Опажоним Насиба сизни бир бор кўриш учун неча-неча ойларни соғинчларда сарғайиб ўтказардим. Тенгқур қизларга жуда-жуда ҳавасим келарди. Улар ҳар куни эрта тонгда опасининг қўлидан тутганча сочларига оппоқ ленталар тақиб олиб, мактабга борарди. Яна: “Менинг шундай чиройли опам бор” дегандай қараб ҳам қўйишарди.
Мен эса сизнинг келишингизни ойлаб кутардим. Баъзида йилида икки-уч марта, кейинчалик атиги бир марта у ҳам бўлса ёзги таътил вақтида келардингиз. Шунда сиз билан ўтаётган ҳар бир кун мен учун ҳақиқий байрамга айланарди. Ёнингиздан бир қадам ҳам жилмасдим. Оппоқ юзларингиз, қоп-қора узун сочларингизга тўймай термулган кунларимда мендан бахтли инсон йўқ эди.
Жажжи лекин меҳр-муҳаббати осмон қадар кенг юрагимни сеҳрлаб қўйган гўзал чеҳрангизга боқиб дилим яйрар, кўзларим порларди. Ахир менинг ҳам осмоним, меҳрибоним опам бор, дея ғурурланиб боқардим ён-атрофга.
Ҳаммадан ҳам тенгдош қизларнинг ичини ёндириб, опам Тошкент (олийгоҳда ўқийди) дан олиб келган оқ, қизил, кўк ленталарни узун сочларимга тақиб мактабга боришни қанчалар орзу қилганимни билсангиз эди. Ҳу-уув, ўша қизалоқликдаги орзуларим Тошкент билан Бухоро ўртасидаги йўллар бўйида эрта баҳорда унган лолақизғалдоқлар мисол янчилиб армонга айланди.
Фаҳмимча уйга кам келардингиз. Лекин ҳар сафар келганингизда онам-отам билан ичкаридаги хонага кириб кетиб, у ердан соатлаб чиқмасдингиз. Мени у ерга сизнинг ёнингизга киритишмагани учун ҳам ҳали бола қалбим билан ўша ичкари хонани жуда-жуда ёмон кўриб қолгандим.
Ўшанда менинг мурғақ қалбим бўлаётган гап-сўзларни тўлиғича англамаган бўлса-да, мен учун асосийси сизнинг дийдорингиз эди. Йиғидан кўзларингизни қизаришига сабабчи Замир эканлигини тушунмасдим, албатта. Мен ўшанда бор йўғи 7-8 ёшда эдим.
Шаҳар айлангани чиққанимизда Замирнинг бизга эргашиб юрганидан менга музқаймоқ олиб бериб, суратга туширгани ора-сира сизга кулиб қараб нималарнидир пичирлашлари ғашимни келтирарди. Тўғрироғи, сизни нафақат ундан балки бутун оламдан қизғанардим. Сизни ёмонлик нима, ғайирлик нима, муҳаббату хиёнат нелигини ҳали тушуниб улгурмаган миттигина қалбим қўрига яширишни истардим. Ахир сизни ҳаммадан ҳам кўпроқ мен яхши кўрардим...
Нима-нимадир бўлди-ю, Замир билан ораларингиз бузилди. Ғанимларнинг ғайирлигию тили югурикларнинг миш-мишлари сабаб бўлганлигини кейинчалик англадим. Ҳозир ўйлаб қоламан ўрталарингиздаги ҳис-туйғулар ҳақиқий муҳаббат эди-ми?!
Менимча йўқ! Агар унинг кўзлари қабоғидаги ёлқин чин муҳаббат бўлганида арзимас гап-сўзларга изн бермасди. Агар юрак соф беғубор ва ҳақиқий муҳаббатга лиммо-лим бўлганида бунчалик тез ва осон таслим бўлмасди.
Қишлоқ аёлларининг: “Ўқиб шаҳар олиб берарми-ди?!”, деган аччиқ сўзларию муҳаббат, деб топинган қалб туғёнларининг саробга айланиши сизни қишлоқдан уйдан мендан узоқлаштирди...
Балки ўшанда илинадиган хас, суянадиган кас тополмай неча-неча тонгларни йиғлаб қаршилагандирсиз. Ёнингизда бўлишни кўз ёшларингизни митти қўлчаларим билан сидириб ташлаб: “Сиз ҳаммадан яхшисиз!”, демоқликни қанчалар истаганимни билмайсиз, албатта.
Зор-зор йиғлаб сизни соғиниб юрган кунларимнинг бирида уйга нотаниш одамлар келди. Билишимча улар совчилар эди. Янаям мендан узоқлашиб, турмушга чиқиб кетишингизни англаб, уларни янаям ёмон кўриб кетдим. Хайриятки, ота-онам сизни бегона юртларга узатмаслигини айтиб, келган совчиларга рад жавобини беришди.
Билмадим, балки сиз у йигитни ростакамига севиб қолгандирсиз, балки гап-сўзлардан безиб-ми, ҳартугул турмушга чиқибсиз. Буни кейин эшитдик! Ота-онанинг “оқ фотиҳа”сини олмай институт ётоқхонасидан келин бўлиб узатилибсиз.
Буни эшитган нафақат отам балки бутун қариндошлар ғазаб отига минишди. Сизни айбдор қилишди. Онам шўрлик кўзларига ёш олиб зорланди. –Ишқилиб, бахтли бўлса бўлгани, ота уйидан узатилмагани бахтига соя солмаса эди...
Эссиз, сиз ишонган ота-она қавму-қариндошдан кечиб, тана-маломатлардан чўчимай мардим ҳам тахтим ҳам шу, деб этагидан тутган кишининг ҳам муҳаббати яна сароб, туйғулари яна олчоқ бўлиб чиқди, э воҳ...! У ишончингизни бир пул, қалбингиз ойнасини чил-чил синдириб, ижара уйда оввораю сарсон қилиб ташлади кетди.
...Қишнинг аёзи жонингиздан ўтди, ёз чилласи вужудингизни жизғанақ этди. Кун санаб эшик қарадингиз. Бир бурда нонга зор бўлган, дардингизни изҳор қилолмаган кечаларнинг саноғидан адашиб кетдингиз ҳам-ки, ундан дарак бўлмади.
Тўққиз ой ўтиб фарзанд кўрдингиз. Тақдирнинг инъомими ёки шафқатсизлигими ўғлингиз қуйиб қўйгандек, дадасига ўхшарди. Қувончдан қон бўлиб кутдингиз уни, бир дардкаш тополмай тонг бўлиб кутдингиз уни. Чиллали аёлнинг қарғиши ўлдириши оҳи оламни тутишини билсангизда тилларингизни тишлаб, лабларингиздан қон сизиб чидадингиз. Лекин қарғамадингиз!
...Болажон остонага бошини қўйиб, дарвозадан мўралаб сўроқлаганида баҳонасини топдингиз. Зор кутган болакайнинг кўзлари, жисмигина эмас кийим-кечаклари, этикчасию туфличалари йиғлашини билсангизда умидни сўндирмадингиз. Болажонга бир сўз ортиқчаю бири камлигидан “бир ярим”та сўзни топдингиз, юпатдингиз ўрни келганда кулдирдингиз.
Ҳар савол, эсган шамол митти гавдасини тешиб ўтишидан қалбингиз титраб, ўғлингизни овутиб таскин беришга куч-қудрат топдингиз-у, лекин жонингиз ҳалак кўзларингиз илҳақ бўлиб кутавердингиз.
Кутдингиз дўст-ҳамдам кўнгил сўраб келганларида, кутдингиз душман ҳам ошкора қувониб сўрашганида. Аммо, у келмади!. Барибир кутавердингиз. Сизни гумонларда туманларда адаштириб, умидларни кўз ёшларга айлантирган бўлса ҳам кутавердингиз.
Ҳа, ҳалол одамни таъқиб қилиш мумкин, аммо бадном қилиб бўлмайди. Ғийбат оловини алангалатиб, сизни ёлғизлатиб, хиёнат даштларида адаштириб кетган бўлса-да уни кечирдингиз: “Ахир кечириш – иймондандир”, дея ўзни юпатдингиз.
Тошга урилган бошингизни қонини артиб, ҳали 25 ёшдаёқ оқарган сочларингизга дардингизни яшириб, у билан боғлиқ хотираларни юракнинг энг чуқур жойига жойлаб яшадингиз мени ҳам йиғлатиб...
Ўғлим ҳам дардимга далда беролмаяпти. Кўргани кўзим йўқ, уни қандай кечираман, дейсизу оққан шашқатор кўз ёшларингиз уммонига бутун дунё ғарқ бўларлик даражада кўп.
“Унинг сочларини бошқа биров силаса камайиб қоладими”, дейман сизни чалғитиш учун. “Унинг кўзларига бошқа биров термулса, кўзлари қабоғидаги меҳр қорайиб қолдими”, дейман ҳаёлан сизни юпатиш учун. Сиз эса жимсиз! Бир нуқтага термулган кўйи ўтирибсиз, ҳаёлларга берилиб. Ахир сиз хўрланишга эмас, ана шундай куйиклигингиз учун суйилишга, меҳр-муҳаббатга лойиқ эдингиз, аслида.
Ҳа, вақт дардга малҳам дейишади, орадан уч-тўрт йил ҳам ғизиллаб ўтиб кетди. Рўзғор ташвишларини ўйлашга ўзингизда куч ҳафсала тополганингиздан ниҳоятда қувондим. Елка тутадиган елкадошингизнинг ялқовлигидан катта шаҳарнинг катта харажатларига маблағ етказа олмаслигингизни тушуниб, тижорат йўлини танладингиз. Шу кундан бошлаб, не-не машаққатлар чекиб ўқиб олинган диплом сандиқ тубига бутун аудиторияни ҳаяжонга солиб ўқилган дилбар шеърлар юрак қатига жойланди.
Ҳаётда ташвишлару юмушларнинг адоғи йўқ. Уни уддалаш Алпомишдай алпларнинг қаддини букиб қўярди. Лекин сизга толиқиш бегона, оёғингизни зўрға судраб боссангизда дам олиш нималигини билмасдингиз. Ҳаммани ўйлайсизу, ўзингиз ҳақингизда соғлигингиз тўғрисида ўйлашга фурсат.
Сиз эплолмаган ишнинг ўзи йўқ. Савдодан келиб тунда фаррошлик қиласиз, ижара уйнинг ёнгинасида ошхона бўлгувчи эди у ердан икки қоп пиёзни тозалашга оласиз. Туннинг алламаҳалигача қалбингиз тубига яширинган аччиқ дардларни пиёзга қўшиб “артасиз”. Ҳеч кимга айтолмаган армонларингизни аччиқ пиёз кўз ёшларига қўшиб “тўкасиз”, бироз бўлса-да, дилингиз ғуборлари ювилади.
Ана шундай кунларнинг бирида минг бир ҳадик, минг бир истиҳола билан ота уйига қадам қўйдингиз. Сизнинг ташрифингиз мени қувонтиргани билан ота-онамни қариндошларни қувонтиргани ҳаминқадар. Чунки, сиз улар наздида: “Ота-она юзига оёқ қўйган фарзанд”, эдингиз.
Мактабда уйга ошиқардим. Уйда мени жияним Анвар кутарди. У жажжи қўлчаларини чўзиб, қийқириб кулганида бутун олам куларди, гўё!.
Ҳар галгидай мактабдан уйга шошиб келсам, яна йиғлагансиз. Анварнинг кийимчаларини сумга жойлаб, кетишга тахт қилиб қўйибсиз. Юрагим кўнгилсиз воқеа содир бўлганлигини сезади. Кичкина бўлсам-да, шу куни отамга қаттиқ ранжидим.
-Опам ҳеч қаёққа кетмайди, - дея йиғлаганча кичкина сумкачангизни кўрпанинг қатига яшириб қўйдим.
-Ўзи пиширган ош, айланиб ҳам, ўргилиб ҳам ўзи ичсин, - дедилар жаҳл билан.
Мени бағрингизга босиб, узоқ йиғладингиз. Оёқларингизни қаттиқ қучоқлаб, йиғлаб ҳам ялиниб ҳам сизни олиб қололмаслигимни тушундим. Ёшли кўзларим билан аста шивирладим: “Мен бир куни албатта ёнингизга бораман!”. Ва яшириб қўйган жойимдан сумкачангизни чиқариб бердим.
... “Тарақа-тарақ”лаб елиб бораётган поезд сизни мендан узоққа олиб кетаётир. “Поезд рельсларининг овози бунча совуқ бўлмаса”, дейди муштдеккина юрак. Қалбим осмонидаги энг ёруғ юлдузимни мендан тортиб олиб, олислаётган совуқ темир нега бунча шошиласан?! Яна меҳр кўрсатиб меҳрибонлик кўрмаган, суйилишга илҳақ дил хўрланган. Дардига малҳам тополмаган, “ёрим” деб бағрингда хиёнаткор илонни эркалаган манзил сари шошаяпсанми?!
...Опажоним, сизнинг ҳаётингиздаги баъзи бир лавҳаларни қаламга олаяпману юраккинам сув бўлиб кўзларимдан оқаяпти. Қоғоз нам, дилда алам, жоним ҳалак, вужудим жонсарак... Шуларнинг барини унутиш, хотирадан ўчиришнинг иложи бўлса эди.
Пойтахт азимнинг пастдеккина кўримсиз уйида ижарада турасиз. Уй эгаси ҳеч кими йўқ касалманд бир рус аёли. Иш, рўзғор ташвишларидан ортиб шу кампирга ҳам вақт ажратардингиз. Ётиб қолган беморга қарашнинг ўзи бўлмайди. Тагини тозалаш, уст-бошини ювиш, овқатини едириб қўйиш. Хуллас, сон-саноғи йўқ ишлардан толиқсангизда, қария билан гаплашиш унинг дуосини олиш қоронғу дилингизга оз бўлса-да, нур берарди.
-Ҳммм, деди совуқ нигоҳлари балан этагидан тутган инсонингиз. Қайтиб келибдилар-да, сенга ўшанда-ёқ, айтгандим барибир отанг-онанг сени уйларига киритишмайди, - деб мендан бошқа ҳеч кимга керак эмассан. “Сизга керак бўлганимда қадрим бу қадар ер билан яксон бўлмасди. Бу гапларни эшитганимдан кўра, осмон бошимга қулагани яхши эди”, дейсиз дилингизда кечган аламларни тилингизга чиқармай.
Яна ўйланиб қоласиз, наҳотки меҳр-муҳаббатга тўла шеърлар битиб, кафтида эмас кипригининг орасида кўтариб юришини бот-бот такрорлаган инсон шу бўлса?! Қанчон бунчалик бемеҳрлашдик?!
...Мунғайиб, ғарибгина ҳолатингизда осмоним опам, қишда ялонғоч далаларда нимадандир умидвор бўлиб турган етим япроққа ўхшардингиз. Шу лаҳзада узилиб кетмаслик учун беихтиёр Анварнинг бошига эгилдингиз. Ёшли кўзларингизни совуқ сўздан, совуқ нигоҳдан тўнган юзларингизни ўғлингизнинг қуюқ сочлари орасига яширдингиз...
Дунё остин-устун бўлди, шу онда. Ёшлар парда тортган кўзлар ҳеч нарсани кўрмай мункиб кетмаслик учун Анварнинг қуюқ сочларини узоқ ҳидладингиз. Кўксингиздан инграб чиқди - бир оҳ, жон ришталаридан юраги қатидан сас бирди – бир дард...
Илинж йўқ, севинч йўқ яшаш учун, дейди кўнгил! Шу топда Анварнинг жажжи қўллари тафтини сезиб, хайрият шу гўдаккинага кераклигингизни ҳис қилдингиз. Қалбингиз тубида гуллаган муҳаббат боғи кўз ёшларингизга ғарқ бўлган маҳал дилнинг оташ-олов туғёнларини қирғоқлар яширди. Саробга айланган олчоқ муҳаббат бағрингизни тиғлайверди, сиз эса кечиравердингиз.
...Кечириш, аслида у кечирим сўраганмиди?! Йўқ, лекин сиз: “Кечириш, иймондандир, иймон эса кечириш”, дея яшашда давом этдингиз. Ана шундай гоҳ йиғлаб, гоҳ тўлиб яшаётган кунларингизнинг бирида уй эгаси қазо қилди. У вафоти олдидан уйни сизнинг номингизга мерос қилиб қолдираётганини билдирди. Бу сизнинг бағрикенглигингиз мукофоти эди, аслида. Кўримсиз бўлса ҳам ўз бошпанангизга эга бўлганингиздан суюндингиз. Ҳар ҳолда ижара уй излаб овора бўлганингиздан яхшида.
Аслида бир кам дунёми ёки тақдир азалдан пешонангизга нуқул ташвишларни битган экан-ми, қайнота хасталаниб қолди. Унга қарайдиган сиздан бошқа “маъқулроқ” киши бўлмагани учун ҳам қишлоққа кетдингиз. Яна ялқов эрингиз: “Қишлоқда менга иш йўқ, шу ерда қолиб ишлайман”, деган баҳонада Тошкентда қолди.
Тонг саҳарда туриб сигир соғиш, экинга қараш, тандирга ўт қалаб нон пишириш, тўшакка михланиб қолган қайтнотани парваришлаш яна мактабга дарсга улгуриш... Ва, ҳоказо юмушлар ҳеч бир қийинчилик туғдирмайди боиси, ёшликдан бу юмушларнинг барчаси сизга бегона эмасди. Камига эс-ҳушидан айрилган қайнака билан муроса қилиш ҳам қанчалик машаққатли эканлигини тасаввур қиламан.
Ўшанда эндигина университет талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлган кезларим эди. Қишлоқдаги уйингизга сизни кўргани бордим. Ҳали тонг ёришмасидан туман марказидаги мактабга ишга бориш тадоригини кўрасиз. Қизингиз Гавҳар ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган, унга тушгача Анвар қараб туради.
-Унинг ҳеч кимга ёмонлиги йўқ, фақат кўп гапиради. Сен ундан қўрқма, дейсиз менга меҳрибонлик билан. Ахир қўрқмай бўлади-ми?! Кўзлари ола-кула бўлиб, тинмай гапиради, қўрққаним шунчалик эшикни ичидан бекитиб олиб то сиз ишдан келгунча очмадим.
...Турмуш ташвишларига ўралашиб, уй-ҳовли, иш ва касал кишилар ўртасида мокидай қатнайвериб орадан 4-5 йил ҳам ғизиллаб ўтиб кетганини пайқамайсиз. Бу йиллар сочларингизга оппоқ қор бўлиб инди, бу йиллар юрагингизни хасталаб, армону алам, ғийбату хиёнатни қориштириб, дилни яралади. Қалбингизда чандиқ бўлиб қолган оғриқлар ўз ишини қилди. Ҳали 39-40 ёшингиздаёқ тузалмас дардга чалиндингиз.
Ҳаётим ҳамроҳи, фарзандларим отаси, деб билган инсонингиз юошингизга не савдоларни солмади. Унинг хаста отасию эс-ҳуши жойида эмас акасини парваришлаган узундан-узоқ йиллар мобайнида оғирингизга елка тутмади. Камига шаҳардаги ҳовлининг ярмини бировларга пуллади, буни кейинчалик билдингиз-у, бировлар олдида уни мулзам қилмасдан бир оғиз сўз демасдан ҳужжатларга имзо чекдингиз.
-Отам-онам олдидаги фарзандлик бурчимни қайнотам ва қайнакам олдида бажардим, ахир арвоҳ рози, Худо рози, - дея қилган хизматларингиздан мамнун тин оласиз.
...Шаҳарнинг қоқ марказидаги бу кўримсиз уйлар бузилиб барча уй эгаларига кўп қаватли янги уйлардан бериладиган бўлди. Бундан хурсанд бўлиб керакли ҳужжатларни тайёрлашга киришасиз. Бир куни кечқурун дастурхон бошида: “Насии”, дея гап бошлади. Одатда бирор бир ўтинчи бўлса шунақа деб атарди, сизни.
-Бугун жиянларимни кўриб келдим (акаси автоҳалокатда вафот этган), уларни излаб роса овора бўлдим. Ўзиям нақ ярим кун сўраб-сўроқлаб зўрға топдим. Яна бошқа ижара уйга кўчишган экан. Уйдан кеча сен олиб келган қанд-қурус, ун-чойдан олиб бориб бердим, - деганича бир муддат жимиб қолди.
-Яхши қилибсиз, савобга қолибсиз, - дейсиз қовоқларингизни босиб келаётган уйқуни ҳайдаб.
-Яна маслаҳатли гап бор, ахар сен хўп десанг, шу жиянларга бир иложини қилиб бир хонали уй олиб берсак, дегандим.
-Қандай қилиб?! Энди кўзларингизга оғирлик қилаётган уйқу қаёққадир чекинади. Ҳушёр тортасиз, унинг оғзига термуласиз. –Буни иложи бўлса эди, кошки.
Сизнинг жавобингиздан хурсанд бўлиб, унинг лаб-лунжлари шишиб юзига кулгу югурди ва гапга гап улади: –Акамдан қолган жиянлар тўрт нафар онаси билан беш жон. Ҳукумат ҳам анойи эмас бузилаётган бу уйга уларни рўйхатга қўймайди. Буни сўраб билдим, агар хафа бўлмасанг бошқа бир йўл тутсак. Эру-хотин қонуний ажрашса ҳар иккаласига ҳам алоҳида-алоҳида уй берилар экан. Сен рози бўлсанг, биз ҳам шу йўлни тусак, бир хонали ва уч хонали уй олишимиз мумкин.
“Ажралиш”, сўзи қулоғингизга аёз бўлиб, бўрон бўлиб кирди, гўё. Буни сезган у: - Бу фақат қоғоз юзида шунчалик расмиятчилик учун тушун ахир биз барибир эр-хотин бўлиб қолаверамиз. Ишларни ўзимиз хоҳлагандек тугатиб олсак, яна қайтадан қонуний никоҳдан ўтаверамиз, - деди тез-тез гапириб. Шунчалик шошиб гапирдики, агар шу сўзлар тез-тез айтилмаса сиз фикрингиздан қайтиб қоладигандай, эътирозга ўрин қолдирмади.
Барибир дунёда меҳр-оқибат ҳамиша устовор. Шер танасидаги қуввати, одам эса ақли билан қудратли, дейишади-ку сарсон-саргардонликда юрган етим болалар учун ҳам шундай қилсак, бу уларнинг келажагини таъминлаш йўлидаги фидоийлик эмас-ми?! Ўйлайсиз, учқур ҳаёллар тинч қўймайди, сизни.
“Инсон умри югураётган кийик соясида бир лаҳза ўтиришдай гап”, деган экан, донолар. Умр шу қадар қисқа бўлгани ҳолда ўтаётган ҳар бир югурик кунни савобу яхшиликлар билан безаш бизнинг инсоний бурчимиз, эмас-ми?!
Ана шу хулоса ана шу истакни дилга жойлаб, ишга киришдингиз. Ҳаммаси келишилганидек бир маромда кетаётган эди, фақат эрингизнинг “жиянлар” баҳонасида улар онасининг олдига тез-тез бориб туришини ҳисобга олмаганида.
Тонг саҳардан то туннинг алламаҳалигача ижарага олинган тижорат дўконидасиз. Ҳартугул, Анвар ёнингизга кириб қолган, дўкондаги савдо-сотиқни ишониб топширасиз. Бирровга ўтиб, ҳужжатларни йиғасиз керакли идораларга олиб бориб топширасиз. Хуллас, идорама-идора юриб ўз қўлингиз ўз оёғингиз билан никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштирасиз.
Бу пайтда у жиянларини тўққиз қаватли уйнинг тўққизинчи қаватидаги беш хонали уйга кўчириб келганди. Бу ҳақда унинг ўзидан эмас қўшнингиздан эшитдингиз. “Қандай қилиб?!”, дейсиз Мавлуданинг бадқовоқ қисиқ кўзларига қараб.
-Насиба опа, қўшнимиз Саодат холанинг айтишича у уялмай-нетмай ўлган акасининг ўзидан олти ёш катта хотини билан никоҳдан ўтибди. Шунинг учун ҳам уларга беш хонали уй берилибди, - деди бошини сарак-сарак қилганча Мавлуда.
Ана шу лаҳзадан бошлаб ҳаммаси чил-чил синди... Юрак бўшаб қолди. Совуқ сўздан қалб музлади. Кўз ёшларингни тиёлмай қолдинг, оёғинг тагидан ер йўқолди. Ҳавода муаллақ қолдинг!.
...Касалхонада кўз очганингизда Анвар қўлларингизни тутганча йиғлаб ўтирарди. Аввалига тушунмайсиз, кўзлар ён-атрофни хира кўраяпти. Ҳар қанча киприкларингизни кўтариб кўзингизни очишга ҳаракат қилманг барибир буни эплай олмаяпсиз. Энг ёмони кўзингиз, қўлингиз, оёғингиз ҳатто оғзингиз ҳам ўзингизга бўйсўнмаяпти...
Мен бу хабарни эшитибоқ, қўлимдаги беш ойлик гўдагим билан узоқ йўл босиб, ҳузурингизга бордим. Даволовчи врач ёш болам билан узоқ йўл босиб келганим учунгина сизни кўришга рухсат берди. Эгнимга оқ халат илганча палатага кираман кўзларимга ишонмайман.
Кўзингиз юмилган, оппоқ чиройли юзингиз янаям оқариб кетган. Курсини сизга яқинроқ суриб чўккаладим. Бир қўлимни пешонангизга қўйиб иккинчи қўлим билан узун қоп-қора сочларингизни силаяпман-у, қани кўз ёшларим тийилса.
Қўлимнинг иссиқ тафтини сездингизми ёки хасталик енгиб бўлган юрагингизда опалик меҳр-муҳаббати исён қилди-ми, қийналиб бўлса-да кўзингизни очдингиз. Синиқ жилмайиб, - Мен сени кеча кўп чақирдим, нега келмадинг?!, - дейсиз. Шу дақиқалардаги бардошимга тош ҳам чидамас!. Сизга қараб ўзимни тутишга ҳаракат қиламан. Ҳа, демай тузалиб кетишингизни айтаяпману, хаёлимга келган мудҳиш ўйдан қўлларим, лабларим қалтирайди.
Шивирлаб, эшитилар - эшитилмас: -Эсингдами, кичкиналигингда албатта, ёнингизга бораман, дердинг. Омонатимни топшираётганимда сенинг ёнимда бўлишингни Худойимдан сўраяпман, - ниҳоятда қийналиб, тўхтаб-тўхтаб айтаяпсиз, бу совуқ сўзларни.
Сўзлар даҳшатидан қулоқларим шанғиллайди, кўзларим олди бир оқаради, бир қораяди. Чайқалиб курсидан йиқилиб кетишдан зўрға сақлайман ўзимни. Оғиз жуфтлаб нимадир демоқчи бўлиб, кўзингиз қабоғига қарайман. Қорачиқларингиздаги нур милтиллабгина узоқ-узоқларга учиб кетаётгандай хира тортган. – Анвар, Гавҳар сенга омонат, оғир юкни ортиб кетаяпман. Мени кечир!, - дедингиз қон қақшатиб.
Овозимни чиқармаслик учун лабларимни қаттиқ тишладим. Бошингизни мен томонга ўгирмоқчи бўлиб мажолсиз қўзғалдингиз, мен кифтингиздан қучоқлаб ёрдамлашдим. Болишларни тўғирлаб қўйиш учун энгашганимда лабларингиз бир четидан қон сизиб чиқди. Боядан бери мен ҳам бўзлаб юбормаслик учун лабларимни қаттиқ тишлаган эканман, лабларим қонаб эснимдаги оқ халатнинг ёқасига тегиб кетди...
Осмоним – опам! Юрагим чокларини йиртиб-тимдалаб, наҳот мангу уйқуға кетдингиз?! Шу куни аламлар ҳам мен билан қўшилиб, юм-юм йиғлади. Бошингизни мардона кўтариб, юмшоқ тупроқнинг совуқ бағрига боряпсиз, ана. Армонлар...армонлар эса тобутингизни елкалаган куйи оғир айрилиқдан чайқалиб-чайқалиб бораётир.
Ҳовлингиз этагидаги гуллар ҳам мунғайиб қолди. Қорачиқларда қовжираган муҳаббат гулларига роз айтиб бормоқдасиз. Хиёнатдан, алдовдан чарчаган руҳингизни гулларга ўраб, ниҳоят энди тин оласиз.
Ана йўлларингда пешвоз чиқаётир отам, қабрдан кулиб: “...нечун эрта келдинг, болам?”.
...Анвар, Гавҳарнинг йиғисидан бутун борлиқ чайқалгани рост! Онам надоматин, кўзёшин кўриб осмон қорайгани, юлдуз учиб ерга қулагани рост! Менинг оҳларимга юрак куйиб кул бўлди, ахир. Афсус, хиёнату алдовлар дунёси яхшилигу муҳаббат дунёсини янчиб, ер билан яксон қилгани ҳам ҳақиқат.
Аслида дунёни алвон гулларга бурканган ҳолида қабул қилгандингиз, умрингиз эса ёлғонлар ичра поёнига етди, афсус! Биламан, биламан... Шунинг учун ҳам яшагинг келмай қолди алдамчи дунёлар билан.
Муаллифдан: Ушбу мактублар юракда битилганига ҳам 30 йилдан ошди. Шу йиллар давомида ўқиб гувоҳи бўлганингиз – ҳаётий воқеалар дилни яралаб, кўздан ёш бўлиб қуйилиб келаётганди. Қалам учидан тўкилган бу дардлар йиллар бўйи оромимни ўғирлаганди. Сиз азизларга мактубимни ўқитиб, бироз енгиллашдим. Ҳар бир сатрини ҳар бир сўзини юракни йиғлатиб, сиз азиз муштарийларга бўлган меҳримни қўшиб ёздим.
Муаллифга ҳам осон тутманг! Ахир юрак қатидаги ҳар бир сўз сиёҳ билан эмас кўз ёш билан саҳифадан саҳифага кўчиб борди.
Истагим ҳамма инсонлар ота-она, ака-ука, опа-сингил, эру-хотин, қариндош - уруғ, қўни – қўшнилар бир-бирларини авайлаб-асраб меҳру-муҳаббат кўрсатиб яшасинлар. Токай кўнгилхираликлар, жанжаллар, хиёнату алдовлар оқибатида навниҳоллар қаро ер бўлмасин! Умр шу қадар қисқа бўлгани ҳолда жувонмарглар кўпайишига йўл қўйиб бўлмайди, ахир?!.
Бир қўлида бешигу иккинчисида дунёни тутган оналар ҳушёр туринг, пушти паноҳимиз оталар сергак бўлинг, токи бемаҳал бирор юлдуз сўнмасин.
Райҳон ҚОДИРОВА