Пол Рэнд (Paul Rand) – график дизайн бўйича 20-асрнинг тенги йўқ инсонларидан бири. Унинг ишлари бугунги кунда нафақат бошқаларга илҳом бахш этиши билан, балки ғайриоддийлиги ва умри узоқлиги билан ҳам ажралиб туради.
Пол Рэндни замондошлари замонавий дизайн оламидаги Пикассо деб таърифлашарди. У ўз даврининг энг таъсири кучли дизайнери деб тан олинган.
«Дизайн нафақат расмни чиройли қилади, у бизнеснинг ривожи учун ҳам муҳимдир, бизнес учун албатта график дизайн керак», деган тушунчанинг пайдо бўлишига Рэнд сабаб бўлган дейишади.
Талабалик ва график дизайн оламига кириб келиши
Пол Рэнд 1914 йил 15 августда, Нью-Йоркнинг Бруклин мавзесида яҳудий муҳожирлари оиласида туғилган. Болалигиданоқ расм чизиш ва дизайнга қизиқиши кучли бўлган, бу унинг мактаб таътилидаги ва отасининг озиқ-овқат дўконидаги ишларида ўз аксини топган. Аммо отаси расм чизиш орқали пул ишлаш мумкинлигига шубҳа қилар эди, шунинг учун у ўғлини муҳандисликдан таълим берувчи Манҳеттандаги Haaren High School мактабига ўқишга юборди.
Дарвоқе, туғилганда унга еврейча Перец Розенбаум исми берилган, аммо мактабни тугатгандан сўнг дизайнер ўз исмини соддагина қилиб Пол Рэндга ўзгартирди. Ўша йилларда у график дизайн билан шуғулланишни бошлайди. Унинг дўсти ҳар доим: «Исм ва фамилиянгдаги тўрттадан ҳарфлар логотипга жуда мос келади», деб ҳазиллашар эди.
Пол тиришқоқ талаба эди, 1929 йилдан 1932 йилгача Пратт институтидаги кечки дарсларда қатнашди, бир нечта санъат мактабларида (The New School for Design, The Art Students League,Yale University in Connecticut) ўқиди.
Рэнд таълим олган масканлар яхши дарс беришига ва у йиллар давомида таълим олганига қарамай, асосий билимларни ўзи мустақил ўрганиб, график қобилиятини ривожлантирди. Кейинчалик Пол шундай эслайди:
«Ўқиш пайтида деярли ҳеч нарса ўрганмадим. Мен тушунган озгина нарсани ҳам ўзим ўрганганман».
Илк муваффақиятлар
Дизайнер сифатида 1930-йилларнинг охирларида, журналлар учун муқовалар ишлай бошлаганида омади кела бошлади. Биринчи иши учун у пул олмади ва бепул ишлади, аммо эвазига у тўлиқ ижодий эркинлик ва асосий муқовани тайёрлаш ишини олди. Бу унга омма эътиборига тушишига ва ўзининг биринчи мижозларини топишига ёрдам берди.
Унинг биринчи профессионал ишларидан бири машҳур «Esquire» мода журналига тегишли эди. Дастлаб рад жавобини олди, кейинчалик «Esquire» учун мода тенденциялари тасвирланган саҳифаларни яратиш топшириғини олди.
«30-йиллардаги Американинг барча график дизайнерлари орасида Пол Рэнд – энг яхшиларидан бири эди. У гўёки шоирлик ва ишбилармонлик тилларини қориштириб фойдаланадиган идеалист ва реалистдир. – (Ласло Мохой-Надь, рассом, ўтган асрнинг машҳур дизайнерларидан)
Кейинчалик, 27 ёшида у William H. Weintraub & Co реклама агентлигининг бош бадиий директори этиб тайинланди.
Дунё миқёсидаги машҳурлик
1950-йилларда Пол Рэнд бизнес оламида чинакамига довруқ қозонди. Унинг исми-шарифи логотиплар ва корпоратив услубни ривожлантириш билан бевосита боғлиқ тушунчага айланди. IBM, NeXT, ABC, UPS ва бошқа кўплаб компаниялар дизайнерга мукаммал логотиплар учун миннатдорчилик билдиришади.
Луи Данзигер – график дизайнер, Полнинг яқин дўсти: «Пол бизнесни ўзгартирди, у ҳар кимни ўз қоидалари билан ҳисоблашишга мажбур қилди, чунки дизайн нафақат безак, балки бизнеснинг ривожи учун асосий воситадир. График дизайн билан шуғулланадиган ҳар бир киши Рэнднинг олдида жуда катта қарздор. Ахир у график дизайнер касбини обрўли касбга айлантирган».
Корпоратив услуб ва логотип дизайни
IBM
1956 йилда IBM менежерлари компания логотипини янгилаш учун Полга мурожаат қилиб, таклиф этилган вариантдан мамнун бўлишади, аммо Рэнд ўз логотипидан ҳали ҳам кўнгли тўлмаган эди. Дизайнер кўнглидагидек логотипни яратиши учун бир неча йил керак бўлди. IBM логотипи дизайни 1972 йилда машҳур чизиқларга эга бўлган ҳолда янгиланди.
Кейинчалик, 1990-йилларга қадар Рэнд IBM билан ишлашни давом эттирди. 30 йилдан ортиқ вақт давомида Пол компания учун реклама постерларини ишлаб чиқди ва қадоқлаш дизайнини яратди.
Қуйидаги расм унинг IBM учун яратган энг машҳур ишларидан бири – ребусдир, бунда IBM номининг ҳарфларини ифодалаш учун тасвирлардан фойдаланади.
ABC
Американинг йирик телевизион компанияси – ABC фаолиятининг дастлабки 20 йилида ўз логотипини доимий равишда ўзгартирган. Дастлабки логотип радиодан илҳомланиб тайёрланган, кейинги логотипда АҚШ харитаси пайдо бўлди, шундан кейин айлана билан бургут тасвирланди ва натижада логотип фақат шрифтларга асосланди.
Пол Рэнд логотипни қайта ишлаб чиқди, у содда, осон таниладиган ва замонавий кўринишга эга бўлди. 1962 йилдан бери логотипда ҳеч қандай ўзгариш бўлмади.
UPS
1961 йилда Пол Рэнд курьерлик ва логистика хизматларини кўрсатувчи UPS компанияси логотипини глобал миқёсда машҳур қилиш учун ёлланади. Рэнд янги дизайнни иложи борича содда ва эсда қоладиган қилиб яратишга ҳаракат қилади.
Логотип 2003 йилгача ўзгармади. Ребрэндинг доирасида UPS ўз логотипини янгилади ва қалқоннинг тепасидаги қадоқнинг тасвирини олиб ташлаб, ўз фаолиятига хилма-хиллик қўшишни мақсад қилди.
NeXT
Стив Жобс Рэнд билан боғланиб, NeXT компьютер лойиҳаси учун логотип ишлаб чиқишни таклиф қилган. Жобс бир нечта логотип вариантларини хоҳлаган, аммо Пол унга қуйидагича жавоб берган:
«Йўқ. Вариант битта бўлади. Сиз менга тўлайсиз, мен эса сизнинг муаммонгизни ҳал қиламан. Агар сизга кўп вариантлар керак бўлса, бу иш мен учун эмас».
Пол Рэнд мураккаб характер эгаси эди, Жобс унинг шартларига рози бўлди ва натижада дизайнернинг график ишларига қойил қолиб, уни «буюк график дизайнер» деб атайди.
Натижада ўзига хос логотип яратилди, бунинг учун Рэнд $100 000 олди. У Жобсга логотипни яратиш жараёнини босқичма-босқич, бошидан то охирги версиясигача тасвирлаб берадиган 100 саҳифалик китоб ёзиш фикри ҳақида айтади. Рэнд ҳар доим мижозлар билан алоқа қилишдан қочишга ҳаракат қилган ва барча айтмоқчи бўлган гапларини китоблар ва буклетларда тасвирлаб берар эди.
Пол Рэнднинг барча логотиплари
Пол Рэнд ҳаёти давомида кўплаб логотипларни яратди, қуйида барча энг машҳур логотиплари тўпланган.
«Аввало, логотип компаниянинг идентификацияси ва уни англаш воситаси ролини бажаради. Яхши логотипнинг самарадорлиги – унинг оригиналлиги, замонга мослашувчанлиги, кўриниши, эсда қолиши, тушуниш осон бўлиши ва узоқ умр кўра олиши билан боғлиқ». (Пол Рэнд)
Ўқитувчилик
Рэнд ижодга қўшимча равишда, ўқитишга ҳам эътибор қаратган. У Yale School of Art мактабида график дизайн профессори сифатида дарс берган. У доим қизиқувчиларни ўқитишим, ўз билимим билан бўлишишим керак, деб ҳисоблаган.
Бундан ташқари, Рэнд қуйидаги китобларни ҳам ёзган: "Дизайн: шакл ва тартибсизлик", "Дизайн ҳақидаги фикрлар", "Дизайнернинг маҳорати", "Мен биладиган кўп нарса", "Ласкодан Бруклинга".
Шахсий ҳаёт
Пол Рэнд икки марта, Энн Бинкли (1949 йилдан 1960 йилгача) ва Марион Сванни Рэнд (1975 йилдан 1996 йилгача) билан турмуш қурган. Унинг ёлғиз қизи Кетрин Рэнд отаси ҳақида шундай дейди:
«Мен унинг қизи эканлигимдан ғурурланаман. Мен уни жуда севардим ва доим мен билан фахрланишини истардим. Дадам мен билган энг зукко, ижодкор, истарали ва мураккаб одам эди». (Кетрин Рэнд – Полнинг қизи)
Пол умрининг сўнгги йилларини уйда, китоб ёзиш билан ўтказган. 1996 йилда 82 ёшида саратон касаллигидан вафот этди.
Қуйида Пол Рэнд кейинги авлоддаги издошларига қолдирган баъзи муҳим маслаҳатларини санаб ўтамиз:
- Санъатни ўрганинг, чунки бу – дизайннинг асосидир.
- Логотипнинг ролини ортиқча баҳолаб юборманг
- Ҳар доим логотип тақдимотини қилинг.
- Оригинал бўлишга уринманг, фақат яхши бўлишга ҳаракат қилинг.