Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автомалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 4 августдаги ПҚ-4797-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 5 мартда ВМ-122-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом ушбу қарорнинг 1-иловасига мувофиқ тасдиқланганлиги ва 2021 йил 1 апрелдан бошлаб амалга киритилиши:
кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқлаш;
ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш шартлари;
ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилиш ва уни кўриб чиқиш уларни тўлаш тартиби;
ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам учун тўловларни молиялаштириш тартиби белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар ҳар бир маҳалланинг ID идентификация рақами ва ҳудудий чегараси кўрсатилган ягона электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқиши ҳамда жорий этиши ва унинг «Ягона реестр» АТга интеграция қилинишини таъминлаши;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги 2021 йил 1 апрелга қадар ўз ахборот тизимларининг ўзаро интеграциясини таъминлаши;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар барча жисмоний шахсларга ЖШШИР бириктирилишини ҳамда ушбу маълумотларнинг Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг маълумотлар базаси билан интеграция қилинишини тўлиқ якунлаши;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 2021 йил 1 апрелга қадар жисмоний шахсларнинг автотранспорт воситаларини созлиги ёки носозлиги бўйича электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқиб, жорий этиши ва «Ягона реестр» АТ ахборот тизими билан маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиши зарурлиги назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг:
«Ягона реестр» АТни «Development Pathways» ихтисослаштирилган халқаро компаниядан 2021 йилнинг якунига қадар босқичма-босқич беғараз қабул қилиб олиш, кейинчалик унинг техник жиҳатдан фаолиятини таъминлаш ва доимий такомиллаштириб бориш ишлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-ҳисоблаш маркази томонидан амалга оширилиши;
«Ягона реестр» АТ имкониятларини методик жиҳатдан доимий равишда такомиллаштириб бориш ишлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан амалга оширилиши ҳамда «Ягона реестр» АТ белгиланган тартибда тўлиқ қабул қилингандан сўнг Пенсия жамғармаси унинг эгаси ва фойдаланувчиси ҳисобланиши;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам олувчи оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини «Ягона реестр» АТ орқали мунтазам равишда таҳлил қилиб, зарур ҳолларда, оилаларни кам таъминланган деб эътироф этиш мезонларини қайта кўриб чиқиши ва уларга ўзгартириш киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб бориши;
ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам олувчи оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати бўйича ҳудудлар ва туман (шаҳар)лар кесимидаги таҳлиллар асосида ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам учун ажратиладиган бюджет маблағларини ҳудудлар ва туман (шаҳар) маҳаллий бюджетлари кесимида режалаштириш механизмини такомиллаштириши асосий вазифаси этиб белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 апрелдаги 308-сон қарори билан тасдиқланган Сирдарё вилоятининг кам таъминланган оилаларига «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомнинг 48-бандидаги «2020 йил 1 октябргача» сўзлари «2021 йил 1 апрелгача» сўзлари билан алмаштирилишини ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари 2021 йил 1 апрелдан эътиборан ўз кучини йўқотганлигини кўриш мумкин.
Жасур АЛИМОВ,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Учқудуқ туман бўлими бош мутахассиси.