LOTIN-КИРИЛЛ

ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИ: йиғлаган подшо, “ГЎРИ АМИР” даги қасам!

31 август – қатағон қурбонлари хотираси  куни муносабати билан  қатағон қурбонлари ҳақидаги  маълумотларни газетхонлар ҳукмига ҳавола этишни лозим деб билдик.

“БИР КИШИ БАҲОНА ЭЛЛИК ОДАМ!”

Бугунги авлод 1937-1938 йилларда,  бундан олдин ва кейинги даврда халқимиз бошига тушган аянчли воқеалар, хўрликларни яхши билмайди. Аммо, аждодлари уларнинг жасорати, бахтсиз тақдирлари ҳақида билиш  ва бугунни кўриб, шукрона айтишга авлодлар ҳақли.

ХХ асрнинг 20 – йилларида  ўрнатилган “қизил салтанат” халқимиз тақдири большевикларнинг қўлига ўтган давр чор ҳокимияти  пайтдагидан юз чандон оғир ва аянчли кечди. Чор ҳокимияти кўтарилган қўзғолонлар раҳбарларини, фаолларини қатл этган, сургун қилган бўлса, большевиклар Ўзбекистоннинг келажаги учун курашадиган, жон куйдирадиган ҳурриятпарвар, зиёли шахсларнинг ҳаммасини йўқ қилишга уринди. Энг ачинарлиси, қатағонга учраган одамнинг ортидан қариндоши, касбдоши, яқинлари ҳам ҳибсга олинди. Бир киши баҳона камида  элликта одам йўқ қилинган. Бу ўзбек зиёлиларига келган қирғин деса ҳам бўлади.

“МЕН ҚУЛМАН, ОНА!”

Буни биргина Файзулла Хўжаев тимсолида кўриш мумкин. У аввалига Бухоро  Халқ  Совет Республикаси нозирлари советининг раиси лавозимида ишлайди. Кейин мамлакатимиз раҳбари бўлган. Файзулла Хўжаев ўз фаолияти давомида  мустақил сиёсат юргизишга, Россия ва хорижий давлатлар билан тенг ҳуқуқли алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилган. У ўзбек халқининг фарзандлари илм олиши йўлида анча ишларни амалга оширади. Талабаларни хориж мамлакатларига жўнатиб ўқитиш ташаббускорларидан бўлган.

У кишининг дўстларини, яқинларини уйига чақириб, кўнгил ёзиб турадиган одати бор экан. Албатта бундай давра созанда ва хонандаларсиз ўтмаган. Ана шундай йиғинларнинг бирига биринчи Туркистон халқ  ҳофизи  Муҳиддин Қориёқубовни ҳам таклиф этишади. Ҳофизимиз даврада Фитрат сўзига басталанган қўшиқни куйлайди. Биласиз Фитратнинг шеърлари қалбни жунбушга келтирарди:

“Онам! Сени қутқармоқ учун  жонми керакдур?

Номусми, виждон била иймонми керакдур?

Темур ила Чингиз қони тошди – томиримда.

Айтгил, сени қутқармоқ учун қонми, керакдур?!”

Мана шу  каби шеърларидан бирига  Муҳиддин Қориёқубовнинг  ўзи мусиқа басталаб, ҳамманинг олдида куйлаган. Қўшиқни эшитиб, Файзулла Хўжаев кутилмаганда йиғлаб юборади. Ҳамма лол, ҳайратда! У кишининг овозидан бошқа хонада ўтирган онаси югуриб келади.

-Болам, нега йиғлаяпсан? Ахир сен подшосан-ку! Подшолар ҳам йиғлайдими? – дейди онаси ҳайрон бўлиб.

Шунда Файзулла Хўжаевнинг юрагидан дарди отилиб чиқади.

-Она мен подшо эмасман, мен Москванинг қулиман. Она, сен подшо эмас, қулни дунёга келтирган экансан. Мен қулман, она! Қулман!!!

Мана давлат арбобининг, ўзбекнинг жонкуяр фарзандининг дарди ўкинчи.

Файзулла Хўжаев  1937 йилда  Москвада қамоққа олинади. Суд тахминан 1938 йил 3-16 март оралиғида бўлиб ўтади. Суд ҳужжатларида унинг: “Биз Ўзбекистонни мустақил давлат сифатида ажратиб олмоқчи эдик” дегани айтилган. Аммо маълумки, у кишида бунинг учун етарли куч-қудрат йўқ эди. Бунақа дейиши мумкин эмасди. Бу гапларни айттириш учун НКВД нинг ходимлари қандай қийноқларга солган? Энг алам қиладигани, ўша пайтдаги НКВД нинг қамоққа оладиган ходимлари ўрта мактабни ҳам битирмаган, чаласавод кишилар бўлган. Улар ўзларидан минг чандон илмли, маданиятли давлат арбобларини, адибларни, уламоларни  уриб ҳақоратлаб,   хўрлайверган.

Шундай қилиб Файзулла Хўжаев “ўнг троцкийчи блок”ка қўшилганлик, босмачилик ҳаракатини қўллаб-қувватлаганлик, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий ва бошқа ўзбек зиёлиларига ғамхўрлик кўрсатганликда айбланиб, отишга ҳукм қилинган.

 

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

 

 

O'qilgan: 861 bora
Buni ham o'qing: 1 »

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: