дунё аҳолиси 3 бараварга, аммо у сарфлайдиган сув ҳажми 6 бараварга ошди.

Америкаликлар бир кунда ўртача 400 литр сув сарфлашади. Қашшоқ давлатларда эса кун давомида 40 литр сув топиш ҳам катта муваффақият. Аммо ўртамиёна давлатлар қанчалик бойий бошласа, улар шунчалик кўп сув истеъмол қила бошлайди. Африка ва Яқин Шарқда сув ресурсларига эгалик учун зиддиятлар аллақачон кузатилмоқда. Сув манбалари тугагач, миллионлаб одамлар ўз яшаш жойларини ўзгартиришга мажбур бўлишади.

Шунингдек, электрга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Автомобил ва самолётлар сони ошган. Транспортлар сонининг ошиб бориши ёқилғига бўлган талабни оширади. Электространциялар қуришга бўлга эҳтиёжни пайдо қилади. Натижада 1997 йилда Киотода қабул қилинган протокол – иссиқхона газларини камайтириш мажбуриятни белгиловчи ҳужжатнинг аҳамияти пучга чиқиши мумкин…

АҚШга тавсиялар

Фарид Закария ўз кузатувларидан келиб чиққан ҳолда, янги державаларнинг пайдо бўлиши ҳисобига АҚШ яқин йилларда дунё сиёсий аренасидаги ҳозирги ролини йўқотиб қўйиши мумкинлигини башорат қилади.

Штатлар ўз ўрнини бой бермаслиги учун мамлакат ўз ташқи сиёсатини қуйидаги векторлар асосида ўзгартириши кераклигини таъкидлайди.

Ўз хоҳишларини тўғри белгилаш. Вашингтон ўз қудратига шунчалар бино қўйиб юборганки, гоҳида нимани истаётганини ўзи ҳам билмай қолади. Мисол учун, у Россия билан муносабатлардан айнан нимани исташини тўлиқ тушуниб етмайди. У бошқа мамлакатлар билан алоқалардан қандай натижа кутишини аниқ белгилаб олиши лозим.

Ҳарбий кучга таянишни қисқартириш. Терроризм билан кураш учун турли ҳарбий методларни ишлаб чиқишга АҚШ 1 трлн доллар сарфлади. Аммо бир неча баравар самарали бўлиши мумкин бўлган фуқаролик дипломатиясини ривожлантиришга атиги 10 млрд доллар ажратилган.

Иккиюзламачиликни тўхтатиш. АҚШ ўз манфаатлари юзасидан иккиюзламачилик қилишни бас қилиши керак. Нега у Саудия Арабистони ёки Тайванда демократия тўлқинларининг бостирилишига бефарқ бўлди-ю, лекин Шимолий Кореянинг Бирмага таъсир кўрсатишини қўллаб-қувватлаган Хитой ва Ҳиндистонни танқид қилади? Агар унга демократия муҳим бўлса, буни барча жойда бирдек намоён қилсин.

Дунёдаги ҳар қандай конфликтга аралашавермаслик. Конфликт ҳиди чиққан ҳар қандай жойга югуриб боришдан АҚШ тийилиши керак. Мисол учун, Яқин Шарқда шиалар ва суннийлар ўртасидаги келишмовчиликни ҳал қилишга катта ресурсларни сарфлашдан унга нима наф? Агар манфаат фақатгина ўзидан қаҳрамон ясаш бўлса, бу унга жуда қимматга тушяпти.

Миллий манфаатларни пеш қилиш эмас, халқаро нормаларга кўра иш тутиш. Агар АҚШ дунёда стабил тинчлик бўлиши тарафдори бўлса, ҳеч қандай истисносиз умум қабул қилинган нормалар асосида ташқи сиёсатини юритиши, миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўзбошимчалик қилмаслиги керак. Ҳозир қилаётганидек тартибни ўзига бўйсундириши эмас, ўзи тартибга бўйсуниши лозим.

Қўрқишни бас қилиш. Америка жамияти терроризм, мусулмонлар, иммигрантлар, хорижий компаниялар ва эркин савдодан сурункали фобия синдромига чалинган. Дунёдаги энг кучли миллат ўзини гўё душманлар қуршовида қолиб кетгандек тутади. Натижада душманларни янчиб ташлаш, уларни дунё харитасидан ўчириб ташлаш каби агрессияни намойиш эта бошлашади. Бу агрессия АҚШнинг халқаро аренадаги образига салбий бўёқ чаплайди. АҚШ барча сиёсий шакллар ва маданиятларга тоқатлиликни намойиш эта олиши муҳим.

O'qilgan: 635 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: