Учқудуқ тумани ҳокими С.Хамроев ҳудудда кексалик гаштини сураётган Иккинчи жаҳон уруши меҳнат фронти қатнашчилари ҳолидан хабар олиб, совғалар улашмоқда.
Бугун ҳам Федорова Бородолина, Исмаилова Улман, Кривенюк Анна каби фахрий онахонлар хонадонида бўлган туман раҳбари яқинлашиб келаётган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами муносабати билан самимий қутлади.
-Дунёда халқлар кўп, урф-одатлар ҳам шунга яраша, аммо инсон қадри-қиммати, унинг манфаати юксак қўйилган юрт ҳамма жойда ҳам топилавермайди, — дейди Иккинчи жаҳон уруши даврида меҳнат фронти қатнашчиси Кривенюк Анна Александровна. — Уруш йилларидаги очарчилигу суронли кунлар ва ўтмишнинг машаққатларини эсласам, бугунги фаровон турмушимизга кўз тегмасин. Яна биз сингари якка-ёлғиз қарияларга ҳукуматимиз, туман ва маҳалламиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва эъзоздан миннатдормиз.
Нуроний онахонлар билан ўтказилган самимий мулоқотларда уларнинг босиб ўтган йўли, ҳаётий тажрибаси ёшларга ибрат эканлиги, халқимиз ҳеч бир ишни кексалар дуоларисиз бошланмаслиги бежизга эмаслиги хусусида сўз борди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.