Туман ҳокими С.Хамроевнинг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами муносабати билан туман аҳлига байрам табриги
Ассалому алайкум муҳтарам устозлар!
Қадрли юртдошлар!
Аввало, барчангизни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами билан самимий муборакбод этаман.
Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчилар эса ҳаётимиз чароғбонларидир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга азиз муаллим ва устозлар таълим ва тарбия беришган.
Халқимизда "Устоз отангдек улуғ", деган пурмаъно нақл бор. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади.
Шунинг учун ҳам Сизлардан таълим ва тарбия олган, ўзини олдингизда умрбод қарздор деб ҳис этадиган барча инсонлар номидан Сизларга ҳар қанча миннатдорлик билдирсак шунча оз. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг "Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди", —деган сўзлари фикри-мизнинг яққол тасдиғидир.
Биз шу қутлуғ айёмни кенг нишонлар эканмиз, сизларнинг ёш авлодга билим беришдек мураккаб, аммо шарафли меҳнатингиз учун барчамиз самимий миннатдорчилик билдиришни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз деб биламиз.
Қадрли устозлар!
Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда - янги Ўзбекистонда барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Ана шу ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Бугунги кунда замон талаби ва халқимизнинг хоҳиш-иродасидан келиб чиққан ҳолда, умумий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик тизимга ўтилиб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари оптималлаштирилди. Учқудуқ саноат техникуми, Учқудуқ касб-ҳунар мактаби ташкил этилиб, мактабгача таълим муассасалари тармоғи кенгайди. Нодавлат таълим хизмати кўрсатиш йўлга қўйилди.
Бугунги кунда Учқудуқ туманида 19 та умумтаълим мактаблари, саноат техникуми, касб-ҳунар мактаби, Болалар мусиқа ва санъат мактаби, Баркамол авлод болалар ижодиёт маркази, Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 15 та давлат МТТ, 9 та оилавий, 2 та давлат-хусусий шерикчилик асосида жами 26 та мактабгача таълим муассасалари мавжуд. Уларда бугунги кунда 1000 нафардан ортиқ фидоий педагог ва мураббийлар фаолият кўрсатиб келмоқда.
Азиз тумандошлар!
Бугунги байрам кунларида фарзандларимизга таълим-тарбия беришда алоҳида ибрат кўрсатаётган туманимиздаги пешқадам касб соҳибларининг ҳар бирини алоҳида ҳурмат-эътибор билан тилга оламиз.
9 – мактабнинг қозоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчилари Рита Аристанова, Алмат Жунисов, 18-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Мақсуда Шамсиева, 10-мактаб ўқитувчиси Гулруҳ Азимова, 20-мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Кадира Ҳамидова, 3-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Ольга Лагутина шулар жумласидандир.
Байрам арафасида учқудуқлик бир гуруҳ таълим фидоийлари Халқ таълими вазирлигининг “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонига сазовор бўлдилар. Улар 7-мактабнинг химия фани ўқитувчиси Наргиза Атоқулова, 18-мактабнинг биология фани ўқитувчиси Дилфуза Мирзаева, 9 – мактабнинг ўзбек тили фани ўқитувчиси Инобат Қурбоновалардир. Шунингдек, 7-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Дилноза Халилова вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Ҳурматли устозлар!
Бундан кейин ҳам фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонамиз.
Сиз борсизки, ҳаётимиз нурафшон, эртанги кунимиз — фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ. Ўзбекистон фарзандлари чеҳрасидаги нур — бу тинчликнинг нури. Озод диёримиздаги ана шу осуда, фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин. Сиз ўқувчи ва талабаларингиз ҳузурига — синф хоналарига ҳамиша чеҳрангизда ишонч ва табассум билан кириб боринг!
Сизларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!