Учқудуқда “Ёшлар дафтари” да бўлган ёшларнинг бандлиги қандай таъминланмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги "Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 132-сонли қарори ижросини таъминлаш, ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар темир дафтари” шакллантирилган.
Ушбу дафтарга 612 нафар 30 ёшгача бўлган учқудуқлик ёшлар киритилган бўлиб, уларнинг 514 нафари ишсиз, 98 нафари ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ёшлардан иборат.
Айни кунларда, Навоий вилояти Марказий банк бош бошқармаси бошлиғи И.Саидов ва "Микрокредитбанк" Навоий вилоят филиали бошқарувчиси Ҳ.Амонов, Учқудуқ туман ҳокими биринчи ўринбосари Ф.Бафоев тумандаги "Аёллар" ва "Ёшлар дафтари"да бӯлган 19 та оилага 105 бош чорва моллари, 9 нафар тикувчилик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган аёлларга тикув машинкасини етказиб беришди.
Амалга оширилган ишлар натижасида шу куннинг ўзида "Алтинтау" ОФЙ, "Мингбулоқ" ОФЙ ҳамда “Кокпатас” МФЙ даги 21 нафар "Ёшлар дафтари" ҳамда 14 нафар "Аёллар дафтари"га тушган фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
-Тикувчиликка қизиқаман. Қўл машинкада оила аъзоларим, фарзандларим, қўни-қўшниларим учун либослар тикиб бераман, - деди “Кокпатас” МФЙ фуқароси Айткул Кушекбаева. – Менга янги замонавий тикув машинкаси берилди, бундан хурсандман. Эндиликда тикиш-бичиш ишларимни турли хил чокда тикадиган машинкада янада чиройли ва бежирим қилиб тикаман.
Учқудуқ туманида хотин-қизлар ва ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш, барча жабҳаларда ўзларининг иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намойиш этишига кенг имкониятлар берилмоқда.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.