Туман ҳокими С.Хамроевнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан туман аҳлига байрам табриги
Ассалому алайкум азиз дўстлар!
Қадрли учқудуқликлар!
Авваламбор, Сиз азизларни бутун туманимиз аҳлини энг улуғ ва энг азиз байрамимиз - Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 29 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.
Бу йил халқимиз ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигини “Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон!” деган бош ғоя остидан байрам қилмоқда.
Ўзбекистон аталмиш шу буюк ватанга халқимизнинг муҳаббатини ифодаловчи бу эзгу сўз ҳар бир хонадонга, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.
Бугун 31 август куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев: “Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас” деган пурмаъно сўзлари истиқлол йилларида босиб ўтган шонли довонларимизга бир назар ташлаб, эртанги кунимизга, куч ва имкониятларимизга бўлган ишончимизни янада орттиради.
Дарҳақиқат, кейинги тўрт йилда мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида амалга оширилган кенг кўламдаги ислоҳотлар, янгиланишлар, энг муҳими уларнинг самараларини халқимиз келажакда эмас айнан бугун ҳар қадамда, ҳар жабҳада ҳис этиб турибди.
Азиз тумандошлар!
Бугунги синовли кунларда туманимиз аҳолиси ҳам ҳамжиҳатликда, бир- бирига елкадош бўлиб, коронавирус пандемияси шароитида ҳам иқтисодий юксалиш сари дадил қадамлар ташланиб, халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлаш борасида кўплаб эзгу ва хайрли ишларга қўл урилди.
Туман ҳокимлиги, секторлар, корхона-ташкилотлар, Навоий КМК ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармаси қолаверса, тумандаги саховатпеша тадиркорлар томонидан апрель-август ойларида “темир датар”га киритилган 1023 нафар оилага 2375 маротаба 1,7 млрд. сўм миқдоридаги маблағ эвазига турли кўмаклар кўрсатилди. 709 нафар фуқаро бандлиги таъминланиб, 861 нафар оила Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг қарорига асосан “темир дафтар” дан чиқарилди.
Шунингдек, 23,9 км. ичимлик сув қувурлари, 0,5 км. иссиқ сув, 0,6 км. электр тармоқлари, 13 та трансформатор реконструкция қилинган. 27 км. узунликдаги газ қувурлари, 11 та газ тақсимлаш пунктлари таъмирланди.
7 млрд. 719 млн. сўм маблағ ҳисобидан 3 км. масофадаги ички йўлларга асфальт, 1 км. қум-шағал аралашма қопламаси билан қопланмоқда. 836 км. масофадаги йўлларни сақлаш ва хизмат кўрсатишга доир олиб борилаётир.
Учқудуқ аҳолисини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш мақсадида
тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилиш ишлари олиб борилаётган 22 та, жами 2000 хонадонли кўп қаватли турар-жой бинолари 2020-2022 йилларда қуриб, фойдаланишга топширишни режалаштирганмиз. Буларнинг барчаси туманимиз аҳолисининг уй-жойга бўлган ҳаётий эҳтиёжларини қондиришда муҳим ўрин тутиши шубҳасиз.
Ҳурматли тумандошлар!
Сабримиз синовдан ўтаётган шу кунларда - пандемия даврида ўз аҳолисининг соғлиғини муҳофаза қилиш – ҳар қайси давлат ва жамият учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга масала саналади. Мамлакатимиз раҳбарияти ўз фуқаролари соғлиғини муҳофаза қилишда, беморларни даволашда неки зарур бўлса барча чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бугунги кунда асосий масала касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш ҳар бир инсон учун ҳам, ҳар бир тиббиёт ходими учун ҳам, давлат учун ҳам самарали ва фойдали эканлиги яққол намоён бўлмоқда. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, профилактик тадбирларни кенг йўлга қўйиш мақсадида “Йўлчилар” овулида тиббиёт муассасаси янгидан қурилиб фойдаланишга топширилмоқда.
Бир вақтнинг ўзида 150 қатновга мўлжалланган қишлоқ оилавий поликлиника 8 млрд. сўм маблағ эвазига бунёд этилмоқда. Туман тиббиёт бирлашмасига бюджет маблағларининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан 546 млн. сўмга ПЦР лабораторияси харид қилинмоқда. 274 млн. сўм маблағ эвазига туман санитария эпидемиология осойишталик маркази омборхонаси қурилмоқда.
Қадрли дўстлар!
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”деб эълон қилинган ушбу йилда Давлат дастурида белгиланган тадбирларнинг ўтган давр мобайнида изчил амалга оширилиши натижасида туманимизда қурилиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида, айниқса иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ривожлантиришда бир қатор ижобий натижаларга эришилди.
Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги ва хизматлар кўрсатиш тармоқларини модернизация қилиш йўли билан 2020 йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари бўйича қиймати 20,8 млрд. сўм бўлган 40 та янги лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 110 та янги иш ўринлари ташкил этилди.
Чунончи, туманимизда биринчи ярим йилликда 0,9 млн. АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар ва хизматлар экспорти амалга оширилди ва бу режага нисбатан 115 фоизни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилнинг январ-август ойларида 286 та кичик бизнес субъектлари фаолияти йўлга қўйилиб, режа 107,6 фоизга бажарилди. Натижада жами тадбиркорлик субъектлари сони 1534 тани ташкил этмоқда.
Азиз учқудуқликлар!
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллик байрамини оила даврасида нишонлаётган барча юртдошларимизни яна бир бор чин қалбдан самимий табриклайман.
Мана шу улуғ айёмда барча ютуқларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган меҳнаткаш, мард ва саховатли, бағрикенг ва олижаноб халқимиз хизматига доимо шаймиз.
Бугун барчамиз нуроний оқсоқоллар, муҳтарам фахрийларимизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр тилаймиз.
Мўътабар, дуогўй онахонларимизга чин юракдан фарзандлик ташаккуримизни билдирамиз.
Хонадонларимиз кўрки ва фариштаси бўлган мунис аёлларимиз доимо соғ-омон, бахтли-саодатли бўлсинлар!
Азму шижоатли ёшларимизнинг, барча фарзандларимизнинг бахту камолини, омадини берсин!
Ватанимизни, халқимизни Яратганнинг ўзи ёмон кўзлардан асрасин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!