Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти филиали томонидан Қувасой шаҳрида давлат фуқаролик хизматчиларининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) тизимига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокими, унинг ўринбосарлари, соҳага дахлдор ташкилот ва корхона раҳбарлари иштирок этди.
Бугунги кунда агентликнинг ҳудудий филиали ўз фаолияти давомида вилоятдаги юздан зиёд давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда иш юритиб, давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш борасида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Давлат бошқарувида самарадорликни ошириш мақсадида давлат хизматига малакали мутахассисларни жалб этиш, шаффофлик асосида ишга қабул қилишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ҳозирда тажриба тариқасида Қўқон шаҳар ва Қува туман ҳокими ва унинг ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаб бориш тизимини жорий этиш ишлари бошланган.
– Энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) – давлат фуқаролик хизматчилари томонидан функционал мажбуриятлари ва топшириқларни ижро этилишининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш учун қўлланиладиган ва миқдоран ўлчаш мумкин бўлган баҳолаш индикатори ҳисобланади, -дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти филиали раҳбари ўринбосари Аҳаджон Акбаров. -Эндиликда вилоятдаги барча шаҳар, туман ҳокими ва унинг барча ўринбосарларининг 59 та аниқ вазифа ва 73 та кўрсаткич бўйича ҳар чоракда баҳолаб борилади. Рейтинг баҳолаш тизимини жорий қилишдан кўзланган асосий мақсад кунлик иш фаолияти натижадорлигини ошириш баробарида белгиланган вазифаларни бажариш орқали ойлик ва чораклик кўрсаткичларни ижросини таъминлашга эришилишдан иборат. Натижаларга кўра, ҳар чорак якуни бўйича ҳоким ўринбосарларининг рағбатлантириш ёки интизомий жазо қўлланиши белгиланади.
Ўтган давр мобайнида ҳоким ва ўринбосарлари белгиланган вазифа ва кўрсаткичлар юзасидан биринчи чорак якунлари бўйича Қўқон шаҳри 36,7 балл, Қува тумани эса 36,8 баллни қўлга киритган. Республика миқиёсида тажриба тариқасида белгилаб олинган 12 та туман -шаҳарлар ичида энг паст кўрсаткични ташкил этди. 9 ойлик якуни билан эса улар фаолиятида ижобий ўзгаришлар кузатилиб, Қўқон шаҳри 92,9 балл, Қува тумани эса 91,6 баллни олиб, “яхши” ҳудудлар рўйхатига киритилди. Бундан ташқари, вилоятдаги 4 та сектор раҳбарларининг рейтинг баҳолаш тизими жорий қилинди.
Мазкур семинарда ҳоким ва унинг барча ўринбосарларининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари мезонлари ҳақида маълумотлар берилиб, вазифалар белгилаб олинди. Рейтинг асосида баҳолаш тизими тажриба тариқасида олиб борилаётган ҳудудлар мисолида тушунтирилди.