Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,
Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда.
У билан қол танҳо ҳеч бермас озор,
Жонингга юз роҳат беради такрор.
Абдурахмон Жомий.
Шу кунларда Учқудуқ туманида “Ёшлар фестивали” доирасида маънавий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақалари бўлиб ўтмоқда. Ахборот-кутубхона марказида ўтказилган “Китобхон оила” кўрик-танлови ана шундай тадбирлардан биридир.
Танловда 5 та маҳалладан 5 та китобхон оила иштирок этиб, белгиланган Низом шартлари асосида ўзаро беллашдилар. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, "Дўстлик" маҳалласини шаънини ҳимоя қилган Ахметовлар оиласи “Китобхон оила”, “Навоий” маҳалласи иштирокчиси Душановлар оиласи "Ташаббускор оила", "Мустақиллик" маҳалласи иштирокчиси Рашидовлар оиласи "Билимдон оила", "Навоий" маҳалласи иштирокчиси Аллаевлар оиласи "Ижодкор оила", "Айтим" маҳалласи иштирокчиси Исақуловлар оиласи "Тарғиботчи оила" номинацияларида ғолибликни қўлга киритдилар.
Танлов ғолиб ва совриндорларига туман ҳокимининг қимматбаҳо совғалари топширилди.
Ҳа, китоб – туганмас хазина, ундан олган билимларни умрнинг охиригача ҳам сарфлай олмаймиз. Инсоннинг ундан яқин ҳамроҳи, дўсти, маслаҳатчиси йўқ. Негаки, у ақлни пешловчи қайроқдир.
Буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари «Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи», дея таъкидлаган бўлса, соҳибқирон бобомиз Амир Темур «Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир», дея уқтирган.
Ҳазрат Навоийнинг, соҳибқирон Амир Темур ўгитларини бежизга эсламадик. Зеро, фарзандларимиз тарбияси ва камолотида китобхонликнинг ўрни беқиёс. Фарзандларимизнинг баркамол авлод бўлиб вояга етишини истасак, уларда китобга меҳр уйғота олмоғимиз даркор.
Жанагул БУЛЕКБАЕВА,
туман маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари.