2025 йил 1 мартдан Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида, 1 октябрга қадар эса республиканинг қолган ҳудудларида 3–18 ёшли ногирон болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати босқичма-босқич жорий этилади.
2025 йил 1 мартдан кундузги парвариш хизмати кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш тартиби жорий этилади.
Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 3–7 ёшли бола учун ҳар кунига — БҲМнинг 25 фоизи, 7–18 ёшли бола учун — 27 фоизи миқдорида субсидия берилади. Вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарларида 1,1 коэффициент қўлланади.
Камбағал оилалар болалари учун белгиланган субсидиянинг 30 фоизи миқдорида қўшимча тўлов ажратилади.
Парвариш марказидан 3 км ортиқ масофада яшовчи болаларнинг қатнови хусусий шерик томонидан таъминланганда, ҳар ой учун БҲМнинг 75 фоизигача компенсация тўланади.
2027 йил 1 июлга қадар кундузги парвариш хизматини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига давлат-хусусий шериклик доирасида мебель ва жиҳозлар хариди учун Марказий банк асосий ставкасида имтиёзли кредитлар берилади.