Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз, бебаҳо маънавий бойлигимиз, таъбир жоиз бўлса – буюк қадриятимиздир!
Аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келганлар. Шу тилда улкан кашфиётлар, бадиий дурдона асарлар яратганлар.
Айни шу кунларда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 31 йиллиги ҳамда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Бугун “ШОДЛИК” ёшлар амфитеатрида “Тил миллат кўзгуси” шиори остида маънавий-маданий тадбир ўтказилди.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан бўлиб ўтган тадбир ёш ижодкорларнинг кўргазмаси билан бошланди. Расмлар, қўл ҳунармандчилик буюмлари кўргазмадан ўрин олган.
Байрам кечасида туман ҳокимлиги, Халқ таълими, Мактабгача таълим бўлимлари, туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси ва бошқа бир қатор жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда туман ҳокими С.Хамроев иштирок этиб, барча тумандошларимизни тарихий сана билан самимий муборакбод этди.
Маънавий-маърифий тадбирда таълим муассасалари ўқувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ва рақсларда, ифодали ёд айтилган шеърларда она тилига меҳр-муҳаббат, Ватанга садоқат туйғулари тараннум этилди.
“Тил миллат кўзгуси” мавзусида бўлиб ўтган маърифий тадбирда туманимиздаги 10-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби оркестри ижросидаги куй-қўшиқлар барчага бирдек манзур бўлди.
Шунингдек, тадбирда “Она тилим – жону дилим!” мавзусида ўтказилган онлайн танлови ғолиб ва совриндорлари туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.