“Ўзбекистондаги 10 мингта мактабнинг 3 мингтасида ошхона йўқ. Мактабгача таълим муассасасида ишлаётганларнинг фақатгина 20 фоизигина олий маълумотли. «Эл-юрт умиди» фонди етарли даражада молиялаштирмаяпти”, дейди «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров.
Алишер Қодиров «Миллий тикланиш» партияси ўзининг «Инсон ўзгармаса, жамият ўзгармайди» деган ғоясидан келиб чиқиб, 2021 йилда айрим масалаларга эътиборни кучайтираётганини маълум қилди.
“10 мингта мактабнинг 3 мингтасида ошхона йўқ. Борларида ҳам, шароит кутилганидан жуда узоқда. Француз педагоги Гуй Жакуин 18 ёшгача бўлган бола организмини порох бочкасига ўхшатади: «...унинг ҳар бир аъзосида соатбай оғриқли ўзгаришлар юз беради. Бу жуда оғир психо-физиологик стрессни юзага келтиради. Бу жараённинг катта қисми мактабда ўтади. Бола бу даврда ҳаётини издан чиқариб юборадиган мантиқсиз қарорлар қабул қилиши шу стресснинг таъсиридир. Бу стрессни самарали озиқлантириш орқали ўсишга хизмат қилдириш керак», деган хулосани беради.
Демак, мактабларимизда майда ҳуқуқбузарликлардан бошлаб, жиноятгача юз бераётганлиги ошхоналар билан боғлиқ.
Таклиф, давлат-хусусий шерикчилик асосида, барча мактабларда ошхоналар фаолияти йўлга қўйиш керак. Кам даромадли иш эканлигидан келиб чиқиб мактаб ошхоналарини юритадиган тадбиркорларга имтиёзлар кўзда тутилиши муҳим”, деб ёзади «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси ўз расмий каналида. Шу ўринда Алишер Қодиров мактабгача таълим муассасаларидаги муаммоларни кўтарган.
«Мактабгача таълим соҳасида кенг қамровли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу жуда яхши, лекин замонавий муассаса бўлса-ю, мазмуни бўлмаса мақсадга эришиб бўлмайди. Бугун боғчаларда ишлаётган педагогларнинг 20 фоизга яқини олий маълумотли, холос. Улар ҳам 1 миллион сўм атрофида маош олишмоқда. Муаммоларга тўла тарбиячини болага меҳр кўрсатишига ишониш қийин.
Боғчада бола агрессив муносабат кўрди дегани 10-15 йилдан кейин жамиятда агрессив кайфият кафолатланади деганидир. Президентимиз томонидан бекорга мактабгача таълимга жиддий эътибор қаратилаётгани йўқ. Чунки, бу давр пойдевор давр. Пойдевор мустаҳкам бўлмаса унинг устига қурилган бино мустаҳкам бўлмайди. Мактабгача таълим тизимини профессионал педагоглар билан таъминлаш ва уларнинг қадрини кўтариш масаласи жиддий ўйланиши керак», деб ёзади Алишер Қодиров.
Шунингдек, Алишер Қодиров «Эл-юрт умиди» фонди етарли даражада молиялаштирилмаётганини айтмоқда. Бу ҳақида у ўзининг расмий каналида қуйидагиларни баён қилмоқда.
“Президент ташаббуси билан ташкил этилган «Эл-юрт умиди» фонди мамлакатимизга қисқа муддатларда савияли кадрларни етказиб бериши керак. Бу фонд етарли молиялаштирилмаяпти. Мисол сифатида Қозоғистоннинг «Бўлажак” фондини келтириш мумкин. Бу фонднинг бюджети 100 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Улар бугунгача 16 мингга яқин сифатли давлат хизматчисини тайёрладилар.
Мамлакатимизни қудратли бўлиши иқтисодий қувватимизни ошириш билан бир қаторда инсон капиталига тикиладиган сармоянинг миқдори ва сифатига ҳам боғлиқ.
Президент томонидан депутатлар билан учрашувда бир гап айтилган эди: “Пулни топамиз. Инвестициялар жалб қиламиз. Иқтисодимиз албатта ривожланади. Лекин меҳнатларни қадрлайдиган авлодни тарбиялай олмасак, қилган ишларимиз беҳудага кетади".