LOTIN-КИРИЛЛ

КОНЧИЛАР СУЛОЛАСИНИНГ ДАВОМЧИСИ

     Баъзи одамлар бор — шовқинсиз, ҳеч нарса даъво қилмасдан ўз ўрнида, ўз ҳаётида яшайди. Ҳаёт юкларини елкасида, масъулиятни эса юракда кўтариб. Учқун Ахатов ана шундай сокин инсонлардан.
     Унинг ҳаётида буюк манзаралар йўқ, аммо ҳар бир куни — оддий, лекин мазмунли. Тонгги сменами ёки туни билан давом этадиган иш соатлари бўладими тинимсиз давом этадиган технологиялар, зинапоялар, қуюлтиргичлар, комбинат ҳавоси — ҳаммаси унинг кундалик ҳаётининг бир қисмидир. Лекин айнан шу оддий ҳаёт ортида ўзига хос барқарорлик мавжуд.
Навоий вилояти, Қизилтепа туманида 1985 йили туғилган Учқун Ахатов - ҳаёт йўлини меҳнат ва ҳалоллик билан ёзаётган кўплаб учқудуқликларнинг бири. Оилада 5 нафар фарзанддан бири бўлган Учқуннинг тақдиридаги бир тасодиф шундаки — оиланинг барча аъзоси турли вақтларда комбинат тизимида меҳнат қилган. Бу гўёки эл хизматини меросдек қабул қилган авлоднинг ҳаётий ҳикоясидир.
     Унинг отаси — Умар Ахатов, темир йўл станциясида ишлаган бўлса, онаси эса марказий КИПиАда фаолият юритган. Бугун нафақа гаштини сураётган бу меҳнаткаш ота-онанинг фарзандлари ҳам улар ишининг давомчилари.
Ахатовлар 1980 йилдан бери Учқудуқда истиқомат қилади. Учқун ҳам ана шу муҳитда камол топди. Туманимиздаги 7-мактабда таълим олди. Акаси бугунги кунда Навоий машинасозлик заводида масъулиятли лавозимда ишлаётган бўлса, синглиси ва укаси эса у ишлайдиган 3-ГМЗ да фаолият кўрсатмоқда. Бундай оилавий меҳнат анъанаси инсонда масъулият туйғусини шакллантирмай қолмайди, албатта.
      Учқун Ахатов тумандаги Кончилик касб-ҳунар коллежини тугатгач қуюлтириш, саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва реагентлар тайёрлаш цехида аппаратчи-гидрометаллург сифатида иш бошлади. Шунга ҳам оз эмас кўп эмас 22 йил бўлибди. Бугун у цехнинг энг яхши аппаратчи-гидрометаллург мутахассиси.
Айбек Онгарбаев, Меҳриқул Абдукаримов, Абдували Низомиддинов, Абдурахмон Ўринов каби устозлардан билим олган тажриба тўплаган қаҳрамонимиз бугун ўзи ҳам устоз мақомида! Кўплаб салоҳиятли шогирдларидан бири Жасур Бердиев ҳозирда Нуротадаги Пистали кони бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда.
Оила меҳр ва тарбия маскани. Турмуш ўртоғи Ҳилола Муйдинова уй бекаси. Уч фарзанднинг онаси. Катта қизи Ҳуснигул 11-синф ўқувчиси, тарих фанини яхши кўради. Келажакда юрист бўлишни мақсад қилган. Кичиклари Маржона ва Умиджон 20-мактабда таълим олишмоқда.
     Учқун Ахатов каби ортиқча мақтовларсиз, юрт равнақи учун меҳнат қилаётган оддий инсонлар ҳақида саҳифаларимизда ҳикоя қилишга арзийди, албатта.

O'qilgan: 10 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: