LOTIN-КИРИЛЛ

ТУРК СУЛТОНЛАРИ ҚЎЛГА КИРИТА ОЛМАГАН ҚАЛЪАНИ АМИР ТЕМУР САНОҚЛИ КУНЛАРДА ЭГАЛЛАГАН ЭДИ

   Амир Темур Эгей денгизи бўйидаги Измир (қадимги Смирна) шаҳар-қалъасини қамал қилишни бошлади ва уни икки ҳафтага қолмай эгаллади. Ғарбий Анатолиядаги мазкур мустаҳкам шаҳар-қалъа Родос рицарларининг амлоки бўлиб, ўзининг қўл етмас маконда жойлашганлиги сабабли Турк султони Мурод I ва кейинчалик унинг ўғли Боязид I Йилдирим ҳам унга раҳна сололмаган.

   Баланд буржлар билан ўралган ушбу истеҳком бир томондан денгизга бориб тақалар, унинг қуруқликка туташ қисмида кенг хандақ қазилиб, қалин деворлар тикланган эди. Қалъанинг ички бандаргоҳи ҳам бўлиб, зарур пайтда денгиз орқали ёрдам оларди. Бу баён этилаётган воқеа пайтида ҳам унда француз ва италян рицарлари кўп эди.

   Амир Темур дастлаб ўғли Пир Муҳаммадни ва Шайх Нуриддинни рицарлар қалъаси бошлиғи ҳузурига элчи сифатида юборди. Агар рицарлар исломни қабул қилишса, ҳаётлари сақланишига кафолат берди. Қалъа ҳимоячиларининг қатъий рад жавобидан сўнг у шу ерда ҳозир барча лашкарларини қамалга бошлади.

   Таниқли француз тарихчи олими Люсьен Кэрэннинг ёзишича, Измирнинг фатҳ этилиши Амир Темур истеҳкомларни ишғол этишда нақадар катта маҳорат йиққанидан далолат беради: усмонли турклар ўн йиллардан бери қўлга кирита олмаган қалъани у саноқли кунларда эгаллади.

   Амир Темур нақбчилари ишни энг аввало чуқур ҳандақ устига кўприк ясашдан бошлашди, сўнг соқчилар буржлари бузилиб, қалъа деворларига йўл очилди.        Деворларнинг тагларида нақблар қазилиб, уларни ёғоч устунлар, олов, қизиган писта кўмир, совуқ сув ва сирка ёрдамида қулатишга шайлаб қўйдилар.

   Тинмай сирка билан намланиб турилган ёпқичлар нақбчиларни қалъа ҳимоячиларининг тепадан улоқтирилган ўтларидан пана қилиб турди. Аммо қалъа қамалида қўлланган энг ажойиб усул шаҳарнинг денгиз томонидан бутунлай ўраб олган тўсиқ (тўғон) қурилиши бўлди. Бунинг натижасида бирорта ҳам кема на шаҳарга кира олди ва на ундан чиқа олди.

   Люсьен Кэрэннинг қайд этишича, Амир Темур аскарлари ана шу тўсиқдан туриб мислсиз шижоат билан қалъа деворларини буза бошладилар. Уларнинг бу машғулотига халал беришга интилган шаҳар ҳимоячилари устига Амир Темур ёйандозларининг ўқ ёмғири ёғиларди.

   Тайёргарлик ишлари ниҳоясига етгач, Амир Темур қалъа деворлари остидаги нақбларга ўрнатилган устунларга ўт қўйишни буюрди. Деворлар ўпирилгач, бутун қўшин бир бўлиб шаҳарни ишғол қилишга отилди.

O'qilgan: 782 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: