LOTIN-КИРИЛЛ

СУМАЛАК ПИШМАГАН ЙИЛ  

    Орзигул опа бу йил ҳам сумалак қўяётган экан. Мактабдан қайтаётиб синфдошим Нодирдан бу хабарни эшитдим-да, майдалаб ёғаётган ёмғирдан сумкамни бошимга соябон қилганча уйга қараб чопдим. Шу топда кўз ўнгимда бемор ётган отам намоён бўлди.

    ...Эндигина 56 ёшни қаршилаётган отам йиллаб давом этган оғир хасталик туфайли тўшакка михланиб қолганди. Отам сим кароватда ётган кўйи бизга ҳаёт синовларидан ҳикоятлар сўзлар, биз ака-укалар, опа-сингиллар эса ҳар бир сўзига маҳтал ўтирардик.

   Оиламизда ҳеч биримизнинг кўнглимизга қувонч сиғмас, ҳеч кимнинг юзи кулмас, эрталаб ҳамма иш-ишига ўқишига кетгани билан уйдан чиқишдан олдин отамнинг ёнида дастурхон бошида нонуштамизни аранг ютардик. Суянган тоғимизнинг сўлиб бораётган юзига, нур қочган кўзларига сўзсиз тикилиб қолардик.

    Ҳаммадан уйимизнинг кенжаси менга қийин эди. (Ҳарҳолда мен шундай ўйлардим). Отамнинг хасталиги туфайли бирдан улғайиб қолгандек, эдим.

    -Қизим, мен яхшиман. Дарсингга боравер. Яхши ўқи, бу йил битирувчисан. Имтиҳонларга яхшилаб тайёрлан, ўқишга киришинг керак...

   Отам бу гапларни айтардию, баъзан оғриқ титиб ташлаган вужудидан келаётган ғуссани яширолмай, юзига кўрпани босарди.

   Эрталабки кайфиятингиз кунингизни белгилайди. Мен ҳар тонг шу тарзда уйдан чиқардим.

-Яхши ўқиб келдингми, болам?! – дерди отам дарддан чалғиш учунми, оиланинг кичиги мендан хавотир олибми.

   -Ҳа... – нима десам отамни хурсанд қилишни ўйлардим, аммо тилимга бир сўз келмасди. Бироқ, орзуларга берилиб, отамга дил изҳорларимни, ниятларимни айтгим келарди. Меҳрибоним ҳам худди дилимдагини сезгандек маъюс жилмайганича яна сўрарди.

-Она қизим, мактабни тугатиб, қайси ўқишга кирасан?!

   Деворга суяниб ўтирган жойимдан силжиб, отамнинг ёнига борардим ва иссиқ қўлларини ушлаб олардим.

-Мед. институтга ўқишга кираман. Сизни ўзим даволайман. Ҳовлимизда сумалак пиширамиз. Сиз онамга сумалак қайнатиш учун ўтин ёриб берасиз.

   Мен гапиравераман, онам из-из йиғлайверади. Кўзларини юмиб олган отам: - Энди менинг бўларим, шу... , дейди қийналиб. –Журналист бўламан, дегандинг танлаган йўлингдан чекинма! Китоб ёзсанг, мени ҳам китобингга қўшиб ёз. Ишонаман менинг умрим сен билан узун бўлади.

Ҳа, менинг орзуларим кўп эди ...

   Акам ва онам отамни вилоят марказидаги касалхонага олиб кетишди. Яна отам билан кечқурун қайтиб келишди.

-Ака отам касалхонада қолмади-ми, - сўрайман онамнинг киртайган кўзларига қараб.

   Акам саволимга жавоб беришнинг ўрнига отамни суяб жойига ётқизди-да, ўша кароватга ҳолсиз суяниб ўтирди. Ҳаммамиз акамнинг оғзига тикилдик, у киши лом-мим демай кўзларини бир нуқтага тикканча жим ўтирарди. Гўё, тилдан қолгандек эди. Бу сукунатни охири, онам бузди.

-Болажонларим хавотир олманглар, уйда даволансалар ҳам бўларкан. Дўхтир шундай деди.

   Ана шунда акам бошларини кўтариб, онамга тикилиб қаради-да, сўнг ташқарига чиқиб кетди.

   Ўша кундан кейин акам бутунлай ўзгарди. Ишига ҳам номигагина бориб-келар, туну кун отамнинг ёнидан жилмасди. Лекин биз укалар ва онам отамнинг ёнига йиғилишимиз билан ташқарига чиқиб кетардилар. Худди уйга киришга юраги дов бермаётгандек, ҳовлида айланиб юрарди. Бундай пайтда отам мени ёнига чақириб бағрига босарди.

-Болам, илоҳим бошларинг тошдан бўлсин... Шу йилги сумалакка етсайдим, армоним йўқ эди.

...Бугун қўшнимиз Орзигул опанинг қозонга сумалак солаётганини эшитибоқ, югуриб келганимнинг боиси ҳам шу эди. Сумкамни даҳлизга қўйганча отамнинг ёнига отилиб кирдим.

-Отажон, акажон! – дедим ҳовлиққанча Орзигул опа яна сумалак солаётган экан. Пишиб тайёр бўлиши билан биринчи бўлиб отажон сизга илинаман, дея ният қилганман. Ниятим амалга ошадиган бўлди.

   Акам сўзларимни эшитгач, негадир кўзларини олиб қочди. Юзини қўллари билан яширди. Мен энди жавдираган-ча, онамга қарадим. Во, ажаб! Онамнинг кўзлари жиққа ёш эди.

... Эрта тонгданоқ, биринчилардан бўлиб сумалак олишга боргандим. Орзигул опанинг сумалаги пишган тонг маҳал акамнинг йиғиси қишлоқ осмонини ларзага келтирди. Мен эса қўлимдаги косани ўчоқ бошига улоқтирганча уйга қараб чопдим.

O'qilgan: 384 bora O'zgartirish kiritilgan san'a 09 Apr 2024

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: