Кўпчилигимиз энергетика атамасига дуч келганимизда, айнан электр энергияси бўйича хизмат кўрсатувчи ходимларни тасаввур қиламиз. Бироқ, бу соҳа нафақат электр энергиясини, балки иссиқлик энергияси ва бошқа қувват ресурслари ишлаб чиқаришни ҳам ўз ичига олади.
Энергетика соҳаси ҳақида гап кетганда, Шимолий кон бошқармаси 3-гидрометаллургия заводининг энергетика хизмати фаолияти ҳақида тўхталиб ўтсак, фойдадан ҳоли бўлмайди.
Завод энергетика хизматининг асосий вазифаси ишлаб чиқаришни узлуксиз барча турдаги энергия ресурслари: электр энергияси, иссиқлик энергияси ва сув билан таъминлаш. Электр қурилмаларини тўғри техник бошқариш, режали огоҳлантирувчи таъмир ишларини ва тўхтовсиз ишлашини ташкиллаштиришдан иборат. Технологик қурилмаларни ишга тушириш ва электр энергияси билан таъминлаш учун 7 та юқори кучланишли тарқатиш пункти ва 39 та трансформатор подстанциялари бўлиб, жами қуввати 100 МВтдан ортиқни ташкил этади.
Дунёда етакчи ҳисобланган “SIEMENS”, "АББ", "WЕГ", "КЕБ" сингари фирмаларнинг электр қурилма ва ускуналари асосида ишловчи завод энергетика хизмати мутахассисларига замонавий жиҳозларни ўзлаштиришдай муҳим иш юклатилган. Ўз-ўзидан аёнки, бу вазифани бажаришда мутахассислардан юқори малака ва билим талаб этилади.
Дарҳақиқат, олтин заводни электр энергияси билан узлуксиз таъминланиши, ишлаб чиқаришда бир дақиқа бўлсин узилишларнинг йўқлиги соҳа жонкуярлари ўз ишининг нечоғлиги устаси эканлигидан далолат бериб турибди.
Бугунги кунда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, қайта тикланувчан энергия манбааларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Шу боис, корхона ҳудудида қуввати 1 МВт бўлган қуёш электр станция ишга туширилди. Бу эса йилига 1 491 780 кВт.с. электр энергиясини тежашга имкон беради. Бошқача айтганда, бир ойда 150 квт энергия истеъмол қиладиган 900 дан ортиқ хонадоннинг 1 йиллик электр энергияси қийматига тенг.
Саноат чиқиндилари хўжалигини иссиқ сув билан таъминлаш учун 5 дона қуёш гелио қурилмаси ўрнатилган бўлиб, йилига 12 665 кВт.с. электр энергиясини иқтисод қилишга эришилмоқда. Қиёслаш учун айтадиган бўлсак, бу 10 дан ортиқ хонадонни бир йил мобайнида иссиқлик билан таъминлаш учун кетадиган энергия сарфига тенгдир.
Завод энергетика хизмати раҳбари Фахриддин Буриев бошчилигида бу ерда меҳнат қилиб келаётган 150 дан ортиқ муҳандис-техник ва ишчи-ходимлар эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмай, доимий изланишда. Бош энергетик ўринбосари Қ.А. Холматов, электротехника участкаси бошлиғи Д.К. Исаков, йирик майдалаш цехи энергетиги Ж.А.Хакимов, майдалаш цехи энергетиги Р.Ю Шодмонов, биооксидлаш цехи энергетиги Қ.М.Тилавов, филтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи энергетиги Э.А. Абдуллаев, электротехника участкаси электр-газ пайвандчиси А. Абдираманов ҳамда қуюлтириш, саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва реагентлар тайёрлаш цехи электромонтёри Г.А. Қурбоновларнинг кўп йиллик самарали меҳнатларини эътироф этиш ўринли!.
Ҳаётининг ҳар сонияси хавф остида бўлса-да, элу-юрт фаровонлиги йўлида туну-кун меҳнат қилаётган барча соҳа ходимларига ишингиз хавфсиз, таъминотингиз узлуксиз бўлсин, деймиз!
Дилором САЛИМОВА,