Коронавирусга қарши эмлаш бўйича ҳар куни янги бир ижобий натижага эришилаётган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган вакцина ҳақидаги миш-мишлар муҳокама мавзусига айланмоқда.
Генетик кодларнинг ўзгартирилишидан тортиб, миллионлаб одамларнинг танасига микрочиплар ўрнатилиши билан боғлиқ гап-сўзлар тобора «урчиб» бормоқда.
BBC Reality Check гуруҳи баъзи ёлғон даъволарни таҳлил қилди.
ДНКнинг бузилиши билан боғлиқ даъво
«Коронавирус вакцинаси ДНКмизни ўзгартиради» деган даъво ижтимоий тармоқларда энг кўп тарқалган даъволардан биридир.
BBC уч мустақил олимдан ушбу даъво тўғрисидаги фикрларини сўради ва «коронавирусга қарши эмлаш инсон ДНКсини ўзгартирмайди» деган жавоб олди.
Баъзи янги ишлаб чиқилган вакциналарда вируснинг генетик материалидан, яъни генетик кўрсатмаларни «ташувчи» мРНКдан фойдаланилади. Буюк Британияда тасдиқланган Pfizer/BioNTech вакцинаси ҳам шулардан биридир.
«Одам танасига мРНКни юбориш инсон ҳужайрасидаги ДНКга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди», дейди Оксфорд университети мутахассиси Жеффри Алмонд.
мРНК тананинг ўзига хос молекуляр механизмларидан фойдаланган ҳолда, ҳужайраларга вирус таркибидаги оқсилга ўхшаш бир моддани ишлаб чиқаришни ўргатади. Бу эса иммунитет тизимининг реакциясини келтириб чиқаради.
Аслида, коронавирус вакцинаси ДНКни ўзгартиради, деган даъвога илк марта дуч келинаётгани йўқ. Май ойида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоларда мРНК технологияси «ҳали синовдан ўтказилмагани ва тасдиқланмагани» айтилган ва унинг генетик кодларга таъсир қилиши ҳақидаги иддао илгари сурилганди.
Тўғри, авваллари ҳеч бир мРНК вакцинаси тасдиқдан ўтмаган, аммо сўнгги йилларда мРНК вакциналарини одамларда қўллаш бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борилди. Бундан ташқари, вакцина эпидемия бошланганидан бери дунё бўйлаб ўн минглаб одамларда синаб кўрилди ва қатъий тасдиқлаш жараёнларидан ўтди.
Бошқа барча вакциналар сингари мРНК вакциналари ҳам хавфсизлик бўйича қатъий синовлардан ўтмасдан туриб, кенг қўлланиш рухсатига эга бўлмайди.
Вакциналар синовининг 1- ва 2-босқичларида хавфсизликни текшириш ва тегишли дозани аниқлаш учун улар кам миқдордаги одамларга берилади.
Учинчи босқич синовларида эса вакцинанинг самарадорлигини аниқлаш учун минглаб одамлар эмланади. Вакцинанинг ҳақиқий дозаси берилган гуруҳ ва плацебо (дори сифатида ишлатилиши ёки дори-дармонларни ниқоблаш учун ишлатилиши мумкин бўлган ва аниқ доривор хусусиятга эга бўлмаган модда – таҳр.) дозасини олган назорат гуруҳи турли хил қўшимча таъсирлар ва ҳимоя воситаларини аниқлаш мақсадида диққат билан кузатилади.
Гарчи эмлаш учун рухсат олинган бўлса-да, вакцинани қабул қилган одамларни кузатиш жараёнлари ҳамон давом этмоқда.
Билл Гейтс ва микрочип даъвоси
Кейинги миш-миш эса бутун дунёни қамраб олган фитна назариясидир.
Ушбу даъвога кўра, коронавирус эпидемияси миллионлаб одамларнинг танасига кузатилувчи микрочипларни жойлаштириш учун бир «баҳона» бўлиб, бу ишларнинг ортида Microsoft асосчиси Билл Гейтс турибди.
Ҳолбуки, «вакцина микрочипи» деган нарса йўқ ва келажакда Билл Гейтснинг шундай лойиҳаси бўлиши ҳақида далил мавжуд эмас.
Билл ва Мелинда Гейтс фонди BBC’га берган баёнотида ушбу айбловларни рад этди.
Аслида, миш-мишлар Билл Гейтснинг март ойида қилган баёноти ортидан тарқала бошлади. Гейтс ўшанда кимлар тузалгани, кимлар тест топширгани ва кимлар эмланганини кўрсатувчи «рақамли сертификатлар» жорий этилиши мумкинлиги ҳақида гапирганди. Аммо у микрочиплар тўғрисида сўз ҳам очмаганди.
Ушбу гаплардан сўнг оммага кенг тарқалган бир мақола пайдо бўлди. «Билл Гейтс коронавирусга қарши курашиш учун микрочиплардан фойдаланади» номли мазкур мақолада Гейтс жамғармаси ҳомийлигида ўтказилган тадқиқот ҳақида ҳам сўз боради. Ушбу тадқиқот эса одамларнинг вакцина маълумотларини махсус сиёҳни қуйиш орқали тери юзасида сақлашга имкон берадиган бир технология билан боғлиқ.
Тадқиқотда айтиб ўтилган дастурни микрочип эмас, кўзга кўринмас татуировка дейиш мумкин. Илмий изланишда иштирок этган олим Ана Якленец ушбу технология ҳали татбиқ этилмаганлигини, одамларнинг шахсий маълумотлари кузатилиши ёки уларга киришга йўл қўйилмаслигини ва бундай ахборот маълумотлар базасида сақланмаслигини таъкидлади.
Microsoft асосчиси Гейтснинг номи эпидемия давомида кўплаб миш-мишларда тилга олинди. Бунга Гейтснинг вакцина яратиш ва аҳоли соғлиғини сақлашга йўналтирган ёрдамлари ҳам сабаб бўлди.
Ўртада бирор далил йўқлигига қарамай, YouGov томонидан май ойида ўтказилган сўровномада қатнашган америкаликларнинг 28 фоизи Билл Гейтс одамларни эмлаш орқали уларга микрочип ўрнатмоқчи бўлганига ишонишини билдирган. Республикачилар орасида эса бунга ишонувчиларнинг нисбати 44 фоизни ташкил қилган.
«Ҳомила тўқимаси» билан боғлиқ миш-мишлар
Вакциналарда одам ва ҳайвонлар ҳомиласидаги баъзи тўқималар, айниқса, ўпка тўқималари борлиги ҳақидаги миш-мишлар ҳам мавжуд. Улар орасида «Она қорнидаги 3-6 ойлик ҳомилалар аборт қилиниб, уларнинг танасидан вакцина тадқиқотларида фойдаланилади», деган даъволар ҳам бор.
Бу ҳам ёлғон даъво.
Саутҳемптон университети доктори Майкл Ҳед бу миш-мишларга нисбатан аниқ баёнот билан жавоб берди. Унинг таъкидлашича, вакциналарни ишлаб чиқариш жараёнида ҳомила ҳужайраларидан фойдаланилмайди.
Бу каби миш-мишларнинг пайдо бўлиши лаборатория шароитида ишлаб чиқилган баъзи ҳужайралардан вакцинани яратиш жараёнида ҳам фойдаланилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ушбу ҳужайралар эмбрион ҳужайраларни клонлаш орқали ҳосил бўлади. Ўтган асрнинг 60-йилларида ишлаб чиқилган ушбу техника «3 ойли гўдакларни аборт қилиш ва улардан вакцина яратиш тадқиқотларида фойдаланиш» каби ҳолатларни кўзда тутмайди.
Бристол университети мутахассиси доктор Дэвид Мэтюз ушбу усул билан кўплаб вакциналар ишлаб чиқарилгани, вакцинанинг юқори стандартларини сақлаб қолиш учун вакцинадан ҳужайра излари олиб ташланишини таъкидлади.
Оксфорд университети вакцинасини яратган олимлар ҳам клонланган ҳужайралар билан ишлашганини, аммо бу ҳужайралар «аборт қилинган чақалоқларнинг ҳужайралари эмас»лигини таъкидлашди.
Ҳужайралар худди вируснинг заифлашган намунасини ишлаб чиқарувчи фабрикалар каби ишлайди. Бу эса вакцинанинг асосий ишлаш тамойилини ташкил этади. Бироқ заифлашган вируслар клонланган ҳужайралар ёрдамида ишлаб чиқилган бўлса-да, ҳужайравий материал вакцинадан олиб ташланади.
«Соғайиш даражаси» аргументи
Ижтимоий тармоқларда вакцинага қарши фикрлардан бири «Агар коронавирусдан ўлиш даражаси шу қадар паст бўлса, эмлаш керак эмас», деган иддаодир.
Эмлашга қарши одамлар томонидан тарқатилган бир суратда Covid-19 касаллигида соғайиш даражаси 99,97 фоизни ташкил қилиши, коронавирусга чалиниш эмлашдан кўра хавфсизроқ вариант экани айтилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ушбу расмдаги «соғайиш даражаси», яъни вирус юққандан сўнг тузалиб кетиш даражаси тўғри кўрсатилмаган.
Оксфорд университетининг статистика бўйича мутахассиси Жейсон Окнинг таъкидлашича, коронавирусга чалинганларнинг 99 фоизи омон қолган. Бошқача қилиб айтганда, одатда, ҳар 10 минг кишидан 100 нафари вафот этади ва бу рақам суратда келтирилган маълумот – ҳар 10 минг кишидан 3 нафари ўлишидан кўра анча кўпроқни ташкил қилади.
Бошқа томондан, Жейсон Ок шуни ҳам қўшимча қилди: «Хавф ёшга қараб фарқ қилиши мумкин ва Covid-19 сабаб кейинчалик юзага келувчи ўлимлар айни пайтда ҳисобга олинмаяпти».
Демак, гап фақат тирик қолишда эмас. Яъни вафот этганлардан ташқари, интенсив терапия қилинадиганлар ва касалликнинг узоқ муддатли таъсирини бошдан кечираётганлар ҳам бор.
Соғлиқни сақлаш тизими елкасидаги «юк»нинг ортиб кетиши бошқа касалликларга дучор бўлган беморларни даволаш имкониятини ҳам чеклаб қўймоқда.
Лондон гигиена ва тропик тиббиёт мактаби профессори Лиам Смитнинг таъкидлашича, ўлимнинг умумий ҳисобига эътибор қаратиш вакциналар билан боғлиқ муҳим нуқтанинг кўздан қочирилишига сабаб бўлади.