Ўшанда қиш эди. Декабрнинг бир сиқим куни тутқич бермай, ўтиб кетадиган кунлар. Бўзрайган булутлар, изғирин, совуқ шамол кайфиятни эзади....
Ишхонадан чиққанимда шомдан ўтган, атроф ғира-шира қоронғиликка чўмган эди. Изғирин одамнинг юз-кўзига совуқ шамолини пуркайди. Қоронғиликданми, ҳорғинликданми жуда дилгир эдим. Бир мен эмас бутун шаҳар одамларини шундай кайфият қамраб олгандек назаримда. Устига-устак ўзим каби асабий, ўзим каби ҳорғин одамлар қатори бекатда бир қанча вақт қолиб кетдим. Юрагим сиқилгандан сиқила бошлади.
Ниҳоят автобусим келди. Шошиб чиқарканман бир аёлнинг қувончдан порлаб турган нигоҳига кўзим тушди. Юзидаги табассуми атрофга гўё офтобдек нур сочарди. Унинг рўпарасидаги ўриндиқда ўтирган йигит мени кўриши билан шошиб ўрнидан турди. Чарчаб турганим учунми, кўнглим кўтарилди. Йигитни дуо қилиб ўриндиққа жойлашарканман, унинг нигоҳларида ҳам ўзгача бир бахтиёрлик чақнаб турганини илғадим. Димоғимга атиргулнинг нафис ифори урилди. Шундагина рўпарамдаги аёл бир даста қип-қизил Голландия атиргулини кўтариб олганини кўрдим. Декабрнинг мана шу изиллаган изғирин кунида қип-қизил атиргуллар кўзимга ўтдек кўринди.
Гулдастанинг арзон эмаслиги атрофдагиларнинг эътиборини тортган, бошқа йўловчилар ҳам мен каби гул кўтарган аёлни синчиклаб кузатишаётган эди. Охори тўкилган, урфдан қолган пальтоси, ювилаверганидан туклари тўкилиб кетган жун рўмоли, оёғидаги ранги униққан этиги аёлнинг ўзига тўқ хонадонинг эрка бекаси эмаслигини “сотиб қўяётган”, қимматбаҳо атиргул эса унинг қўлига тасодифан тушиб қолгандек таассурот уйғотарди. Аёл эса бебаҳо бир неъматга эга бўлгандек, дағаллашган, тарам-тарам ажин босган қўллари билан атиргулни авайлабгина ушлашга уринарди.
Чиптачининг жарангдор товуши ҳаёлимни бўлди.
– Уч кишига, – деди менга жой берган йигитча унга пул узатаркан гул кўтарган аёлга ва унинг ёнида қунишибган турган 15 ёшлардаги қизга ишора қилиб.
Аёл йигитчага меҳр ва виқор билан қараб қўяркан, юз-кўзида ғурурланиш ифодаси балқиди. Табассуми жуда чиройли экан. Қовоқлари остининг бироз кўкариб, керкиб турганидан ичида бир дарди борлигини ҳам билиш қийин эмас. Одатда оғир меҳнат қиладиган, кўп йиғлайдиган ва буйрагини шамоллатиб олган аёлларда шундай белгилар бўлади. Бироқ аёл ўтган кунларининг қийинчиликларини ўйламаётганди. Шундай қаҳратонда бир даста атиргулга эгалик қувончи унинг барча заҳматларини хотирасидан сидириб юборгандек эди шу тобда. Қувончдан порлаб турган кўзлари шодликларини ҳаммага баралла айтгиси келаётганини ошкор этарди. Уни саволга тутгим, гапиртиргим келди:
– Гулингиз жуда чиройли экан.
У ёнимиздаги йигитчага ишора қилиб, ўзгача ғурур билан:
– Ўғлим қўярда-қўймай олиб берди-да, – деди.
– Туғилган кунингизми?
– Йўқ, болам биринчи маошини олган кун!
Аёл бу гапни шу қадар ғурур, шу қадар шукроналик билан айтдики, мен ва атрофда яна уч-тўрт киши йигитчага меҳр билан кўз ташладик. 18-19 ёшлар атрофида, озғингина бўлса-да, чайир кўринади. Эгнида анчайин эски куртка, совуқ бўлишига қарамай оёғига оқ иплари қорайиб, устки чокларининг у ер бу ери сўтилиб кетган крассовка кийиб олибди. Беихтёр қўлларига назар ташладим, териси дағаллашиб, тарам-тарам бўлиб турибди. “Ҳа, осон эмас шекилли унинг иши ҳам”, деган ўй ўтди ҳаёлимдан.
– Устага шогирд тушди, қурилишда ишлашади, – деди аёл фикримни уққандек. – Устаси илгариям беш-олти юз минг сўм бериб турарди, ўтган ойдан яхши маош тайинлади.
– Баракасини берсин. Онасини суюнтирай дебдида, а?
– Нимасини айтасиз, шулар учун яшаб юрибманда, бўлмаса бу дунёнинг дардлари ўмганингизни эзиб ташлаши ҳеч гапмас. Бир ўзимнинг топганим еб-ичишдан ортмасди. Бу ёқда газ, ток дегандек... Яхшиям болаларим қиммат кийим-кечак, телефон-пелефон деб хархаша қиладиганлардан эмас. Дуч келган ишни қилдим. Идиш-товоқ ҳам ювдим, бозорда кўкат-қатиқ ҳам сотдим, бировларнинг ота-онасига тувак ҳам тутдим...
Ҳалидан бери жимгина кетаётган қиз онасини секин туртиб қўйди. Унинг нигоҳларида: “Дуч келган одамга дардингизни дастурхон қилаверасизми”, деган иддао бор эди. Аёл хижолатли жилмайди.
– Тирикчиликнинг айби йўқ, энг муҳими болаларга ҳалол едириб-ичирганингиз кўриниб турибди, иккаласи ҳам бир-биридан ақлли бўлиб ўсишибди, барака топишсин, – дедим.
– Ҳа, сабрнинг таги роҳат деганлари рост экан, мана яхши кунларгаям етдик, – аёл аввал қўлидаги гулларга, кейин ўғлига меҳр билан қараб қўйди. – Болам, “биринчи маошимни олсам сизни бир айлантираман, деган ниятим бор эди”, деб қўярда қўймай кўчага олиб чиқди. Шаҳар айландик, синглисига куртка олиб берди. Яхши кафега олиб кирди...
Ҳалидан бери эътибор қилмаган эканман, янги курткаси бироз униққан шими ва этигига унчалик мос тушмаган бўлса-да, қизга ярашиб турарди. Шу пайт унинг телефони жиринглаб қолди.
– Алло дада, ассолому алайкум, – деди ва онасига қараб афтини буриштириб, пичирлади: – яна ичволибдилар.
Йигитча синглисидан телефонни олди-да,
– Дада, кўчадамиз, боряпмиз, – деди қатъиятли овозда.
Аёлнинг юзига бир муддат мунг чўкди. Ажинлари чуқурлашиб кетди.
– Яхши кунимиз ҳам расво бўлди, – деди қиз норози оҳангда.
– Унақа демагин болам, дадангниям ичи тўла дард. Иш топомаётганидан сиқилиб қоляпти... Мана кўрасан, аканг дадангга суянчиқ бўп турса ҳали ҳаммаси яхши бўлади, – деди аёл.
Бу гапни эшитиб қиз акасига меҳр билан қараб қўйди. Мен эса бекатимга яқинлашаётган эдим. Йиллар давомида “биринчи маошимдан онамни бир суюнтираман”, деган ниятни кўнглига тугиб улғайган, ўзи йиртиқ крассовкада юрган бўлса-да, онасига бир даста атиргул, синглисига янги куртка олиб берган, ширин таомлар билан сийлаб уларга энг бахтиёр кунни ҳадя қилган йигитнинг елкасига қоқиб қўйгим, ҳамма йигитлар сенга ўхшасин болам, дегим келди. Бироқ айтолмадим. Нега дейсизми, одатда ўз уйининг устунига айланганида йигитлар қатъийлашади, салобатли бўлиб қолишади. Ҳали суяги қотмай туриб онаси ва синглисининг суянчиғига айланган бу йигитда ҳам ана шу салобатни кўрдим.
Гул кўтарган аёлга нисбатан кўнглимда бир эҳтиром уйғонди. Турмушнинг барча қийинчиликларига сабр қила-қила бу аёл ўғлининг назарида дунёдаги энг қаҳрамон онага айланган ва ўғлини ҳам синглисининг қаҳрамонига айлантира олган эди. Унинг қувончи тафти қалбимга кўчдими, автобусдан тушганимда декабрнинг изғирини ҳам, атрофни қоплаган зим-зиё тун ҳам кўзимга чиройли кўрина бошлаганди.
Ҳамрохон Мусулмонова