Ассалому алайкум қадрли ёшлар, азиз ўғил-қизларим!
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Сизларни ва сизнинг тимсолингизда барча учқудуқлик ёшларни тобора яқинлашиб келаётган 30 июнь – Ёшлар куни байрами билан самимий муборакбод этаман!
Учқудуқ туманининг ғайрати баланд, интилувчан ўғил-қизларимиз иштирокида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашай-лик!” шиори остида ўтказилган барча тадбирлар ёшларимиз учун етуклик ва ҳақиқий ватанпарварлик кўриги бўлди, десак тўғри бўлади.
Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган умумхалқ ҳаракати сафларида сиз, азиз ёшларимизнинг қудратли куч бўлиб майдонга чиқаётганингиз таҳсинга сазовор, албатта.
Ҳурматли Юртбошимиз ташаббуслари билан бугун ҳаётимизнинг қайси соҳа ва тармоғини олмайлик, ёшларга эътибор ва ғамхўрлик асосий ўринга кўтарилиб, уларга зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Эртамиз эгалари бўлган ёшлар билан ишлашнинг мутлақо янги тизими – “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар дастурлари” ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Олиб борилган амалий ишлар натижасида ўтган 6 ой мобайнида “Ёшлар дафтари”га кирган 87 нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 452 млн. 391 минг сўм маблағ йўналтирилди. 54 нафар талабанинг 169 млн. 687 минг сўм миқдоридаги контракт пули, 6 нафар йигитнинг 36 млн. 903 минг сўм миқдоридаги сафарбарлик чақируви резерви учун белгиланган бадал пуллари тўлаб берилди. 11 нафар ёшларга 73 млн. сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилиб, меҳнат қуроллари олиб берилди.
Шу билан бирга, 28 нафар ўғил-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун, 1,2 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси”даги 6 та лойиҳа доирасида ёшларимиз учун 32 та янги иш ўринлари яратилди.
Қолаверса, туман марказидаги “Олтин кўл”, “Орзу” истироҳат боғи, “КЕLАJАК” ёшлар маркази, IТ маркази ва ўнлаб спорт иношотлари бугун ёшлар ихтиёрига берилган.
Жорий ўқув йилида туманимиздаги умумий ўрта таълим мактаблари, касб-ҳунар мактаби ва саноат техникумини 757 нафар ёшлар тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўймоқда. Шу боис ёшларнинг бандлигини таъминлаш фаолиятимизнинг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади. Бу йўналишда ҳар бир маҳалла кесимида қанча ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, қанчасини иш билан таъминлаш, нечта тадбиркорлик лойиҳасини амалга ошириш белгилаб олинади.
Шунингдек, барча учун таълим кредити имтиёзли шартларда 7 йил муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасида, ажратилади. Бунга қўшимча равишда, таълим кредитларини қоплаш учун йўналтирилган маблағлар даромад солиғидан ҳам озод қилинган.
Бундан ташқари, “Дафтарлар”га кирган оилаларнинг янги турмуш қураётган фарзандларига ўз хонадонида қўшимча уй-жой тиклаб олиши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш тизими йўлга қўйилди.
Қадрли ёшлар!
Бугун шу юксак минбардан туриб, туманимизда ёшликка хос шижоат, жўшқинлик ва орзу-интилишларни амалий ҳаракатга айлантириб, салмоқли натижаларга эришаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этишини таъкидламоқчиман.
Жорий ўқув йилини 392 нафар битирувчи тугатаётган бўлса, уларнинг 143 нафари муддатидан олдин талаба бўлди. 11-синф битирувчиларнинг сафларида 15 нафари олтин медаль, 1 нафари кумуш медаль билан мактабни тамомлаётган ўқувчиларнинг борлиги, зукко ва билимдон фарзандларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Шунингдек, 9-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Альбина Жамаладинова фан олимпидасининг республика босқичида қозоқ тили ва адабиёти фанидан фахрли 2-ўринни эгаллаганлиги туманимизда билимли ва салоҳиятли ёшларнинг кўплигидан далолат беради, албатта!
Фурсатдан фойдаланиб, мактабни олтин ва кумуш медаллар билан тугатаётган битирувчиларнинг ана шундай ютуқларга эришишига катта ҳисса қўшган жонкуяр ота-оналарига, заҳматкаш устоз ва мураббийларига ҳам ўзимнинг самимий миннатдор-чилигимни билдираман.
Шу ўринда туман ёшларининг спортда қўлга киритаётган ютуқларини ҳам эътироф этиб ўтиш ўринли. Куни-кеча Қозоғистон Республикасининг Ақтау шаҳрида самбо бўйича ёшлар, ўсмирлар, кадетлар ва спорт усталари ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли мусобақада туманимиздаги 18-сонли ва 10-сонли мактаб ўқувчилари, “Лочин” спорт мажмуаси тарбияланувчилари Гулина ва Гуласал Облоқулова ҳамда Асал Шавкатовалар 65 кг. вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритишди. Бу муваффақият жорий йил октябрь ойида Кипр давлатида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини беради.
Яна бир эътиборли жиҳат, Гуласал Облоқулованинг спортда эришган ютуқлари инобатга олиниб, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан “спорт устаси” мақоми берилди. Спортчи қизимиз олий таълим муассасасига киришда ижодий имтиҳондан озод этилади ва спорт йўналишида талабаликка қабул қилинади.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Хабарингиз бор, ҳурматли Президентимиз томонидан илгари сурилган “Беш ташаббус олимпиадаси” нинг 2024 йил мавсуми мусобақаларига март ойида старт берилганди. Шу давр мобайнида маҳалла, сектор, туман ҳамда вилоят босқичлари ўтказиб келинмоқда. Ушбу олимпиада доирасида бўлиб ўтаётган беллашувларда Учқудуқ туман ёшлари ҳам фаол иштирок этишмоқда.
Хусусан, олимпиада доирасидаги “Бўзатов-ФЕСТ” ёшлар овози танловининг вилоят босқичида “Дўстлик” маҳалласи ёшларидан Севинч Эшмаматова мақом йўналишида фахрли 1-ўринни эгаллаб, Республика босқичида фаол иштирок этди. Артур Тайирбаев эса опера йўналишида фахрли 3-ўринни, эстрада йўналишида Бақытбек Тoйлибаев фахрли 3-ўринни қўлга киритишди.
Айни кунларда давом этаётган олимпиаданинг вилоят босқичи спорт мусобақларида Учқудуқ ёшлари ҳам фаол иштирок этиб, ўз иқтидорларини намойиш этмоқда.
Азиз ёшлар!
Бутун дунёда глобаллашув жараёни изчил давом этаётган шу синовли кунларда ўз ақл-заковати, мустақил фикри билан ўзининг кимлигини, қандай буюк зотларнинг авлоди эканини чуқур англаб етган, ён-атрофидаги воқеаларга дахлдорлик туйғуси билан яшаётган баркамол ёшларимиз қалбимизга ҳамиша чексиз фахру ифтихор бағишлайди.
Улар сафида бугун бепоён Қизилқум саҳроси бағрида камол топаётган, билим эгаллаётган, биз билан ёнма-ён меҳнат қилаётган шижоатли, матонатли чорвадор-у, кончиларнинг ёш авлод вакиллари ҳам борлиги қувонарлидир.
Зеро, бугун ёнимизда шундай шижоатли ёшлар кўплаб топилади. Ана шундай кўзи ёниб турган, замонавий фикрлайдиган, илм-фан сирларини пухта эгаллаган издошларимиз етишиб келаётганидан ғурурланамиз.
Шу ўринда, эътиборларингизни қуйидаги рақамларга жалб этмоқчиман. Статистик маълумотларга қараганда, ҳозирда дунё аҳолисининг 20 фоизини, жонажон юртимизда эса аҳолининг 60 фоизини, туманимизда эса 63 фоизини ёшлар ташкил этади. Бу ўз-ўзидан Ўзбекистон ҳақиқий ёшлар мамлакати ва улар етакчи куч эканлигини тасдиқлайди.
Бир сўз билан айтганда, юртимизнинг ёрқин келажаги ва халқимизнинг умиду ишончи Сиз қора кўзларимизга боғлиқ. Ўз навбатида, келажагимиз эгалари ҳам яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда, мукаммал билим олиш ва касб-ҳунар эгаллаш, шунингдек, халқимизнинг орзу-истакларини амалий ишлар билан рўёбга чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйишлари лозим.
Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Сизлар том маънода юртимиз истиқболи, ёруғ келажагимиз бунёдкорисиз! Машҳур шоиримиз Эркин Воҳидов айтанидек, ёшликдаги куч-ғайратни эл-юртига бахш этган йигит-қиздан Ватан ҳам, халқ ҳам, ёшликнинг ўзи ҳам рози бўлади”!
Барчангизни ана шундай улкан бахт ва шараф насиб этсин! Ишонаманки, Сиздай шижоатли, ғайратли, ватанпарвар ёшларимиз бор экан, юкимиз ҳеч қачон ерда қолмайди. Кўзлаган юксак марраларимизни дадиллик билан забт этаверамиз!
Азиз ёшлар, Сизларни яна бир бор бугунги байрам - ёшлик, шижоат, куч-қудрат ва матонат айёми билан, чин қалбимдан муборакбод этаман!
Ўқиш ва ишларингизда, оилавий ҳаётингизда улкан муваффа-қияттар тилайман!
Парвозингиз, интилишларингиз бундан ҳам сарбаланд бўлаверсин!
Юртимиз тинч, халқимиз соғ-саломат, эзгу ниятларимиз ижобат бўлсин.
Эътиборингиз учун рахмат!